АСАЛАРИЧИЛИК СИР СИНОАТИ

Картинки по запросу асалари   Асаларичиликни халқимиз етти хазинанинг бири деб атайди. Бу бежиз эмас. Негаки, ер юзининг барча қитъасида ривож топган ушбу соҳага бўлган эътибор ва қизиқиш йилдан-йилга ортиб бормоқда. Қолаверса, бу дунёда табиатнинг бебаҳо неъмати бўлган асални хуш кўриб истеъмол қилмайдиган одам бўлмаса керак. Қуйидаги саҳифаларимизда минг-минг йиллик тарихга эга бўлган ушбу соҳа, унинг аҳамияти ва эндигина бу ишга қўл урган асаларичилар учун айрим тавсиялар ҳавола этилмоқда. Асаларилар асосан оила бўлиб яшайди. Бир оила бир она (халқ тилида “подшоси” деб ҳам юритилади), бир неча минг ишчи ва бир неча юз эркак асаларидан иборат.

Она асалари танасининг узунлиги 20-25 мм, вазни 200-250 миллиграмм бўлиб, баҳордан кузгача тухум қўйиш ва оилани бошқариш вазифасини бажаради. Қаноти танасининг ярмини қоплайди, нектар, гул чангини йиғувчи аъзосининг йўқлиги билан фарқланади.

Она асаларининг жинсий аъзолари ривожланган бўлиб, беш йилгача яшайди (тажрибали асаларичилар она асаларини бир-икки йилда янгилаб турадилар). Бир кеча-кундузда 2-2,5 мингтагача тухум қўяди. Оталанган тухумлардан 21 кунда ишчи асалари, оталанмаган тухумлардан 24 кунда эркак асалари чиқади. Агар личинкаларни ишчи асаларилар асалари сути билан озиқлантириб турса, 16 кунда она асалари чиқади. Тухумдан чиққан она асалари 7-8 кунда жинсий балоғатга етади.

Эркак асалари танасининг узунлиги 15-17 миллиметр, вазни 200 миллиграмм, қорин қисми тўмтоқ бўлиб, олдинги қанотлари узун, гул чанги ва нектар йиғувчи аъзоси, найзаси йўқ. Кўкраги кенг, хартуми қисқа. Бир оилада 80-100 тагача эркак асалари бўлади. Асосий вазифаси она асаларини уруғлантиришдан (асосан ҳавода жуфтлашади, уруғлантирганидан кейин нобуд бўлади) иборат. Улар уяда фақат ёзда бўлади, кузда оилада урчиш тўхташи билан уларни ишчи асаларилар уядан қувиб чиқаради.

Ишчи асалари танасининг узунлиги 11-15 миллиметр, вазни ўртача 100 миллиграмм, жинсий аъзолари ривожланмаган урғочи асаларилардир. Ёзда 35-40 кун, қишда 3 ой яшайди. Бир оилада ёзда 60-80 минг, қишда 10-15 минг ишчи асалари бўлади. Соатига 65 километргача тезликда уча олади, оиладан 2-3 километр ва ундан ортиқ масофага учиб бориб, нектар ва гул чангини йиғиш, нектарни асалга айлантириш, мум ишлаш, личинкаларни боқиш, катак қуриш, уяни қўриқлаш каби ишларни бажаради.

Асалари қадимдан қимматбаҳо маҳсулотлар бўлмиш асал, прополис, мум, асалари сути, асалари завари ва бошқа неъматларларни олиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинларини, мевали боғларни чанглатиш учун боқилади. Асалари оиласи бир мавсумда 140-150 килограммгача асал тўплайди, шундан 100 килограмми асалари таъминотига сарфланса, 40-50 килограмми асал ажратиб олинади. Асалари оиласи аъзоларининг фаолияти ўзаро боғлиқ бўлганидан уларнинг бирортаси ўзича мустақил ҳаёт кечира олмайди.

Бирор соҳада эндигина иш бошлаган киши учун ўринли маслаҳат фойда келтириши шубҳасиз. Айниқса, мавзу сир-синоатга тўла асаларичилик ҳақида бўлса, барчани ҳам қизиқтириши тайин. Хоҳ фермер бўлинг, хоҳ оддий томорқачи асаларилар оиласини боқиш ҳақида ўйлаганмисиз-йўқми, барибир бу мавзу сизни бефарқ қолдирмайди. Негаки, юқорида айтганимиздек, боларилар синоатга тўла жонзот бўлиб, минг дардга даво бўлмиш асални татиб кўрган инсон борки, бу соҳага ўз-ўзидан меҳр қўйиб қолиши турган гап. Яна ёдда тутиш керакки, асаларичилик — бу амалий фан, уни устоз, яъни тажрибали мутахассис ёрдамида ўрганиш ҳар жиҳатдан фойдалидир. Хўш, энг аввало ўрганишни нималардан бошлаш керак?

Манба: mehnat.uz

Асаларичилик гуруҳига марҳамат!