Асаларичилик сер даромад соҳа

Ҳисоб-китобларга кўра, 1 дона асалари оиласини шакллантириш учун ўртача 600 минг сўм маблағ талаб этилади. Жумладан:

– асалари оиласи ва қутисини сотиб олиш учун 350 минг сўм;

– зарурий анжом ва жихозларни сотиб олиш учун 188 минг сўм;

– хом-ашё, зарурий материал ва дори воситаларини сотиб олиш учун 62 минг сўм маблағ зарур бўлади.

Ҳар бир асалари қутисида ўрта ҳисобда 8-10 та рамка асал бўлади. Ҳар бир рамкадан ўрта ҳисобда 2,5-3 кг асал олиш мумкин. Бу дегани ҳар бир асалари қутидан йилига 20-25 кг асал маҳсулот етиштириш демакдир.

O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши томонидан Пахтаобод тумани, Тўққизбоғ маҳалласидаги “Нозимжон асали” фермер хўжалигида “Асаларичилик хўжаликларини янада ривожлантириш, соҳадаги илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш йўллари Андижон вилояти мисолида” мавзусида ўтказилган амалий семинарда асаларичиликни ташкил этиш ва уни ривожлантириш бўйича батафсил маълумот берилди.

Партия вилоят, шаҳар ва туманлар Кенгашлари ходимлари, вилоят Фермерлар Кенгаши, вилоят Асаларичилар уюшмаси, Пахтаобод тумани Давлат солиқ инспекцияси ва тижорат банклари ходимлари, ушбу йўналишда ютуқларга эришаётган фермер ва тадбиркорлар ҳамда бу соҳага иштиёқманд фаол ёшлар иштирок этган мазкур амалий семинар очиқ дала майдонида жонли тарзда муҳокамаларга бой тарзда ўтканлиги билан аҳамиятли бўлди.

Дастлаб фермер хўжалиги хусусида икки оғиз сўз. 10 кишининг бандлиги таъминланган “Асалчи Нозимжон” фермер хўжалигида айни кунда 250 та асалари қутисида 350 дан зийод асалари уялари мавжуд. Қувонарлиси, ички бозорни арзон ва сифатли маҳсулот билан таъминлашга хизмат қилаётган мазкур асалари уялари нафақат Пахтаободда, балки айни вақтда Тошкент вилоятининг Паркент тумани тоғ ёнбағирларига ҳам жойлаштирилган. Сидқидилдан қилинган меҳнат, албатта, рағбатсиз қолмайди. Тажрибали фермернинг мазкур йўналишдаги ишлари ўзининг самарасини бермоқда. Бир неча бор “Ташаббус” танловининг туман ва вилоят босқичларида ғолиб бўлиб, республика босқичларида совринли ўринларни олган Абдулҳошим Бозоров ҳар кунини меҳнат, янги ташаббуслар билан бойитишга ҳаракат қилади.

– Фермер хўжалигимиз 2007 йилда ташкил топган бўлиб, умумий ер майдони 80 сотихдан иборат,  – дейди фермер биз билан суҳбатда. –Ҳозирда фермер хўжалигимизда тоғ ва пахта асали етиштирилади. Эътиборли томони, улар учун 10 нафар ишчи ходим жалб қилинган. Эришаётган ютуқларимиз келгусидаги истиқболли режаларга асос бўлмоқда.

Шунингдек, ўтказилган семинарда сўз олганлар Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи давомида асаларичилар уюшмаси қошидаги ишлаб чиқариш ўқув марказига ташриф буюрганликлари, мазкур йўналишдаги ишлар билан яқиндан танишиб, қатор вазифаларга тўхталганликлари хусусида алоҳида гапирдилар. Давлат раҳбари томонидан ана шу жараён давомида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилган семинарда иштирокчилар томонидан қатор таклифлар билдирилди.

Жумладан:

– асаларичилик йўналишини янада ривожлантиришда тижорат банклари кредитлари олинишини соддалаштириш;

– таълим тизимида асаларичилик бўйича махсус йўналиш очиш;

– хориждан асалари оиласини олиб келишда имтиёзлар жорий қилиш;

– асалари қутиларини жойлаштириш учун махсус майдонларни кўпайтириш;

– шунингдек, ҳозирги кунда деярли сезилмаётган вилоят асаларичилар уюшмасининг фаолиятини жонлантириш каби таклифлар мутасаддилар томонидан ўрганиш учун ёзиб олинди.

Manba:  O‘zLiDeP Matbuot xizmati

Асаларичилик гуруҳига марҳамат!