Беда қандаласи зарари ва унга қарши кураш чоралари

Марказий Осийода сўқир қандалалар оиласининг 650 тури (170 авлоди) тарқалган бўлиб, улардан 1% гина маданий ўсимликларга зарар келтиради. Ўзбекистонда 13 тури учрайди, аммо улардан атиги икки тури беда ва дала қандаласи ғўзада зарар етказади.

Сўқир қандалалар – танаси кичик ва ўрта ўлчамга эга бўлган нозик ҳашоратлардир. Мўйловлари бошларидан узун, тўрт бўғимли, иккинчи бўғими бирмунча узун, қолган халқасимон бўғимлари ингичкароқ кўринишга эга. Оддий кўзлари мавжуд эмас. Хартумчаси эркин жойлашган, тўрт бўғимли. Элкасининг олдинги қисми ўрта қисмига нисбатан кенг, унинг олд қирраси тўғри ёки бироз ўйиқлари бор. Икки жуфт қанотлари, баъзи бир холатларни ҳисобга олмаганда, яхши ривожланган. Панжалари уч бўғимли, тирноқларининг ўсимталари бор. Олдинги қорин бўғимларининг орқа қирраси навбатдаги бўғимларининг олдинги қирраларини ёпиб туради. Сўқир қандалаларнинг тухумлари чўзинчоқ шаклга эга бўлиб, ялтироқ тусли оч сариқ ёки ним яшил рангга эга, унинг юқори қисми яхши мустаҳкамланмаган ва личинка чиқадиган тешикни ёпиб турувчи қопқоқча билан таъминланган.

Личинкалар 3 гуруҳга ажратилиб 5 та ёш бўйича ривожланади.

Қанот ўсимталари бўлмаган кичик, ўсимталар бироз сезиладиган ўрта ва қанот бошланғичлари яхши ривожланган катта личинкалар фарқланади. Личинкалар танаси ва оёқларининг тузилишига кўра вояга этган қандалаларга ўхшайди, бироқ улардан ранги, тана ва оёқларидаги бўғимлар сони ўсимталарининг ўзаро нисбати билан кескин фарқ қилади. Сўқир қандалаларнинг личинкалари вояга етганларига ўхшаш хўра бўлиб, уларнинг зарарли таъсири ИИ, ИИИ ёшли давридаёқ тўлиқ номаён бўлади.

Дала ва беда қандаласи – кенг маънодаги ҳаммахўр ҳашорат бўлиб турли маданий ўсимликларни шикастлайди.

Вояга етган қандаланинг тана ўлчами бир мунча йирикроқ 5,8-7,3 мм ни ташкил этади. Танасининг ранги – сарғиш яшилдан қизғиш – жигарранггача. Елкасининг олд қисмида бир-бирига параллел жойлашган 4 та қорамтир доғи бор.

Элкасининг олд қирраси бўйлаб узук-узук қора доғлар жойлашган. Олд қанотларининг терисимон қисмида суртма шаклидаги 3 та қора доғни ва юқори қисмида, мембрана ёнида биттадан жойлашган доғларни кўриш мумкин. Оёқнинг сон қисмида 3 тадан қорамтир кўндаланг белбоғлар, болдир қисмида икки қатор қаттиқ хитинлашган ўсимталар бор, панжалар иккита тирноқчалар билан тугалланади. Тухумининг ранги тиниқ, шаффоф оқимтир-яшил, кувача шаклида, ўлчами 0,9-1,2 мм, тухумининг олд қисми тўмтоқ, орқа қисми худди кесиб қўйилганга ўхшайди. Баъзи вақтларда қўйилган тухумлар поянинг устки қисмига чиқиб қолади, унинг пастки томони силлиқ бўлиб, эни 0,3-0,5 мм га этади. Тухум қўйиладиган жой юмшоқ бўлса, тухум поя ичига тўлиқ киритилади.

Личинканинг ўлчами 1-4 мм. Дала қандаласи личинкасининг бошқалардан ажратиб турадиган белгиси шуки, унинг елкаси олд ва орқа елка қисмида иккитадан қора доғи бор, ҳамда қаншари ва қорин қисмида 1 тадан қора доғлари бор. Личинканинг дастлабки 3 ёшдагилари сарғиш, 4-5 ёшдагилари яшилсимон сариқ.

Дала қандаласи вояга етган хашорат даврида ўтсимон ўсимликлар, тўкилган хазонлар остида қишлаб чиқиб, хаво ҳарорати 12℃ га етганда алохида зотлари, 16℃ га кўтарилганда эса қандала озуқа излаб уча бошлайди. Аммо қалин тўшама остида қишлаётган қандалалар ҳарорат 22-25℃ га етгандагина чиқа бошлайди, яъни уларнинг қишловдан оммавий чиқиши март ойининг иккинчи ярмидан апрел ойининг биринчи ўн кунлиги охирига қадар давом этади. Қишловдан чиққан қандала зотлари дастлаб кузги буғдой экинига йиғилади. Орадан 9-12 кун ўтгач тухуми етилган урғочилар дастлаб кузги экин далаларини тарк этиб жағ-жағ, суретка, отқулоқ ва бошқа оммавий гуллаган бутгулли ўсимликларга тўпланади. Эркак қандала зотлари эса кузги ғалла экинларидан урғочи зотлари учиб кетишидан сўнг бир ҳафта ўтиб тарк этадилар.

Урғочи қандаланинг жағ-жағ ва сурепка ўсимликларига оммавий тухум қўйиши апрелнинг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида кузатилади.

Дала қандалалари иккинчи авлодининг алохида зотлари май ўрталарида пайдо бўлади, майнинг учинчи декадаси ўрталарида суретка, отқулоқ ва уруғлик бутгуллиларда уларнинг кўп миқдорда тўпланиши шу даврдан бошлаб қандалаларнинг алохида зотларининг ғўзага ўтиши кузатилади.

Бедада қандалаларнинг оммавий тухум қўйиши май охирида кузатилади, тухум қўйиш ушбу далаларда ўсадиган шўрада ва бошқа бегона ўсимликларда амалга ошади, сабаби биринчи йилдаги беданинг пояси ингичка бўлиб тухум қўйишга ярамайди. Бедада тухумлар ўсимликнинг ўсиш конусига яқин бўлган ён шохларига қўйилади. Қандалалар 150-250 донагача тухум қўяди.

Қандалаларнинг ғўзага тухум қўйиши май ойи охирида бошланади, оммавий тухум қўйиши эса июннинг биринчи декадасида кузатилади. Зараркунанда санчиб сўрган жойда ним-қўрғошин рангли доғлар пайдо бўлади. Ғўзада тухум барг бандига ва поянинг ўсиш конусига яқинроқ жойга қўйилади. Дала қандалаларининг иккинчи авлод личинкалари бедада июн ойи ўрталарида, ғўзада бундан 5-7 кун кейин пайдо бўлади. Қандалалар учинчи авлоди айрим личинкаларнинг пайдо бўлиши июл ойининг иккинчи декадаси бошларида оммавий кўчиш 4-5 кундан сўнг кузатилади.

Дала қандаласининг тўртинчи авлоди август ойи охирида ғўзага тухум қўяди ва ривожланишининг тўлиқ цикли сентябрда амалга ошади. Октябр ойининг бошидан дала қандалаларининг оммавий кўчиши улар ёқтирган бегона ўтларга (шувоқ, ялпиз, сув қалампири, бўйимадорон, эшакшура, дала печаги ва бошқалар) кузатилади. Дала қандаласи бир йилда 5 авлодгача кўпаяди.

Қандаланинг тухумдан имагогача ривожланиш давомийлиги ҳаво ҳароратига боғлиқ. Баҳорда апрел қисман май ойида тухумдан имагогача ривожланиши деярли 60 кунда, жазирама даврида эса 20 кунда амалга ошади. Хашоратнинг бир генерасияси тўлиқ ривожланиш цикли учун зарур бўлган самарали ҳарорат йиғиндиси 10℃ чегарасида 350℃ ни ташкил этади.

Ушбу тур картошка туганагининг вертисиллёз дуксимон вирус касаллиги ташувчиси ҳисобланади, у картошка баргларининг ола-чипор бўлиши, беданинг вирусли касалликлари, ғўза гомози, ловия бактериози, тамаки мозаика касалликларини тарқатади.

Қандалаларнинг зарари

Дала ва беда қандаласи мева, дон, дукакли ва полиз экинларини айниқса беда, лавлаги, маккажўхори ва тамакини, ғўза, қовоқ, картошка ва бошқа ўсимликларни зарарлайди. Ўтказилган тадқиқотлар қандала билан зарарланган ғўзада шона, гул, ғунча ва кўсакларни тўкилиб кетиши ва баргларни сарғайиб, қуриб қолишини кўрсатди. Қандалалар билан ғўзани зарарланиши, ўсимликда нафас олиш интенсивлигининг ва оксидловчи ферментлар фаоллигининг камайишига, ҳосилни сезиларли йўқолишига, тола сифатининг ёмонлашувига, ёш ҳосил элементларининг тўкилиши ва уруғнинг яроқсизланишига олиб келади.

Кузатишлар шуни кўрсатдики, қандалалар билан зарарланган ғўзапояларни катта миқдори қуриб қолган, аммо тўкилмаган шона, гул ва ёш кўсакларни бўлиши билан фарқланиб туради. Шона, гул тугунча ва кўсакларни зарарланган жойида ғўза шарбатининг сариқ томчиси пайдо бўлади, кейинчалик улар ҳавода қурийди ва қорайиб қолади. Ҳосил элементларини зарарланган жойларида қора доғлар пайдо бўлади. Доғлар атрофидаги бир неча санчишлар ҳисобига улар катталашади ва бошқача тус олади. Кўсак деформацияга учрайди, баъзан муддатидан олдин очилади. Бу ҳолат пахта толаси ва уруғнинг сифатига салбий таъсир этади.

Вақт ўтиши билан бир қанча санчишлар таъсирида нотўғри ривожланаётган тўқиманинг устки қисми дарс кетади ва ёриқ пайдо бўлади. Ёриқдан йирик ҳужайралардан ташкил топган ярим суюқ кўсак шираси – камед оқиб чиқади. Бундай кўсакларни ички қисми ўзгаради, тола ва уруғ бузилади ва камед билан ёпишган қўнғир моддага айланади. Мабодо ҳосил тугунчалари шикастланган бўлса улар ривожланмайди ва қуриб қолади.

 Ғўзани ёппасига зарарлаганда пахта ҳосилини 40-50 % айрим ҳолатларда 70-80% гача йўқотилишига сабаб бўлади.

Қандалаларни ғўза майдонларида тарқалишини олдини олишга оид тавсиялар

Сўқир қандалалар миқдорини уларнинг дастлабки кўпайиш жойларида камайтириш ҳамда зараркунандаларни бошқа экинларда кўчишини олдини олиш мақсадида қуйидаги тавсияларни амалга ошириш ўта муҳим:

– қандалаларнинг қишлаш зичлиги ва қишлаб чиққан ҳашоратлар сонини аниқлаш мақсадида дала қандалалари ҳуш кўрган бир йиллик ўсимликлар: шувоқ, шовул, ялпиз каби бегона ўтлар кузги ва эрта баҳорги ҳисобга олиш ишларини ташкил этиш;

– беда қандаласининг зичлигини кузда, ҳосил йиғилгандан сўнг ва эрта баҳорда бегона ўтларда, беда анғизида личинкалар чиққунга қадар қишловчи тухумлар миқдорини аниқлаш;

– беда қандаласининг қишлаётган тухумларини камайтириш мақсадида беданинг кузги (охирги) ўримини имкон қадар тагроғидан (5-6 см қолдириб) ўриш;

– уруғликка мўлжалланган бедапояларни кузда чимқирқарсиз плуг билан 25-30 см чуқурликда ҳайдаш;

– шувоқ, ялпиз, сув қалампирига дала қандаласи сентябр-октябрда кўчиб ўтиши ва у ерда охирги авлоди ривожланиши ва қишлашга кетишини инобатга олиб бундай бегона ўтларни кузда ўриб ташлаш;

– баҳорда, апрелнинг 2-ярмида бегона ўтлар (сурепка, жағ-жағ, отқулоқ)ни йўқотиш, бу давр дала қандалалари ҳуш кўрган бегона ўтларга ялпи тухум қўйиш муддатларига тўғри келади ва зараркунанда кўпайиши олди олинади;

– беда қандаласи қишлаган қандала тухумлари ва улардан чиққан личинкаларини ўз вақтида йўқотиш учун баҳорда бедапояларни бароналаш;

– бегона ўтлар (жағ-жағ, сурепка, шўра, шовул)ни ғўза экини орасидан мунтазам равишда йўқотиб бориш, айниқса ғўза шоналаш даврида бу тадбир ўта мухимдир, чунки бу даврда дала қандаласининг тухум қўйиши қисман юқорида кўрсатилган бегона ўтларда кузатилади;

– уруғлик беда шоналаш даврида ҳимоя чора тадбирларини ўтказиш;

ғўзани муддатидан олдин айниқса биринчи суғоришда ҳамда тупроқнинг ўта намланишига йўл қўймаслик зарур чунки бу ҳол дала қандаласининг ғўза экинига ўтишининг асосий сабабларидан бири ҳисобланади;
– минерал ўғитлар билан озиқлантириш, айниқса фосфор-калийли ўғитлар, ғўза ва бедани сўқир қандалалар билан шикастланиш даражасини бирмунча камайтиради;

– беда ўримида даланинг 8-10 м кенгликдаги чекка майдончаларини қолдириш ва шу ерда тўпланган қандалаларни, заруриятга қараб қириб йўқотиш мақсадида кимёвий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш.

Сўрувчи ҳашоратларга қарши ғўза, беда ва бошқа экинларда қўллаш учун рухсат этилган барча фосфорорганик инсектоакарисидлар қандалаларга қарши ҳам самарали восита ҳисобланади. Аммо уларнинг иссиққонли ҳайвонларга ва фойдали ҳашоратлар учун юқори даражада захарли эканлиги ва атроф муҳитга таъсир этувчи бошқа салбий томонлари уларни амалда қўллашда ниҳоятда эҳтиёткорликни талаб этади.

Ушбу гурухдаги преператларни зараркунандалар миқдори иқтисодий хавфлилик чегарасидан ўтганда қўллаш керак. Ишлов беришни самараси кеча – кундуз вақти билан боғлик. Кундузги соатларда сўқир қандалаларнинг вояга етган зотлари жуда фаол ҳаёт кечиради ва экинларга ишлов беришда ер агрегатлардан фойдаланиш уларни чўчитиб юбориши ва улар бошқа майдонларга тарқалишига сабаб бўлиши мумкин. Қандалалар фақат эрта тонгдаги вақтларда соат 5:00 дан 7:00 гача суст бўлади, шунинг учун ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини қўллаш эрта тонгда белгиланиши лозим. Беда қандаласига қарши Сурхондарё вилоятида Далате плюс препаратидан 1 гектар майдонга 0.25 литр, Энтолучо препаратидан 1 гектар майдонга 0.3 литр, Энтометрин препаратидан 1 гектар майдонга 0.3 литр, Би-58 препаратидан 1 гектар майдонга 0.5-1 литр, Энтоспилан препаратидан 1 гектар майдонга 0.3 кг, Делтасиси препаратидан 1 гектар майдонга 0.1-0.6 литр ва Энтомектин препаратидан 1 гектар майдонга 0.3-0.4 литр ишлатилганида самараси 90-95% гача ташкил этди. Бунга мисол қилиб Шўрчи туманидаги Соатов Абдуалим Фермер хўжалигига қарашли 100 гектар пахта майдонининг 20 гектарига Би-58 препаратини гектарига 0.5 литр дан қўлланилганда 92% самара берди. Фермер хўжалик бошлиғи Соатов Абдусалом ака компаниямизга миннатдорчилик билдирди.