Наманганда бу йил ўтган йилга нисбатан 1,5 минг тонна кўп балиқ етиштириш режалаштирилмоқда

Наманган вилоятида айни пайтда 212 та балиқчилик хўжалиги фаолият кўрсатмоқда, деб ёзади ЎзА.

Ўтган йили 177 та фермер хўжалиги ва 11 та бошқа мулкчилик шаклидаги хўжаликлар томонидан уч минг 550 тоннадан ортиқ балиқ етиштирилди. Банк кредити ва ташаббускорлар томонидан йўналтирилган 10 миллиард сўмдан зиёд сармоя ҳисобига 68 та янги лойиҳа амалга оширилиб, 542 гектар майдонда янги сунъий ҳавзалар ташкил этилди. Бунинг самарасида 237 та иш ўрни яратилди. Йил давомида бозорларда балиқ маҳсулотларининг нархи барқарор бўлишига эришилди.

Жорий йилда вилоятда тўрт минг 970 тонна, яъни ўтган йилгига нисбатан 1,5 минг тонна кўп балиқ етиштириш режалаштирилган.

Соҳадаги яна бир эътиборга молик янгилик, жорий йилнинг ноябрь ойида Учқўрғон туманида совуқ сувда яшовчи қимматбаҳо форел балиғини боқишга ихтисослашган янги хўжалик ташкил қилиш кўзда тутилган. Қиймати 10 миллион долларга тенг мазкур лойиҳа «Ипотекабанк» вилоят филиали томонидан молиялаштирилади. Янги хўжаликда 300 та янги иш ўрни яратилади.