Фарғонада йил давомида 10 миллиард сўмлик асалари маҳсулоти ишлаб чиқарилади

Фарғона вилоятининг Фарғона туманидаги асаларичилик ишлаб чиқариш ўқув марказида асаларичиликни ривожлантириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда Фарғона, Андижон, Наманган, Бухоро, Сирдарё вилоятларидан мутахассислар қатнашди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар бозорларимизнинг тўкинлигини таъминлаб, аҳолига сифатли, арзон ва сервитамин озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришга хизмат қилаётир. Хусусан, асаларичиликни янада ривожлантириш, соҳадаги илғор тажрибаларни кенг оммалаштиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ўз самарасини бермоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа ривожида янги босқични бошлаб берди.

Мазкур семинарда асал маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнларини тизимли ташкил этиш, асалари пакетлари етиштириш ва озуқа базасини мустаҳкамлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, асал етиштириш жараёнига илмий асосланган усуллар ва замонавий технологияларни жорий этиш борасидаги тажрибалар ҳақида сўз юритилди.

– Вилоятимизда йил давомида 10 миллиард сўмлик асалари маҳсулоти ишлаб чиқарилади, – дейди Фарғона вилояти асаларичилари уюшмаси раиси Шерали Суярқулов. – Асалариларнинг экинзорларни чанглатиши эвазига эса қишлоқ хўжалигида қўшимча даромадга эришилмоқда. Президентимиз томонидан қабул қилинган қарорда асаларичи тадбиркорлар учун ўқув машғулотлари ташкил этиш ҳам белгиланган. Асал етиштириш ва уни экспорт қилишда дунёнинг етакчи давлатларидан бири саналган Туркия тажрибаси ҳамкасбларимизнинг келажакдаги ютуқларига йўл очади.

Президентимиз шу йил 22-23 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида мазкур ўқув марказида бўлиб, бу ерда олиб борилаётган ишлар билан танишди. Асаларичиликни ривожлантириш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берди. Айни кунларда бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур семинар ҳам ана шулардан биридир.

– Ҳозир 350 асалари оиласини парвариш қилмоқдамиз, – дейди Наманган шаҳрилик тадбиркор Бурҳонжон Сатторов. – Семинарда бу борадаги халқаро тажрибани ўзлаштирганимиз айни муддао бўлди. Энди уларни вилоятдаги ҳамкасбларим билан ўртоқлашишни режалаштириб қўйдим. Қолаверса, бол экспортини йўлга қўйиш, асалариларни кўпайтиришда замонавий услубларни фаолиятимизга кенгроқ татбиқ этишни мақсад қилдик.

Иштирокчилар семинарда ишлаб чиқариш ўқув марказида яратилган шароитлар, асалари уялари ишлаб чиқариш учун ёғоч ва зарур материаллар, асал етиштириш ва уни қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтириш, асалари касалликлари ва зараркунандаларига қарши қўлланиладиган ветеринария дори воситалари ва препаратлар билан танишди.

Манба: Uza.uz