Балиқчилик хўжаликлари Вьетнам технологияларини фаол тадбиқ этмоқда

Тўдакўл сув омбори ҳавзасида Вьетнам технологияси асосида йилига минг тоннадан зиёд балиқ етиштириш мўлжалланмоқда. Натижада вилоятда балиқ етиштириш кўрсаткичи йилига 8,5 минг тоннага етказилади.

Бу ҳақда  Президент Шавкат Мирзиёевга Навоий  вилоятида  сўзлаб беришди ва уни  балиқчиликни ривожлантириш лойиҳалари  билан таништиришди.

“Аква Тўдакўл” қўшма корхонаси томонидан балиқ чавоғи етиштирувчи инкубацион цех, 250 тонналик музлаткичли омборхона, минг тонна балиқни қайта ишлаш, 400 тонна балиқ филеси ҳамда 350 тонна ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш цехлари ташкил этилиши режалаштирилган. «Ипотека-банк» кредити эвазига янги ҳавзалар қазиш ва уларда сув таъминотини яхшилаш учун хориждан махсус техника ва механизмлар, насослар келтирилади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 18,7 миллиард сўм бўлиб, шундан 13,3 миллиард сўми банк кредитлари, 5,4 миллиард сўми корхона маблағидир. Ушбу лойиҳа халқимиз дастурхонига сифатли балиқ маҳсулотлари етказиб бериш, 90 га яқин иш ўрни яратиш имконини беради.

Айдар-Арнасой кўллар тизимида балиқчиликни ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишлар тўғрисида ҳам маълумот берилди. Ушбу ҳавзалардан фойдаланишни тартибга солиш, ноқонуний балиқ овлашга чек қўйиш, бу ерда инкубация цехлари ташкил этиш ҳисобига етиштирилаётган балиқ ҳажмини келгуси уч йилда 20 минг тоннага етказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган. Унга кўра, Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” давлат унитар корхонаси ташкил этилди. Кўл ҳавзасида балиқ етиштириш бўйича мамлакатимизнинг барча вилоятларига 14 ҳудуд ажратиб берилди.

Президентимиз Жиззах, Навоий, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида прокуратура, ички ишлар бошқармаси ходимларидан иборат махсус отрядлар ташкил қилиш ва кўл ҳудудини броконьерлардан тозалаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди. Етиштирилган маҳсулотни экспорт қилиш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди.