Асаларичилик қаерда ривожланган?

Асаларичилик – қишлоқ хўжалигининг тармоқларидан бири бўлиб, асалариларни асал, мум ва бошқа маҳсулотлар (асалари сути, асалари елими, асалари заҳари ва бошқалар) олиш, шунингдек қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш учун уларни чанглатиш мақсадларида боқишдир.

Испаниядаги Аран ғоридан топилган археологик маълумотларга кўра асаларичилик милоддан аввалги 10-5-минг йилликларда ҳам мавжуд бўлган деган тахминлар бор. “Таврот”, “Библия” каби диний китобларда ҳам асаларичилик тўғрисида маълумотлар келтирилади.

Асаларичилик тарихида бир неча босқичлар бўлган. Дастлаб одамлар асални ўрмон ва тоғларда дарахтларнинг коваклари, тошлар ёриқлари, ғорларга уя қўйган асаларилардан олганлар. Бундай асаларичилик теримчилик ва овчиликнинг бир тури ҳисобланган. 1814 йилда рус асаларичиси П. И. Прокопович ромли асалари қутисини, 1865 йилда чех асаларичиси Ф. Грушка асал ажратгични кашф этиши билан кўпгина мамлакатларда асаларичилик сердаромад тармоққа айланди. 20-асрнинг 20-йилларидан махсус асаларичилик хўжаликлари пайдо бўлди.

Асаларичилик ер юзасининг барча қитъаларида тарқалган. БМТ маълумотларига кўра 1970-йиллар бошида жаҳонда 40 млн. га яқин асалари уя (оилалари) мавжуд бўлган. Жаҳон мамлакатларида асаларичилик асосан 3 йўналишда ривожланмоқда:

асал олиш;
экинларни чанглатиш;
бошқа хўжаликларга тарқатиш учун энг яхши асалари зотларининг она арисини етиштириш (она асалари етиштирувчи хўжаликлар) ва асалари оилаларини кўпайтириш.
Асаларичилик Россия, Украина, АҚШ, Мексика, Туркия, Францийада айниқса, ривожланган. 1887-йилда тузилган “Апимондия” Халқаро асаларичилик ташкилоти асаларичилар ўртасида халқаро алоқаларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб келмоқда. Бу ташкилот асаларичиликга бағишланган симпозиумлар, конгресслар, кўргазмалар ўтказади. 1966-йилдан махсус халқаро “Апиаcта” журнали нашр этади.

Ўзбекистонда асаларичилик маҳсулотлари қадимдан озиқ-овқат ва дори-дармон сифатида маълум бўлсада, асалариларни қутиларда боқиш 19-асрнинг 2-ярмидан бошланган. Туркистонга дастлабки асалари оилалари 1841-йилда Қозоғистоннинг Семипалатинск вилоятидан келтирилган.

19-асрнинг 2-ярмида Туркистонга ўрта рус асалариси, кавказ кулранг тоғ асалариси, украин дашт асалариси ва бошқалар олиб келинган ва Ўзбекистонда биологияси ҳамда фойдали хўжалик белгилари билан аждодларидан фарқ қиладиган асаларилар популяцияси вужудга келди.

Ўзбекистон Республикасида 154 минг асалари оиласи (кутиси) бор. Ихтисослаштирилган асаларичилик хўжаликлари ташкил этилган. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимида 48 асаларичилик хўжалиги (88 минг асалари оиласи), шу жумладан, “Асал” уюшмаси (1975-96 йилларда республика ИИБ) бор (1998). Республикадаги ўрмон хўжалиги корхоналарида, “Ўзмевасабзавотузумсаноатхолдинг” компанияси таркибида ҳам асаларичилик хўжаликлари бор. Асаларичилик билан 20-50 (90%) ёки 50-150 (10%) қути асалариси бўлган хусусий асалчилар ҳам шуғулланади. Мавсумда икки марта – май-июн (баҳорги) ва август-сентябрда (ёзги) асал олинади. 1996 йилда 17,1 минг т асал, 187 т мумларда тайёрланди. Республикада йилига 20 минг т дан кўпроқ асал тайёрлаш имкониятлари бор. Асаларилар асосан кўчма усулда боқилади.

Асаларилардан қишлоқ хўжалиги экинларини (ғўза, маҳсар, каноп, уруғлик беда ва бошқаларни) чанглатишда фойдаланилади. Асаларилар билан чанглатиш ғўза ҳосилдорлигини ўртача 5,1-5,9 с/га ошириши аниқланган.