СЕСАРКА ЖЎЖАЛАРИНИ ЎСТИРИШ

Ўстириш технологияси товуқ жўжаларини боқишдан катта фарқ қилмайди. Инкубатордан чиққан бир суткалик сесарка жўжалари учун хона ҳарорати 29°C иссиқликда бўлиши керак, 10 кунлик бўлганида сўнг ҳарорат аста секинлик билан пасайтириб борилади ва 20–25 кунлигида 22°C, 15 кунлигидан то 40–45 кунликкача 20–18°C, 45 дан 60 кунликкача 16–14°C иссиқ бўлишини таъминлаш лозим. Ҳавонинг намлиги эса 60–70% атрофида сақланиши керак. Бир кунлигидан бошлаб 10 кун давомида ҳар 2 соатда озиқлантириб турилади. Кейин озиқлантириш сони аста-секин камайтириб борилиб, жўжа бир ойлик бўлганда уч мартага туширилади. Бир суткалигидан 10 кунликкача ҳар бир жўжага кунига, 1,5–2 г пишириб пўстидан тозаланган
ва майдаланган тухум массаси, 6–7 г тариқ, 6–10 г жўжалар учун тайёрланган омихта ем, 1 г гидролиз
ачитқиси, 2 г майдаланган барра беда ёки 1 г оқсил ва витаминли беда уни, 6 г янги обрат ёки табиий сигир сути берилади. Уч кунлигидан бошлаб алоҳида идишларга солиб майдаланган чиғаноқ, майда шағал қўйилиши керак. 10 дан 20 кунликкача 18 г омихта ем, 10 г тариқ, 2 г кепак, 1 г гидролиз усули билан тайёрланган ачитқи, 5 г обрат ёки сут, 6 г яхши сифатли творог, 0,5 г балиқ мойи, 5 г майдаланган ҳўл беда ёки 2–2,5 г беда уни, 0,5 г майдаланган чиғаноқ берилади. Ҳар бир жўжага 1 г ҳисобидан майда шағал қўйилиши лозим. 21 дан 30 кунликкача 25 г омихта ем, 12 г тариқ, 1 г гидролиз ачитқиси, 7 г буғдой кепаги, 10 г ёки янги обрат, 3 г пишириб майдаланган балиқ қиймаси ёки 2 г балиқ уни, 1 г балиқ мойи, 15 г майдаланган хўл беда ёки барра йўнғичқа уни берилади. Жўжалар бир ойлик бўлгандан сўнг озиқ рационлари 31 кунликдан 60 кунликкача, 61 дан 90, 91 дан 120, 121 дан 150, 151 дан 180 кунликкача
қилиб тузилади. Агар 150 кунликдан бошлаб катта ёшдаги сесаркалар гуруҳига ўтказилса, у ҳолда 51 кунлигидан уларга катта ёшдаги тухум қиладиган товуқларни  боқиш учун тайёрланадиган омихта ем билан озиқлантириш мумкин.

Сесарка жўжалари анча нимжон ва асраш шароитларига талабчан бўлади. Шу сабабли жўжа ўстиришга қаратилган барча технологик жараёнларни қоидали равишда ташкил этиш билан биргаликда озиқнинг сифатига ҳам эътибор бериш лозим. Агар хўжаликда уйғунлаштирилган турда озиқлантириш қўлланилса, ҳар сарф озиқлантириш учун янги озиқ тайёрланиши керак. Бунинг устига бир марта қориб тайёрланган ем иккинчи марта тарқатишга қолдирилмайди. Чунки ем таркибида ачитқи бор. У қорилган емни тез ачитади. Натижада тана жисми учун зарарли кислоталар ҳосил бўлади. Витаминлар емирилади ва йўқола бошлайди, замбуруғлар пайдо бўла бошлайди. Бундай емни еган парранданинг ичи ўтади, касалликларга чалинади, нимжон бўлиб, ўсишдан тўхтайди. Майда жўжалар асралиб турган катак ёки хона ичига сув новлари ўрнатилган бўлиши керак. Новчалардан доимий равишда тоза сув оқизиб қўйилган бўлиши лозим. Айни шароитни ташкил қилишнинг иложи бўлмаган ҳолда, сувни тоза қилиб ювилган чинни ёки сопол идишларга қуйиб қўйилади. Озиқ тарқатиб бериш учун эса товуқ жўжаларини озиқлантиришда қўлланиладиган охурчалардан фойдаланиш мумкин.

Сесарка жўжаларига ҳафтада бир марта марганцовка (калий перманганат кристаллари) эритилган сув бериб туриш лозим. Бу эритма нимранг қилиб тайёрланиши керак. Тўқ рангли эритма бериш ярамайди. Тайёрланган эритмани парранда олдига қўйиш учун шишадан ишланган чинни, керамика идишларга қуйилади. Бу эритма парранда олдида 2 соат туради. Шу вақт ичида паррандалар марганцовкали сув билан таъминланиб туради. Белгиланган соатдан сўнг эритма тўкиб ташланиб, идишларга
яна тоза сув қуйилади. Марганцовка жўжанинг ичи бузилиши ҳолатларини ва бўлажак ич касалликларини
бартараф этади. Шунингдек, бу элемент вужудда модда алмашиниш жараёнини тартибга солиб туриш учун ҳам керак.
Сесарка жўжаларини ўстиришда зоотехника, ветеринария қоидаларининг барчасига риоя қилиниб, озиқ моддаларга бўлган талабларини тўла қондириб боқилса, улар соғлом ўсади ва 80–100% сақланиб қолади. Гўштга тошпириш учун мўлжалланган сесаркалар 60 кунлигидан бошлаб 15–20 кун давомида жадал боқилади, 75–80, узоғи билан 100 кунлик сесаркалар гўшт учун этилади. Гўштга сўйиш учун уларнинг ўртача тирик вазни 950–980 г дан кам бўлмаслиги керак.
Бройлер сесаркаларга жўжалар учун тайёрланган омихта ем, кўк беда уни, ёзда эса майдаланган ҳўл
беда, балиқ уни, гўшт қиймаси ёки хом балиқ, гўшт унлари, хамиртуруш ёки гидролиз ачитқиси, техникавий ёғ берилади. Техникавий ёғни инкубатсион тухум берувчи товуқ тўдаларини янгилаш мақсадида ўстирилаётган жўжаларга бериш учун белгиланган меъёр бўйича боқиш мумкин, талабини қондириб боқилганда бройлер сесаркалар 1 кг қўшимча вазн учун 5,7–7,4 озиқ бирлиги сарфлайди.
  Маълумот кўчирилса манба: http://tadbirkor-fermer.uz деб кўрсатилиши шарт.