Асаларичилик фермер хўжаликларининг бизнес режасини тузиш

Ҳозирги шароитда ҳар бир хўжаликнинг самарали фаолият кўрсатиши, иқтисодий жиҳатдан мустаҳкам хўжаликка айланиши, энг аввало, хўжалик бизнес режасининг оқилона ишлаб чиқилганлигига боғлиқ.

Бизнес кўп маъноли атама бўлиб, муайян натижаларга эришишга йўналтирилган иқтисодий тадбиркорлик фаолиятини акс эттиради. Шу муносабат билан, иқтисодиётни эркинлаштириш шароитларида корхонанинг фаолият бизнес режасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ. Бизнес режада асаларичилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш режаси, асалариларни озиқлантириш, парвариш қилиш билан боғлиқ барча сарф-харажатларни аниқ ҳисоб-китоб қилиш билан бирга, ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг қандай нархда ва қайси бозорда (ички ёки ташқи) сотилишини билиш лозим.

Бизнес режанинг муваффақиятли бажарилишини таъминлайдиган муҳим шарт-шароитлардан бири унинг ижросини текширишдир. Режа ўз-ўзидан амалга ошавермайди. Хўжаликнинг истиқболли ва жорий

режаларини амалга ошириш учун оқилона иш юритиш лозим. Режалаштириш уни тузишдангина иборат деб ўйлаш нотўғри. Аслида эса, режани тузиш режалаштиришнинг бошланишидир. Асосий режани бошқариш эса режа тузиб бўлинганидан кейингина жойларда бу режанинг қандай бажарилаётганлигини назорат қилиш, ишлаб чиқаришда унинг қандай амалга оширилаётганлигини текшириб бориш, унга айрим тузатишлар киритиш, ишлаб чиқаришнинг режа тузилган йилга хос бўлган шароитларини ҳисобга олиш жараёнида олиб борилади.

Бизнес режада кўрсатилган ишларнинг бажарилишини текшириб бориш ташкилий ишлар билан боғлиқ. Режани амалга ошириш ишидаги барча қийинчиликларни бартараф этишда бўлимларга, фермаларга ва хўжаликка ёрдам ана шу ташкилий ишларнинг бир қисмидир. Қабул қилинган режаларнинг бажарилишини назорат қилиб бориш ишига хўжаликдаги барча мутахассисларни жалб этиш керак. Хўжаликда режа қандай бажарилаётганлигини кун сайин назорат қилиб бориш, айниқса, катта аҳамиятга эга. Шундай қилингандагина камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш, ишда йўл қўйилган нуқсонларни хўжалик йили якунланаётган пайтда эмас, балки иш жараёнида тузатиш мумкин бўлади.

Шундай қилиб, хўжалик режаларининг бажарилиши билан хўжаликдаги фойдаланилмаётган имкониятлар ишга солинади, асбоб-ускуналар ва материал пул воситаларидан тўлароқ фойдаланилади, ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг янги манбаларини излаб топиш, меҳнат унумдорлигини  ошириш,  моддий  сарфларнинг  тежамли  йўлини  топиш имконияти вужудга келади.

Бозор иқтисоди шароитида ҳар бир маҳсулот ёки хизматнинг харидоргирлигини оширишга қаратилган тадбиркорлик фаолияти ва бозор талабидан келиб чиқиб тузилган бизнес режа ишни ташкил қилишнинг
асосий ҳужжати ҳисобланади.

Қишлоқ хўжалигининг барча соҳалари, шунингдек, асаларичилик соҳаси ҳам иқтисодий режаларсиз ҳеч қандай ривожланиш хусусиятига эга эмас. Келажак режалари меҳнатни илмий асосда ташкиллаштиришни кўзда тутган ҳолда, шу соҳани ихтисослаштириш, концентрациялаштириш билан боғлиқ бўлади.

Режалар 3 хил бўлади, яъни ривожланиш, ташкиллаштириш, келажак режаси. Бу режалар 5 ёки 7 йилга тузилади. Йиллик режалар. Йиллик режалар хўжаликнинг ишлаб чиқариш молия режаларини ўз ичига олиб, ҳар битта бўлим, бригада, звенолар ва асал-аричилик фермер хўжаликлари бўйича тузилади. Йиллик режалар, келажак режаларнинг бир қисми бўлиб ҳисобланади. Йиллик режаларини тузишда асаларичилик  нинг охирги 3–5 йиллик кўрсаткичлари ўрганиб чиқилиб,

уларнинг натижаларига қараб тузилади. Асаларичиликдаги ҳисоб-китоб ишлари қуйидагича амалга оширилади.

Хўжаликдаги қуйидаги кўрсаткичлар ўрганилади:

1) асалари оилалари сони;

2) умумий асал миқдори;

3) янги оилалар сони;

4) мум;

5) она сути;

6) сотилган маҳсулотлар, сўм;

7) қилинган харажатлар;

8) бир бирлик маҳсулотнинг таннархи, сўм;

9) асаларичиликдан келган фойда, сўм;

10) самарадорлик даражаси, %.

Асаларичиликда етиштирилган маҳсулотларини маълум бир бирликка, асосан, асал бирлигига айлантирилади. Агар асаларилар хўжаликда чанглаштириш ишларида қатнашган бўлса, қилинган харажатларнинг 30 % и ўсимликлар ҳисобига ўтказилади.

Асаларичилик хўжалигида бизнес режа, асосан, қуйидаги қисмларни ўз ичига олади: умумий ишлаб чиқариш режаси, маркетинг режаси, ташкилий режа, молиявий режа.

Маҳсулотларни сотишдан тушган пул даромадини ҳисоблашда уларга белгиланган давлат буюртмалари алоҳида ҳисоб-китоб қилиниб, шартнома асосида сотиладиган қисмига қўшилади ва ўртача нарх чиқарилади. Ҳар бир маҳсулот учун фойдалилик даражасига 25–30 фоиздан қўшилиб, сотиладиган маҳсулот миқдорига кўпайтирилади. Сотиладиган маҳсулотнинг таннархи ва сотишдан тушган пул маблағлари ўртасидаги фарқ ҳисобланади ва у маҳсулот турларини сотишдан олинган молиявий натижа сифатида қайд этилади.

Республикамизда 238 607 та асалари оиласи бўлиб, бу экилаётган бир миллион гектардан ортиқ ғўза майдонларини, 540 минг гектар бедазор, 482 минг гектар боғ, полиз, сабзавотни, 387 минг гектар маккажўхори ва бошқа экинлар гулини чанглатишга етмайди. Ана шу майдондаги экинлар гулини чанглатиш учун қўшимча равишда яна 1,5–2 миллионта асалари оиласини ташкил этиш талаб қилинади.