Балиқчилик хўжаликларига қандай имтиёзлар тақдим этилди?

Балиқчилик хўжаликларига қандай имтиёзлар тақдим этилди?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 ноябрдаги “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга имзо чекилди. Республикада интенсив усулда балиқ етиштиришни босқичма-босқич йўлга қўйиш ва рағбатлантириш, мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, соҳага инновацион ғоялар, илмий ишланмалар, замонавий технологиялар ва илм-фан ютуқларини кенг кўламда жорий қилиш, балиқчилик тармоғини янада қўллаб-қувватлаш каби мақсадларда қабул қилинган мазкур ҳужжат мазмун-моҳияти навбатдаги видеошарҳимизда.
Балиқчилик – етти хазинанинг бири. Бу эски гап, ҳамма билади. Нечанчи хазина экан, дея бармоқ букмоққа ҳам ҳожат йўқ: дастлабкиларидан бири. Боз устига, бу луқмаи ҳалолнинг инсон саломатлиги учун фойдасини айтмайсизми. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига амал қиладиган бўлсак, ҳар бир одам йил давомида камида 15,6 кг. балиқ гўшти истеъмол қилмоғи лозим экан. Балиқчиликни ривожлантириш бўйича энг юқори даражадан туриб берилаётган эътибор маънисини тушунтиришнинг ҳам ҳожати йўқ: ҳам саломатлик, ҳам соҳа ривожи, ҳам иш билан таъминот деган мақсадлар бор бунда. Ривож дегани эса ўз-ўзидан, шунчаки амалга ошиб қолмайди. Муаммо бор. Қаерда, дейсизми? Масалан, интенсив усулда балиқ етиштиришга етарли даражада эътибор қаратилмаяпти, ҳудудларда тармоқни ривожлантиришда юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш, уни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар етарли эмас. Сув ҳавзалари 421 минг гектар бўлса, улардан илмий ёндашув асосида самарали фойдаланиш, мелиоратив ҳолатни яхшилаш, тежамкор технология ва инновацияларни жорий қилиш ишлари етарлича эмас.
Фақат шугина эмас. Сунъий сув ҳавзалари ҳосилдорлигини ошириш учун балиқчилик хўжаликларининг минерал ўғитларга бўлган талаби тўлиқ қондирилмаяпти. Масалан, унга бўлган эҳтиёж 26100 тонна бўлгани ҳолда, амалда биржа орқали бор-йўғи 4400 тоннагина сотилмоқда. Минерал ўғитни бошқа муқобили билан алмаштирай, десанг, бу бўйича илмий-тадқиқот ишлари ҳам тузук-қуруқ олиб борилгани йўқ.
Бундан ташқари, балиқни интенсив усулда етиштириш, овлаш ва қайта ишлаш учун зарур асбоб-ускуна ва анжомлар ўзимизда ишлаб чиқарилмайди. Оқибатда тадбиркор дегани вақт-у маблағини сарфлаб, уларни юрт ошиб, Хитой ва Россиядан харид қилмоқда. Соҳага хорижий инвестиция жалб этиш масаласи ҳам оқсаб ётибди. Хуллас, муаммолар бисёр.
Шу муаммоларни бартараф этиш учун ҳам Президентнинг “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Хўш, Қарор билан қандай ўзгаришлар амалга ошади?
Қарор билан, 2019 йилда республикада:
балиқ етиштириш ва овлаш;
балиқ етиштириш иншоотлари ва қурилмаларини барпо этиш;
балиқчилик хўжаликларига омихта ем ва минерал ўғит (аммофос) етказиб бериш;
репродукцион ҳовузларни ташкил этиш, балиқ чавоқлари етиштириш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш қувватларини ишга тушириш каби қатор кўрсаткичларнинг прогноз параметрлари тасдиқланди.
Бу аслида нима дегани?
Биринчидан, узлуксиз сув таъминлаш имконияти бўлган сунъий сув ҳавзалардаги балиқчилик хўжаликлари – босқичма-босқич тарзда интенсив усулда балиқ етиштиришга ихтисослаштирилади. Натижада 2018 йилда 150 минг тонна балиқ етиштирилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 201 минг 500 тоннани ташкил этади.
Иккинчидан, 2018 йилда – 350 млн. дона балиқ етиштиришга мўлжалланган 7 та инкубацион цех қурилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 10 тани ташкил этиб, уларнинг умумий қуввати 530 млн. Дона балиқ чавоғи етказиб беришга мўлжалланган бўлади.
Ҳозир саналган ишлар ўз-ўзидан амалга ошиб қолмаслиги маълум. Тайинки, ҳар бир ишда бўлганидек, вазифалар адоғи ҳам охир оқибат молиявий манбага бориб тақалади. Президент Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари ҳисобидан эквиваленти – 50 миллион АҚШ доллари миқдорида “Ипотекабанк”нинг устав капиталидаги давлат улушини оширилиши кўзда тутилган. Нега энди айнан “Ипотекабанк” дейишга шошмай турсангиз, “берди”сини айтамиз.
Биринчидан, республикада балиқчиликни ривожлантириш лойиҳаларининг аксарияти Президентнинг олдинги йиллардаги қарорлари билан айнан шу банкка юклатилган. Иккинчидан эса, “Ипотекабанк”нинг устав капитали ошгач, таъбир жоиз бўлса, унинг “бели” янада бақувватлашади, Банк эса бу маблағлар эвазига – хоҳ акция чиқарсин, хоҳ кредит берсин, бориб-бориб ўша ажратилган маблағлар алалоқибат айнан балиқчиликни ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштиришга сарфланади.
Молиявий қўллаб-қувватлаш фақатгина шу йўл билан эмас. Қарорда белгиланганидек, Молия вазирлиги ҳар йили 15 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағларни 2019–2020 йиллар давомида тегишли йилнинг 1 февралига қадар балиқчилик лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига ўтказиб беради.
Бундан ташқари, 2021 йил 1 ноябрга қадар муддатда:
наслли она балиқ, балиқ увулдириғи, шунингдек, республикада ишлаб чиқарилмайдиган инкубация, лаборатория, интенсив усулда балиқ етиштириш, балиқ овлаш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш, музлатиш ва сақлаш учун зарур бўладиган асбоб-ускуна, анжом, механизмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, муқобил энергия таъминоти ускуналари, мелиорация ишлари учун махсус техникалар ва тирик балиқ ташувчи транспорт воситалари;
чет эл ташкилотлари ва унинг шўъба корхоналари, фирма дўконлари,
дилерлик тармоқлари ва тадбиркорлик субъектлари томонидан балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжи учун четдан келтирадиган омихта ем ва минерал ўғит (аммофос) божхона тўловларидан озод этилади.
Бу – молиявий масалалар эди. Энди жорий этиладиган яна бир янгилик ҳақида. Қарор билан ҳудудларда балиқчилик соҳасида тўлиқ тизимли ишлаб чиқаришга ихтисослашган, яъни инкубация цехи, чавоқ ва товар балиқ етиштириш, юқори оқсилга бой балиқ емини қайта ишлаш ва сақлаш каби юмушларни бажарадиган – балиқчилик кластерлари ташкил этиладиган бўлди. Мазкур кластерларнинг йиллик балиқ етиштириш қуввати камида 50 тонна бўлган тақдирда, улар 2019 йил 1 январдан бошлаб дастлабки уч йил давомида барча солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод этилади.
Қарор билан интенсив усулда балиқ етиштириш, овлаш ва қайта ишлаш учун зарур бўладиган асбоб-ускуна, жиҳоз ва механизмлар ишлаб чиқаришни 2019 йил якунига қадар маҳаллийлаштириш чораларини кўриш бўйича тегишли вазирлик ва идораларга топшириқлар берилган. Бундан ташқари, “Ўзкимёсаноат” АЖга – 2019 йил давомида балиқчилик хўжаликларига талаб қилинадиган 30,7 минг тонна минерал ўғит, яъни аммофос ишлаб чиқариш ва биржа савдоларига қўйиб бориш вазифаси топширилган.
Сув хўжалиги вазирлиги эса – 2019 йил 1 апрелга қадар муддатда прогнозлаштирилган сув миқдоридан келиб чиқиб, ўрнатилган тартибда фаолият юритаётган балиқчилик хўжаликлари билан сувдан фойдаланиш бўйича шартнома тузилишини ва балиқчилик хўжаликлари учун белгиланган сув миқдорининг кафолатли етказиб берилишини таъминлайди.
28 банддан иборат Президент қарорида ҳозир санаб ўтганларимиздан ташқари, соҳа бўйича илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, Айдар-Арнасой кўллар тизимида интенсив усулда балиқ етиштиришни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб этиш бўйича комиссия ташкил қилиш, 2019 йилдан бошлаб, ҳар йилнинг ноябрь ойида балиқчиликка оид кўргазма ўтказишни йўлга қўйиш каби ва бошқа тадориклар белгилаб қўйилган.
Хулоса қилсак. Усзтоз адибларимиздан бири: “Бахт тилай десам, уялдим, инсон бошим билан – кичик балиқдан”, дея айтган эди. Мисрада-ку олтин балиқ назарда тутилмоқда. Биз эса оддий, ўзимизнинг расмаки балиқни боқиб, ризқни, бахтни Яратганнинг ўзидан сўрайверайлик. Зора етти эмас, етмиш хазинага эга чиқсак. Ушбу қарор ана шундай ширин умидларга туртки бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси 
ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа 
маркази билан ҳамкорликда тайёрланди