Президент янги Қарори: 2018 йил 1 сентябрдан қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини экспорт қилишда рухсатнома талаб қилинмайди

«Ўзбекистон Республикасида уруғчилик тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Мазкур Қарор бугунги кунгача уруғчилик соҳасида сақланиб келинаётган тизимли муаммоларнинг танқидий-таҳлили асосида қабул қилинган.

Бу тизимли муаммо ва камчиликлар уруғчилик соҳасини ривожлантиришга, бу йўналишдаги маркетинг ва ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш тизимининг самарасиз олиб борилишига, шу билан бирга уруғларни лозим даражада экспорт қилишга имкон бермай келаётган эди. Хусусан:

1) Уруғларни таъминлашга доир фаолиятни мувофиқлаштириш механизми самарасиз ташкил этилган бўлиб, ягона уруғчилик тизими мавжуд эмас эди. Ғўза уруғчилиги – “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти ихтиёрида бўлса, дон уруғчилиги – “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси таркибида, бошқа экинларнинг уруғчилиги эса, умуман мувофиқлаштирилмас эди.
Оқибатда, бу салбий амалиёт, республика бўйича 2016 йилда ‒ 622 та фермер хўжалигидаги 6 667 гектар майдонда, 2017 йилда – 782 та фермер хўжалигидаги 6 448 гектар майдонда яроқсиз ҳосилдорликнинг вужудга келишига олиб келди.

Бу тизимли муаммоларнинг олдини олиш мақсадида қабул қилинган янги Қарор билан Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Уруғчиликни ривожлантириш маркази фаолиятини ташкил этиш масалалари белгилаб берилди.

Эндиликда, ушбу янги Марказ қишлоқ хўжалик экинлари, шу жумладан ғўза ва донли бошоқли экинларининг уруғларини тайёрлашва экспорт қилиш бўйича замонавий тизимни шакллантириш, шунингдек уруғчилик бўйича халқаро ва миллий органлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ҳамда соҳага инновацион технологияларни ва ноу-хауларни амалиётга жорий этиш билан шуғулланади.

2) Соҳадаги муаммолардан яна бири шу эдики, бугунги кунда уруғ экспорти Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг хулосаси асосида Ҳукумат қарорига мувофиқ амалга оширилиб келинар эди, бу эса турли бюрократик тўсиқларга ва ушбу масалани кўриб чиқиш муддатининг узоқ вақтларга чўзилишига олиб келар эди.

Ушбу бюрократик тўсиқларнинг олдини олиш мақсадида, янги қабул қилинган Қарор билан 2018 йил 1 сентябрдан донли бошоқли экинлар ва ғўзанинг уруғларини экспорт қилиш Инновацион ривожланиш вазирлигининг қарори билан амалга оширилиши, шунингдек бошқа қишлоқ хўжалик экинларининг уруғларини экспорт қилиш учун махсус рухсатнома талаб қилинмаслиги белгилаб берилди.

3) Соҳадаги яна бир жиддий муаммо сифатида, йирик миқдордаги уруғ навлари бир вақтнинг ўзида фақатгина битта вилоят (ҳудуд)га, масалан биргина донли уруғлар бир вилоятда 15-18 та навгача, бир туманда – 10 та навгача жойлаштирилиб қолиниши ҳолатини қайд этиш лозим.

Бу муаммони олдини олиш мақсадида, янги қабул қилинган Қарор билан жорий этилган тартибга кўра, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб битта вилоятда ўнтадан кўп, битта туманда бештадан кўп донли бошоқли экинларнинг районлаштирилган навларини жойлаштиришга, шунингдек битта вилоятда бештадан кўп, битта туманда иккитадан кўп ғўзани районлаштирилган навларини жойлаштирилишига йўл қўйилмаслиги (синовларни ўтказиш учун жойлаштириладиган янги навлар бундан мустасно) белгиланди.

Шу билан бирга, яна бир янгилик сифатида қайд этиш лозимки, 2018 йилнинг 1 сентябридан донли бошоқли экинлар ва ғўзанинг навларини синовдан ўтказиш муддати икки йилдан, бошқа қишлоқ хўжалик экинларини синовдан ўтказиш муддати бир йилдан ошмаслиги, Ўзбекистон ҳудудида экиш учун тавсия қилинган қишлоқ хўжалик экинлари уруғларининг навларини (донли бошоқли экинлар, ғўза ва картошка уруғларидан ташқари) мажбурий рўйхатдан ўтказиш ва Давлат қишлоқ хўжалик экинлари реестрига киритиш тўғрисидаги талабнинг бекор қилиниши белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, Қарор билан донли бошоқли экинлар, ғўза ва картошка уруғларидан ташқари бошқа қишлоқ хўжалик экинлари уруғларини импорт қилганда, агар синовдан ўтказишда қўлланилган талаблар Ўзбекистонда амалда бўлган шунга ўхшаш талабларга мос бўлса, халқаро аккредитация ташкилотлари аккредитация қилган хорижий лабораториялар томонидан ўтказилган қишлоқ хўжалик экинларини синовдан ўтказиш натижаларининг тан олиниши ҳам назарда тутилди.

Шунингдек, қайд этилган Қарор билан уруғчилик соҳасидаги тизимли муаммоларни бартараф этиш мақсадида бир қатор янги чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилди.

Хусусан, бренд ва тижоратбоп навларнинг уруғлик материалини ишлаб чиқиш, қайта ишлаш ва тайёрлаш билан шуғулланувчи уруғчилик компанияларни, шу жумладан чет эл сармояси иштирокидаги ва давлат-хусусий шерикчилик асосидаги компанияларни ташкил этиш, шунингдек уруғ ишлаб чиқиш ва тайёрлаш корхоналарида ички сифат назорати тизими ва инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда замонавий, халқаро талабларга мувофиқ аккредитация қилинган лабораторияларни ташкил этиш вазифалари қўйилди.