Бизнес режа тузаётганда буларга эътибор беринг

Картинки по запросу biznes plan

Ҳар бир ишни бошлашдан олдин, у хоҳ бизнес бўлсин, хоҳ бошқа бир юмуш, уни пухта режалаштириш кераклигини ҳаммамиз биламиз. Бизнес бошлашдан олдин режа тузиш сизни келажакда келиб чиқиши мумкин бўлган кўплаб бошогъриқларни олдиндан кўра билиш ва ўйлаган ишингизда янада муваффақиятли бўлишингизда сизга ёрдам беради.

Шундай экан, бугун бизнес режа ёзаётганда эътибор беришингиз керак бўлган асосий жиҳатлар ҳақида гапириб ўтмоқчимиз.

 1. Бизнес режа ёзишдан мақсад нима эканлигини аниқлаб олинг

Бизнес режа нима мақсадда ёзилаётганига қараб турли шаклда бўлиши мумкин. Бизнес режалар одатда қуйидаги мақсадларда ёзилади:

Бошланғич сармояни тахминан ҳисоблаб чиқиш
Бизнес лойиҳанинг умуман олганда фойдали ёки зарарли эканлигини билиш
Маҳсулот ёки хизматингизни, мижозларингизни ва рақибларингизни аниқлаштириш
Бизнес моделингиз, мақсадларингиз, ва бу мақсадга эришиш учун керакли стратегияларни белгилаш;
Бизнес лойиҳангизни бошқаларга (банк, сармоядорлар, ҳамкорлар ва ҳ.к.) тушунтириб бериш

 2. Нима ҳақида ёзишингизни ўйлаб режа тузиб олинг

Режангизнинг асосий бўлимлари рўйхатини тузиб олинг, ёки диаграммалар ёрдамида муҳим фикрларингизни қисқа қилиб қогъозга туширинг. Асосийси булар ўзингиз учун тушунарли бўлса бизнес режангизни ёзиш жараёни ўзингизга осонлашади.

3. Ўзингиз ҳақингизда маълумот беринг.

Ким сиз, ўйлаган бизнесингизни амалга ошириш учун сизда қандай имкониятлар бор, таълим ва малакангиз ҳақида билдиринг.

4.Маҳсулот ёки хизматингиз нима эканлигини таърифлаб, тушунтириб беринг

Мижозларингизга сизнинг маҳсулот ёки хизматингиздан нима фойда борлиги, маҳсулот/хизматингизнинг ўзига ҳос жиҳатлари, ишлаб чиқариш жараёни ва ҳоказолар.

5.Ҳаридор/ мижозингиз кимлигини белгилаб беринг

Нимага айнан шу турдаги мижозлар бозорини танлаганингизни тушунтиринг. Келтирган сабабларингизни ўз шахсий тажрибангиз ёки қилинган изланишлар ва тадқиқот натижалари билан дастакланг.

6.Маҳсулотингизнинг ўзига хос ва бошқалардан ажралиб турувчи жиҳатлари

Нимага мижозларингиз бошқа рақобатчиларингизнинг эмас сизнинг маҳсулот ёки хизматингизни сотиб олиши кераклиги ҳақида ёзинг. Сизнинг нарҳларингиз бошқалардан арзонроқми, ё сифат жиҳатдан ажралиб турасизми? Балки сизнинг жойингиз мижозлар учун қулайдир, ёки вақтдан ютиш имконини берарсиз?

7.Ҳаридорларингиз маҳсулотингиз учун тахминан қанча пул сарфлашини аниқланг

Мижозларингизни сизнинг маҳсулот ё хизматларингизга қанча пул тўлашга тайёр эканликлари, бир йилда ўртача неча мартта шу маҳсулот/хизматни сотиб олишларини ҳисоблаб ёзинг. Албатта бу ерда қуруқ тахминлар эмас яна изланиш ва тадқиқотлар натижасидан келиб чиқиб ёзишингиз керак.

8.Бир йилда ўртача қанча маҳсулот ишлаб чиқара олишингиз ҳақида ёзинг

Ишчи кучи ёки ускуналарингизнинг қобилиятидан келиб чиқиб бир йилда шу маҳсулотдан энг коп қанча ишлаб чиқара олишингизни ёки хизматингизни неча марта бера олишингизни ҳисоблаб ёзинг. Яна далилларга асосланиб ёзиш керак.

9.Ҳар бир маҳсулотнинг тан нарҳи қанча бўлишини ҳисобланг

Маҳшулот ишлаб чиқариш учун кетадиган материаллар нарҳидан тортиб ишчиларга бериладиган ойлик, дўкон ёки ускуна аренда харажати, солиқ, электр, телефон интернетдан тортиб барча харажатларни ҳисобга олган ҳолда ҳар бир маҳсулотингизнинг тан нарҳи қанчага тушишини ҳисоблаб чиқинг.

10.Қанча бошлангъич сармоя керак бўлишини ёзинг

Ишни муваффақиятли бошлаб олиш учун қанча бошлангъич сармоя керак бўлишини ва бу сармоя нималарга ишлатилишини тушунтиринг.

11.Умуман олганда сизнинг бизнесингиз нимага фойда келтирадиган бўлишини ва қанча вақтда фойда олиб келишни бошлашини далиллар билан ёзинг

Бунинг учун бозорни яхшилаб ўрганиб, ҳисоб китобларни тўгъри ва ишонарли қилишингиз керак.

12.Бизнес режангиздаги асосий бўлимларининг қисқа мазмунини санаб ўтинг.

Буни бизнес режангизнинг бошига жойланг. Кўпинча сармоядорларнинг бизнес режани тўлиқ ўқиб чиқишга вақтлари ва хоҳишлари бўлмайди. Шунинг учун улар режангизнинг барча муҳим ва эътиборга лойиқ жиҳатларини шу қисқа мазмунни ёритган ёзувдан оқиб, уларда қизиқиш уйгъотсагина кейин деталларни билиш учун асосий қисмни ўқишга киришишлари мумкин. Шунинг учун бу бўлим қисқа ва эътиборни тортадиган бўлиши керак.

Албатта бизнес режа ёзиш жиддий ва кўп вақт оладиган машқ. Юқорида санаб ўтилган жиҳатлардан бошқа яна эътибор берилиши керак бўлган кўплаб бошқа муҳим жиҳатлар ҳам бор. Сиз ҳам бизнес режа тузган бўлсангиз, ёки бу борада сиз билган ва биз айтиб ўтмаган бошқа жиҳатлар бўлса қуйида ‘фикр қолдиришъ қисмида билдириб ўтинг.