Биринчи чоракда 9,6 миллион долларлик экспорт амалга оширилди

Халқаро пресс клубнинг бу галги тадбири Ўзбек ипакчилигида янги ислоҳотлар даври бошлангани, эришилаётган ютуқлар ва келгусидаги вазифаларга бағишланди.
Унда қайд этилишича, юртимизда бу йил уч марта ипак қурти парваришлаш белгиланган бўлиб, айни пайтда баҳорги пилла мавсуми бошланди. Иккинчиси май, учинчиси эса август ойларига мўлжалланмоқда.
Баҳорги мавсумда республикамиз бўйича жами 330 минг қути ипак қурти парваришланиб, 18 минг тонна пилла олиш режалаштирилган.
Ана шундай улкан хирмон яратиш учун энг аввало озуқа базасини мустаҳкамлаш чоралари кўрилди. Хусусан, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан ипак қурти озуқасини ривожлантириш ва тутзорлар ташкил этиш мақсадда хатлов ўтказилиб, 43,9 миллион дона якка тут дарахтлари ва тутзорлар майдони 43,4 минг гектар экани аниқланди. 2017 йилнинг кузи ва 2018 йилнинг баҳорида 30 миллион туп тут кўчати экилди. Шундан 13,3 миллион тупи Хитойдан келтирилган бўлиб, улар интенсив усулда етиштирилади.
Албатта, тизимда пиллани қайт ишлаш корхоналари ҳам фаол иштирок этмоқда. 2018 йилнинг биринчи чорагида улар томонидан 165 миллиард сўмлик саноат, 19,7 миллиард сўмлик халқ истеъмоли моллари, 683,3 тонна табиий ипак, 1034 минг.п.метр ипакли газлама ишлаб чиқарилди.
2017 йилда экспорт ҳажми 37,6 миллион долларни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, 9,6 миллион долларлик экспорт амалга оширилди.
Эришилаётган натижалар экспертлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда.
Пресс клубда иштирок этаётган Италиядаги «Ongetta» компанияси Президенти А.Онжетта йиғилганларга ўз таассуротларини баён этди:
– Биз Европа-Ўзбекистон бизнес форуми доирасида Бухоро ва Самарқанд вилоятидаги бир қатор корхоналарда бўлдик,-дейди у.- Хусусан, Каттақўрғон туманидаги “Кумуш тола” хусусий корхонасида бўлиб, корхона фаолияти билан яқиндан танишдим. Корхона кичик бўлсада, иш жараёни, маркетинг ва менежмент тизими халқаро талабларга жавоб беради. Қуритиш, ускунасида тортиб, ипакни қайта ўраш ускунасига қадар ҳаммаси кетма-кетликда қулай жойлашган экан. Улар ўтган йили 289 тонна ҳўл пилла қабул қилган экан. Бу йил эса 312 тонна учун жой ҳозирлаб қўйилган экан. Албатта, бу оилавий корхона учун жуда яхши натижа. Тарихий жойларда ҳам бўлдик. Юртингизнинг қадимий ва замонавий усуллар уйғунлашган биноларидан ҳайратга тушдик. Келгусида албатта, “Кумуш тола” корхонаси билан ҳамкорлик қилишни йўлга қўймоқчимиз.
Халқаро пресс клуб ўз ишини давом эттирмоқда.

 

Сайёра Шоева, ЎзА