Асаларичиликни ривожлантириш асослари ва унга таьсир этувчи омиллар.

Асаларичилик қадимий соҳа. Бу ҳақидаги дастлабки маълумотлар эрамиздан аввалги Миср тиббиётига оид асарларда, Зардуштийларнинг муқаддас «Авесто» сида, Хинд ҳалқининг «Ҳаёт» китобида, Тиббиётнинг «Жуд-жи» фанида учрайди. Хатто Хомер, Демокрит, Аристотель, Гиппократ каби дунё алломалари ҳам кўпгина касалликларни даволашда асалнинг аҳамияти беқиёслигини қайд этишган. Буюк бобомиз Абу Али Ибн Сино асалари махсулотларидан 500, Абу Райҳон Беруний 300 турдаги дори – дармон тайёрлагани ҳақида маълумотлар бор.
Асаларичилик сохасининг асосий махсулоти асал ҳисобланиб, соҳадан иккиламчи махсулот сифатида қуйидагилар олинади: асалари сути, перга, асалари захари, прополис, асалари муми, ушбу махсулотларнинг халқ хўжалигида ахамияти жуда юқоридир.

Асалари сути: биологик стимулятор хусусиятига эга, гипотрофия ва гипотания касалликларини, аёллардаги лактация бузилишини даволашда, сиркасидан озиқ-овқат саъноатида турли тузламалар тайёрлашда қўлланилади. Асалари сути кўплаб тирик организмларни ўсишини тезлаштириб, вазнини оширади. Қант эритроцитлар, глюкоза, гемоглобин, глобулинлар миқдорини кўпайтириб, холестерин ва нейтрофиллар миқдорини камайтиради ва шу орқали атеросклероз касалликларини олдини олади ва даволайди. Миядаги қон харакатини яхшилаб, қондаги аскорбин кислотасини камайтиради, қон босимини нормал холатга келтиради. Жинсий имкониятларни ривожлантириб, организмнинг репродуктив имкониятларини яхшилайди. Сохада ари сутини ишлаб чиқиш учун асалари оилаларидан тарбиячи оилаларни тузиш лозим ва 18-24 соатли қуртларни пайванд қилиб тарбиячи оилаларига бериб, уч кундан кейин пайванд қилинган қуртларни олиб ташлаб сутни жамғариб, консервация қилиш мумкин.

Перга: асаларилар гулчангни мумкатакларда йиғиб, асал билан аралаштириб перга тайёрлайди бу ҳом-ашёдан қишда озиқланиш ва гумбакларни озиқлантиришда фойдаланадилар. Тиббиётда ундан ошқозон-ичак, жигар касалликларини, анемия хамда қон босими бўлган беморларни даволашда қўлланилади. Гулчанг таркибида кўплаб миқдорда глюкоза, фруктоза, турли ҳил витаминлар, кислоталар хамда микро ва макро элементлар мавжуд. Гўшт ва тухумга нисбатан гулчангда аминокислоталар миқдори 5-7 маротаба кўпдир. Олинган гулчанг 600 С хароратда 2 соат мабойнида леофил аппаратида қуритилади ва истеъмолга жўнатилади.

Асалари захари: қадимдан халқ табобатида даволаш мақсадида қўлланиб келинган. Ҳозирги кунда ундан тиббиётда радикулит, бод, биронхиал астма, қон томирларини кенгайтириш ва модда алмашишини яхшилаш каби касалликларни даволашда ишлатилмоқда, ҳамда апиказон, апизатрон, вирапин ва хакозо дори – дармонлар ишлаб чиқилмоқда. Захар олишнинг кўпгина усуллари бўлиб энг самарали усул бу-электр усулидир.

Прополис: прополис таркибида 18 дан ортиқ микро ва макро- элементлар хамда ферментлар мавжуд. Прополис елимсимон модда бўлиб, уядаги арилар кирадиган тешикчаларни кичрайтиришда ва ортиқча тешикчаларни суваб бекитишда ишлатилади. Прополис тўқималарни регенирация жараёнини тезлаштиришда, куйгандан кейинги чандиқларни кичрайтиришда оғриқни қолдиришда, ёғларни консервация қилишда, эндокрин безлар фаолиятини тиклашда, замбуруғлар, бактериялар ва вирусларни ўлдиришда, терини ултра бинафша нурлардан ҳимоя қилишда ва хоказоларда фойдаланилади.

Асалари муми: парфюмерия ва косметикада, лак-бўёқ олишда, амалий ва тасвирий саънатда кенг қўлланилади.
Асалариларнинг экинларни чанглатиш хусусияти ҳаммага маълум. Ғўза гулини асаларилар чанглатганда пахта ҳосилдорлиги 27,9 % га, резавор-мева ҳосили 50-60 % га ортади. Беда уруғи уч баравар кўпаяди, мева уруғ ва пахта толасининг пишиб етилиши тезлашади, сифати яхшиланади.

Бир мавсумда 1 та ари оиласидан 20-30 кг асал, 3-5 кг гул чангчиси, 2-3 кг перга, 200-300 гр прополис, 300-500 гр ари сути, 4-6 гр ари захари, 3-4 кг мум олиш мумкин.

Ўзбекистонда жами 300 минг асалари оиласи борлигини ҳисобга олсак, бунда бир мавсумда 2860 тонна асал, 312 кг гулчанг, 195 кг перга, 20 кг прополис, 39-40 кг ари сути, 100 – 120 кг ари захари 200-250 кг мум олиш имконияти мавжуд. Бу эса асаларичиликни сердаромад соҳага айлантиришда мухим хисобланади.

Республикамиз иссиқ иқлим шароити ва серасал ўсимлик турларининг кўплиги билан бошқа Давлатлардан ажралиб туради, бу эса ўз навбатида соҳани ривожлантиришда мухим ахамият касб этади. Асалари оилаларини Республика бўйича 400-450 мингтагача етказиш имконияти мавжуд.

Сўнги йилларда соҳада вужудга келган салбий оқибатлар натижасида асалари оилалари бош сони камайиб кетди, бу эса мавжуд асалари зотларининг ирсий хусусиятларидан тўла фойдаланиш имкониятларини чегаралаб қўйди, асалариларнинг ривожланиш қобилияти кечика бошлади, қишловдан чиқиши оғирлашди, иқлим шароитимизга ва турли касалликларга чидамлилиги пасайди.

Шулардан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар махкамаси томонидан 2009 йил 3 мартда 03/1-348 сонли “Республикада 2009-2011 йилларда асаларичилик соҳасини ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар” дастури ишлаб чиқилди.

Дастурга кўра барча тоифадаги асаларичилик хўжаликларида 2011 йилга қадар асаларичилик билан шуғулланувчи субъектлар сонини 6534 тага, асал ишлаб чиқариш ҳажмини 2375 тоннага етказиш, мавжуд ва 2009-2011 йилларда янгидан ташкил этиладиган шахсий ёрдамчи, деҳқон, фермер ва ўрмон хўжаликларига талаб этиладиган жиҳозлар, асалари оилалари билан таъминлаш ва бунинг учун зарур бўладиган кридит маблағларини ажратиш, 2009-2011 йилларда янгидан ташкил этиладиган асаларичилик фермер хўжаликларига чорва озуқа экинлари уруғи етиштириш ва асаларилар озуқа базасини бойитиш мақсадида 3-5 гектардан экин ер майдонлари ажратиб бериш, асалари оилаларини ривожлантириш ва табиий ўрмонзорларда сифатли шифобахш асал йиғишни кўпайтириш мақсадида асалари оилаларини ўрмон хўжаликлари ҳудудларига жойлаштириш, асаларичиликда маҳаллий ноёб асалари популяция генофондини соф холда сақлаб қолиш, кўпайтириш, танлаш, селекция ишларини йўлга қўйиш мақсадида асаларичилик билан шуғулланадиган фермер хўжаликлари негизида наслчилик фермер хўжалиги мақоми бериш, асалари оилаларини мавсум даврида табиий ўсимликларни гуллашига қараб Республикада бир худуддан бошқа худудга кўчириш жадвалларини ҳар бир асаларичилик хўжаликлари бўйича ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалик экинлари зараркунандаларига қарши кимёвий препаратларини қўллашда белгиланган хавфсизлик чораларига риоя қилиш бўйича тавсияномалар ишлаб чиқиш, Республикада асалари зотларини яхшилаш, уларни серпушт ва сермахсуллигини ошириш учун, чет давлатлардан зотли она ариларини келтириш, асаларчилик билан шуғулланаётган шахсий ёрдамчи, дехқон ва фермер хўжаликларида асалариларни юқумли ва юқумсиз касалликлар бўйича холатини ўрганиш, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида ва аҳоли зич жойлашган шаҳарларда асаларичилик махсулотлари ҳамда жиҳозларини сотишга махсус ихтисослашган совда дўконларини ташкил қилиш, асаларичилик билан шуғулланаётган шахсий ёрдамчи, дехқон ва фермер хўжаликларини замонавий технологиялар асосида ривожлантириш, инвестиссия ва хомийларни жалб этиш, лизинг асосида мини технологиялар, жиҳозлар ва асалари павильонларини келтиришни йўлга қўйиш, асаларичиликка оид меъёрий, стандарт ва техник шартлари хужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш, илғор асаларичилар ва асаларичилик хўжаликлари иш тажрибаларини ҳамда фан ютуқларини оммалаштириш, асаларичилар хақида радио ва телекўрсатувларни матбуотда мунтаззам ёритиб бориш, Республикада асаларичиликни жадал ривожлантириш, кенг кўламли илмий тадқиқот ишларини олиб бориш, рақобатдош технологияларни яратиш, ўқув ва услубий қўлланмалар тайёрлаш мақсадида хўжалик ҳисобида “Ўзбекистон асаларичилик илмий маркази”ни ташкил этиш, вилоятларда биттадан асални қайта ишлайдиган ва асаларичилик жихозларини ишлаб чиқарадиган мини цехлар ташкил этиш каби вазифалар белгилаб берилган.

Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш Республикада асаларилардан махсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиришда ва соҳанинг иқтисодий самарадорлигини оширишда мухим хисобланади.

Асалари оилалари кўпайтирилса ўсимликларнинг биологик хилма- ҳиллиги сақланади, табиатдан барқарор фойдаланиш йўлга қўйилади, тоғ олди ва тоғ қишлоқларида яшовчи аҳоли иш билан таъминланади, ноёб ўсимликлар тури сақланади, экалогия яхшиланади, асаларилар ёрдамида ўсимликлар чангланиб ҳосилдорлик оширилади.

Асаларичилик гуруҳига марҳамат!