Балиқчилик истиқболи нималарга боғлиқ?

baliqchilik_160   Фарғона вилоятида етти хазинанинг бири ҳисобланган балиқчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Шаҳар ва туманларда соҳага ихтисослаштирилган кўплаб фермер хўжаликлари ташкил этилди. Айни пайтда тармоқдаги хўжаликлар уч йўналишда фаолият юритмоқда. 2002 йилги иккита ҳовуз базасида фаолият бошлаган хўжалигимиз бугун болалар боғчалари, ўқув муассасалари, болалар ва Саховат уйлари, шифохона ва ҳарбий қисмларга луқмаи ҳалол етказиб беряпти. Йилдан-йилга балиқ боқиладиган ҳовузлар кенгайтириб борилганлиги имкониятларимизни янада оширди.

Хусусан, ўтган йили 4 гектар майдондаги сув ҳавзаларида карп, оқ амур, оқ дўнгпешона ва чипори каби балиқлар етиштирилиб, истеъмолчиларга 40 тоннадан ортиқ маҳсулот етказиб берилди. Кексаларни эъзозлаш йилида эса сув ҳавзаларини 6 гектарга, етиштириладиган маҳсулот ҳажмини 60 тоннага етказишга астойдил ҳаракат қилмоқдамиз. Келгуси йили эса Африка соми балиғини етиштиришга ихтисослаштирилган махсус ҳовузлар қуриб, фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.

Мамлакатимизда тармоққа ихтисослаштирилган хўжаликлар тизимда яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланаётганлиги туфайли маҳсулот етиштириш муттасил кўпайиб бормоқда. Агар буни рақамлар мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, республикамизда 2008 йили 9 минг тонна, ўтган йили эса 30 минг тонна балиқ етиштирилганлигига гувоҳ бўламиз. Бу йил ушбу кўрсаткични 46 минг 500 тоннага етказиш режалаштирилган.

Соҳа истиқболини таъминлаш мақсадида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига қарашли Балиқчиликни ривожлантириш илмий тажриба станцияси мутахассислари муҳим хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқишмоқда. Улар асосида юртимиз иқлими шароитида Африка соми балиғини етиштириш технологияси тайёрланган бўлиб, шу асосда хўжаликларда махсус ҳовузлар барпо этилди. Ҳозир кўп жойларда оғирлиги 2-3 килограмм келадиган ана шундай балиқлар сотувга чиқарилмоқда.

Жорий йилнинг июль ойида “Балиқчиликда интенсив технологияни жорий этиш” мавзусидаги республика анжумани ташкил этилди. Мазкур амалий семинарда луқмаи ҳалол етиштиришни янги технологиялар асосида бир неча баробар кўпайтириш имкониятлари борлиги қайд этилиб, истиқболдаги режалар белгилаб олинди. Ана шу режалардан келиб чиққан ҳолда мен ҳам мутахассис сифатида соҳани ривожлантириш бўйича баъзи фикрларни билдирмоқчиман. Хусусан, ҳар бир вилоятда қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда Давлат солиқ бошқармалари тавсиялари асосида бир балиқчилик фермер хўжалиги негизида республика балиқчиликни ривожлантириш станциясининг тажриба марказини ташкил этиш лозим. У ерда соҳа истиқболига оид илмий ва амалий муаммоларни оқилона ҳал этиш имкониятини яратиш, қолаверса, марказлар тавсияси асосида чавоқ балиқлар тайёрлайдиган фермер хўжаликлари – махсус питомниклар барпо этиш мумкин. Ана шунда фермер хўжаликларига чавоқ балиқлар етказиб бериш марказлаштирилади.

Шу билан бирга, тизимдаги фермер хўжаликларини тажрибали мутахассислар билан таъминлаш ҳам муҳим масалалардан биридир. Ҳозир соҳада давлатга ва жамоасига катта даромад келтираётган фермер хўжаликлари билан бирга, ажратилган ер майдонлари ва сув ҳавзаларидан фойдаланиш технологиясини яхши ўзлаштирмаганлиги оқибатида зарар кўраётганлари ҳам йўқ эмас. Шу боис, ҳукуматимиз тавсияси асосида жойларда ўтказилаётган оптималлаштириш тадбирларида маҳаллий ҳокимликлар томонидан балиқчилик фермер хўжаликларининг оғриқли нуқталари ҳам ҳисобга олиниб, тармоқ истиқболи йўлидаги муаммолар ижобий ҳал этилса, айни муддао бўларди.

Шунингдек, бонитети паст, шўр, захкаш ерларда фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалигининг баъзи экинларидан фойда олмаётганлиги ва йилни зарар билан якунлаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Бизнинг фикримизча, ушбу майдонлар балиқчилик фермер хўжаликлари ихтиёрига берилиб, мазкур ҳудудларда кўллар яратилса, мамлакатимизда балиқ етиштириш ҳажми янада кўпаяди. Қолаверса, республикамизда балиқ учун омухта ем ишлаб чиқаришни ҳам қониқарли, деб бўлмайди. Сабаби ем таннархи бирмунча юқори, бу муаммони ҳал этиш учун фермер хўжаликлари имкониятларини янада кенгайтириш лозим.

Ихтисослаштириш миқёсини кенгайтириш учун қурилиш-монтаж ишларини олиб борадиган махсус ташкилотлар барпо этиш, шунингдек, лойиҳасиз барпо этилаётган сув ҳавзалари қурилишига чек қўйиш зарур. Бир гектар сув ҳавзасида етиштирилаётган тирик балиқлар 30-40 центнердан кам бўлмаслиги лозим. Зеро, давлатимиз томонидан яратиб берилаётган қулай шарт-шароит ва имкониятлар ҳар биримиздан соҳа истиқболи йўлида фидойилик ва тадбиркорлик билан меҳнат қилишни тақозо қилади.