Биринчи марта учишида суст учаётган ариларга ёрдам бериш

Картинки по запросу арилар

Арихонада ари оилаларини ривожлантириш ва кўпайтириш ишлари аниқ бажарилса, етарли ҳамда сифатли озиқ моддаси бўлса, оилага танаси физиологик ёш, кўп сонли арилар билан қишлашга кирса, у ҳолда оилалар мувафаққиятли қишдан чиқади.

Акс ҳолда, суст учаётган, қоринлари шишиб, уя деворларида судралиб юрувчи, муваффақиятсиз қишлаб чиққан ари оилалари учрайди. Бундай муваффақиятсиз оилаларни биринчи навбатда текшириб, ёрдам кўрсатилади: уянинг таг қисми ахлат, ўлган арилардан тозаланади, инчали мумкатак ромларнинг ариларнинг ахлати билан ифлосланганлари ажратиб олинади, озиғи бор сифатли ромлар қўйилгач, оиланинг ички ҳажми қисқартирилиб, иситгич ёстиқчалари билан ўралади.

Агарда мумкатак инчаларда тухумлар бўлмаса, у ҳолда оилада она ари бўлмайди ва тезда она ариси бор кичик оила ўша оилага қўшилади.

Йирик арихоналарда кўп сонли ари оиласини асаларичи юқорида айтиб ўтилган муваффақиятсиз оилаларни тузатиш мақсадида бир-бирига қўшиб юборади, уларни ривожлантириб, кўчга чиқиш ҳолатлари юзага келмасдан аввал янги ёш оилалар ажратиб олинади ва қўшиб юборилган ари оилаларининг ўрни тўлдирилади. Бундай пайтларда қўшни уя арилари ўғирликка кирмаслиги учун ари кирадиган тешикчалар битта-иккита ари кирадиган даражада кичрайтирилади.