Биогумуснинг нафи ёхуд Калифорния чувалчанги ҳақида

Биогумус гўнгдан тайёрланган сифатли органик ўғит бўлиб, қишлоқ хўжалик экинларининг барчасига қўллаш мумкин. Унинг таркибида 40-50 фоиз қуруқ органик масса, 10-12 фоиз гумус, 0,8-0,3 фоиз азот, 1,3-2,5 фоиз фосфор, 1,2-3,9 фоиз калий, 4,5-8,0 фоиз кальций ва бошқа микроэлементлар мавжуд. Ёмғирдан кейин чувалчанглар органик массаларга ўрмалашиб, ер юзасига чиқади. Заминимизда чувалчангнинг 97 турини учратиш мумкин. Фақат бир неча туригина  боқиш учун яроқли. Чувалчанглар кўп уруғ ҳосил қилади, 20 та уруғдан 4-5 таси тирик қолади. Қизил Калифорния чувалчанги оддий «ёввойи» чувалчангга нисбатан жуда фаол ва серпуштдир. Агар унинг озуқаси етарли бўлса, уйини тарк этиб кетмайди. Узунлиги 99 миллиметргача, тана диаметри 3-5 миллиметр бўлиб, қулай шароитда ҳар 7 кунда уруғлайди. Уруғлагандан кейин (20 тагача) тухумли капсула қўяди ва 14-20 кундан сўнг янги авлод дунёга келади. Янги туғилган чувалчанглар 90 кундан сўнг балоғатга етади. Қулай шароитда бир дона Калифорния чувалчангги 1,5 минг чувалчангни дунёга келтириши мумкин. Бу тур чувалчанг ҳар куни органик моддалардан ўз вазнига тенг овқат тановул қилади. Бир тонна органик чиқиндилардан 600 килограмм биогумус ва 100 килограмм оқсилга бой биомасса ишлаб чиқарилади. Гўнг, бегона ўтлар, барглар, дарахт новдалари, апилка, сомон, ошхона чиқиндилари, ўрадаги ювиндилар, қушхона, ҳайвонлар чиқиндилари, қоғоз картон ва бошқалар чувалчанг овқатидир. Шунга қарамасдан гўнгни тўплаб, 4-5 кун сув сепиб туриш зарур. Натижада органика қизиб, парчаланиш жараёни юз беради. Агар биомасса тўпламига бўр кукуни, сўндирилган оҳак ёки доломит унидан чанглатилса мақсадга мувофиқ. Чунки чувалчанглар аччиқ муҳитни ёқтирмайди. Қуртни бинолар ичида ҳам, очиқ ҳавода ҳам боқса бўлади. Чувалчангни ўриндиқларда 30-100 мингтагача боқиш мумкин.

Бир йилда бир ўриндиқ (2×1 м) да бир тонна гумус тайёрлаш мумкин. Чувалчанглар ҳаёти учун 40 фоиз тўйимли субстрат сарфланади, 60 фоиз копромит шаклида биогумус ҳосил бўлади. Шундай қилиб, бир ўриндикдан йилига 0,4-0,6 тонна биогумус ва 0,1 тоннага яқин чувалчанг биомассаси олинади. Ёмғир тўпланиб кўлмак ҳосил бўлмаслиги учун ўриндиқлар бироз нишоб участкаларда қурилади. Чувалчангни, айниқса, кўрсичқондан асраш керак, улар ашаддий душман.

Чувалчанг боқишни қайси кун ва қайси ойда бошласангиз ҳам фарқи йўқ. Энг қулай вақт баҳор, куз ва ёздир. Чувалчанглар аммиак ва юқори ҳароратга таъсирчан бўлади. Шу сабабли, овқатланиш учун фақат ферментациядан ўтган ва совутилган гўнгдан фойдаланиш мумкин. Бошқа органик чиқиндилар ҳам чириши лозим. Чувалчанг боқиш учун хонаки қуён гўнги 5-10 кунда, отники 3-4 ойда, қорамолники 5-6 ойдан сўнг тайёр бўлади.

Овқат кам бўлса чувалчанглар чиқиб кетади, овқат кўп бўлса, нафас олиш ва газ алмашинуви қийинлашади. Доимо чувалчангларнинг кўпайиши ва  ривожланишини назорат қилиб туриш керак. Чувалчангларни қутиларда, балкон, ер тўла, гаражларда ҳам боқиш мумкин.

Тажрибалар шуни кўрсатадики, чувалчанг ёрдамида органик моддаларни қисқа муддатда ўсимликлар тез ўзлаштира оладиган биогумусга айлантириш мумкин. Биогумуснинг қимматли хусусияти шундаки, у донадор структурага эга сув ювиб кетишига чидамли. Биогумус таркибида ўсимликларни озиқлантирувчи моддалар миқдори ўн маротаба кўп. Дейлик, чорвачилик фермасида 500 бош қорамол сақланса, ундан чиқадиган гўнгдан 200 гектар ерни озиқлантириш мумкин. Шунча миқдордаги органикани биогумус ишлаб чиқаришга сарфланса, 1000 гектар ерни озиқлантириш мумкин. Бундан 12-15 йил бурун Олтинсой туманидаги «Оқ олтин», Шўрчи туманидаги «Пахтакор» хўжаликлари чорвачилик комплексларида биогумус тайёрланиб пахта ва ғалладан юқори ҳосил олинган. Биогумусни сабзавот ва полиз майдонларига ҳам қўллаб, экологик тоза маҳсулот олиш мумкин.

Ҳозирда Узун туманидаги Б.Омонов номли СИУ «Обизаранг» маҳалласи “Чошиён” қишлоғида Носир Эрназаров бошчилигида «Одил Хол» кичик корхонасида биогумус тайёрланмокда. Ушбу корхонада 100 тоннадан кўпроқ биогумус ва 60 миллион донадан кўпроқ Калифорния чувалчанги бор.

Биогумусни ер ҳайдаш олдидан ҳар гектар майдонга 4 тоннадан қўллаш яхши самара беради, тупроқ  донадор бўлади, агрофизикавий ва агрокимёвий хусусияти яхшиланади, ўсимлик касалликлари ва  тупроқ зичлиги камаяди, экинлар ҳосили 15-20 фоизга ошади. Фермер хўжаликлари хандакларга чувалчангни кўпайтирса, маҳсулот таннархи арзонлашади.

Бизни телеграмм каналимизда ҳам кузатиб боринг!