Боғдорчиликда хориж тажрибаси

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Green Organics» агрофирмаси фаолияти йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда.

АҚШнинг «MB Group Holding LLC» компанияси ва тумандаги «Irkin Bijjanov» фермер хўжалиги ҳамкорлигида ташкил этилган хўжаликда 44 гектар интенсив боғ мавжуд. Бодом, олма, олхўри, узум ва нок каби мевали дарахт кўчатлари экилган боғ тумандаги адир ерда жойлашгани учун томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган. Бу эса сувнинг бирдек тақсимланиши ҳисобига дала бўйлаб намлик бир меъёрда тарқалишини таъминлайди.

– Кўчатларнинг махсус минерал ўғитлар билан аралаштирилган сув билан озиқлантирилиши натижасида улар яхши ривожланиб, юртимиз иқлимига тез мослашди, – дейди «Green Organics» агрофирмаси раҳбари Жамшид Розиқов. – Ҳамкорликда ташкил этилган интенсив боғларнинг афзал томони нисбатан кичик майдондан, кам сув сарфлаб, кўп ҳосил олиш мумкин. Жорий этилаётган замонавий суғориш технологияси сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш имконини беради. Бу йилдан кўчатларимиз аста-секин ҳосилга кирмоқда. Бир гектар майдонга экилган 15-18 минг туп мевали дарахтдан 400-500 центнер ҳосил олишни режлаштирдик.

Кўчатларни парваришлаш бўйича хорижлик мутахассислар билан ҳамкорлик ҳам йўлга қўйилган. Агрофирма ташкил этилгач 10 нафар аҳоли иш билан таъминланди. Шунингдек, мавсумда ишнинг салмоғига қараб, яна қўшимча мавсумий ишчилар жалб этилади. Айни пайтда хўжалик мутасаддилари томонидан етиштирилаётган маҳсулотларни сақлаш учун 2 минг 500 тонна ҳажмдаги музлатгич қурилмокда. Келгусида тармоқни кенгайтириб, етиштирилаётган маҳсулотни қайта ишлаш режалаштирилган.