Бройлер жўжаларини парваришлаш

Гўшт йўналишидаги паррандачилик саноатида товуқнинг гўштдор етакч и кроссларидан Росс-308,708 (Англия, 1,2-расм), Хаббард (Франция, 3-расм), Арбор айкрес плюс (АҚШ, 4-расм), Кобб (АҚШ, 5,6-расм) бройлер кроссларидан фойдаланилмоқда. Улар жадал ўсиши билан фарқланадилар

  

1-расм. Росс-308 бройлер кросси 2-расм. Росс-708 бройлер кросси

  

3-расм. Хаббард бройлер кросси. 4-расм. Арбор айкрес плюс

     

5-расм. Кобб Авиан кросси.                    6-расм. Кобб Сассо кросси.

Бундай чатишган жўжаларнинг тирик вазни 38-42 кунлик ёшида 2.3-2.5 кг га етади. Бу ёшда сўйилган бройлер-жўжалар ёқимли парҳез гўшт бергани туфайли, аҳоли уни катта талаб билан истеъмол қилади. У тўйимлилиги жиҳатидан ўрдак ҳамда ғоз гўштидан юқори туради, чунки ундаги тўйимли протеинлар миқдори кўпроқ, ёғ эса камроқдир.

Жаҳон чорвачилик соҳасини ривожланиши шуни кўрсатадики чорвачиликда гўшт ишлаб чиқариш бўйича бошқа ҳайвонлар турига қараганда парранда гўштини ишлаб чиқариш жадаллик билан ривожланмоқда. Бройлер жўжаларини жадал ўсиши ва сарфланган озуқаларга нисбатан юқори сифатли арзон гўшт етиштириш, қисқа вақт ичида қилинган харажатларни қопланиши ҳамда аҳолини пархез парранда гўштига талаби ошиши сабабли бройлер йўналишидаги паррандачиликка қизиқиш тобора ортиб бормоқда.

Замонавий бройлер ишлаб чиқариш технологияси бир-бири билан боғлиқ бўлган иш тизими – бройлер жўжаларнинг ота-она галаларини ўстириш ва боқиш, инкубацион тухумларни ишлаб чиқариш, қисқа давр ичида (38-42 кун) бройлер жўжаларини гўштга етиштиришдан иборатдир.

 

БРОЙЛЕР ЖЎЖАЛАРИНИ ТЕХНОЛОГИК ПАРВАРИШ ҚИЛИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

 

Хўжаликда бройлер жўжаларини технологик ишлаб чиқаришни қуйидаги асосий тамойилларини инобатга олган ҳолда ташкил қилинади:

  • юқори маҳсулдор дурагай жўжаларни ўстириш;
  • ёш бройлер жўжаларни ва товуқларни биологик, яъни ўз таркибида меъёрга асосан озуқа моддалари, минерал компонентлар ва микроэлементлари мавжуд бўлган премикс билан бойитилган, тўйимли ва юқори сифатли омухта ем билан озиқлантириш;
  • паррандалар биносини ёпиқ ва оптимал микроклимати (ҳарорати, ҳаво намлиги ва алмашинуви), ёшидан келиб чиқиб мавжуд ёритиш рационал тизими ва физиологик ҳолатларини инобатга олинган ҳолларда паррандахона(бино)ларда ўстириш, боқиш ва етиштириш;
  • Юқумли ва юқумсиз парранда касалликларига қарши самарали ветеринария профилактик чора-тадбирларини қўллаш (бинони санация қилиш, бир вақтни ўзида бир ҳил ёшдаги паррандалар билан бинони тўлдириш, ўз вақтида иммунизация қилиш ва бошқалар);

 

БРОЙЛЕР ЖЎЖАЛАРИНИ ПАРВАРИШ ҚИЛИШ

 

Бройлерларни қафасларда сақлаш ва боқиш учун БКМ-3Б технологик ускуналар ва 3 ярусли КП-8 батареяларини ишлатиш мумкин. Бройлерларни катакларда сақлашнинг афзалликлари шундан иборатки, бир хил ҳажмдаги майдонда ер(пол)да боқилганга нисбатан 1,5 баробар кўп бош сонини кўп ушлаш мумкин, мос равишда бош сонини ҳисобига парранда гўштини ҳам кўп олиш мумкин, лекин шу билан бирга бройлерларни ер(пол)да боқилганига қараганда қафасда боқилган бройлерлар бир бошига нисбатан камроқ тирик вазн олиниши ва олинган 1 кг тирик вазн учун кўпроқ сарф харажат қилиниши аниқланган. Юқоридагилардан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, бройлерларни ерда боқиш ускуналари катакларда боқиш ускуналарига нисбатан 2 баробар арзон тушади. Бройлерларни ерда боқиладиган ускуналари харажатларини қоплаш учун 2-2.5 йил вақт талаб этилади, катакларда боқиладиган бройлерлар ускуналари харажатларини қоплаш учн 3-4 йил вақт талаб этилади.

Қалин тўшамада бройлерларни етиштириш технологияси энг муҳим ва ҳар томонлама мукаммал ўзлаштирилган технология ҳисобланади.

Боқилаётган бройлер жўжаларини тагига қалин тўшама учун моғорламаган, тоза ёғоч қипиғи, майдаланган похоллар 10-15 см қалинлигида ишлатилади. Бройлер жўжалари(7-расм)ни боқиш зичлиги 1 м2 га 12-14 бошни ташкил этади, шунда 1 кв. м. боқиш майдончасида тирик вазнда 32-36 кг парранда гўшти етиштирилади.

Бир бошга озиқлантириш фронти – 5 см ва сув ичиш фронти 1 см ни ташкил этади.

7-расм. Кобб бройлер жўжаси

Паррандахоналарда бройлер жўжаларини парвариш қилишда зарур бўлган ёруғлик меъёри

жадвал №1

ЖЎЖАЛАР ЁШИ

ЁРУҒЛИК

1-7 кун

30-40 люкс

Бир суткада 1 соат дам, 23 соат ёруғлик

8-38 кун

5-10 люкс

 

Паррандахоналарда бройлер жўжаларини парваришлаш учун зарур бўлган ҳарорат ва нисбий намлик меъёри

жадвал №2

 

ЖЎЖАЛАР ЁШИ

(ХАФТА)

 

ҲАРОРАТ

 

 

ҲАВОНИНГ НИСБИЙ НАМЛИГИ

 

ХОНАДА

ЖЎЖАЛАР ЖОЙЛАШГАН МАЙДОНЧАДА (БРУДЕР ТАГИДА)
1 30-29 34-32 65-70%
2 28-27 31-29 65-70%
3 28-26 65-70%
4 25-24 65-70%
5 24-23 65-70%
6 22-21 65-70%
7 20-18 65-70%

Изоҳ: агар брудер мавжуд бўлмаса, жадвалда брудернинг тагида кўрсатилган ҳаво ҳарорати, жўжалар елка баландлигидаги ҳаво ҳарорати ҳисобланади.

Маълумки, макиён ва хўрозчаларни ўсиш суръатлари ҳар ҳил бўлади. Хўрозчаларнинг 5-6 ҳафталик тирик вазни макиёнларга нисбатан 15-16 фоиз юқори, тирик вазнига сарф бўлаётган озуқа бирлиги эса 8-10 фоиз кам бўлади. Бу бройлерларни жинсига қараб ажратиб боқишда иқтисодий самарадорлигини оширади. Натижада бройлерларни тирик вазни бўйича тенглигини, жўжаларни бош сонини сақлаш кўрсаткичини юқорилиги, озуқаларни самарали сарфланишини, алоҳида заиф ривожланган жўжаларни ажралиб қолишини, сўйилган бройлерларни массаси ва ҳажми бўйича тенглигини (бир хиллигини) таъминлайди. Алоҳида ажратиб боқиш натижасида етилган хўрозчаларни олдинроқ, макиёнларга таъсири бўлмаган холда сотиш имконини беради. Бройлерларни алоҳида ажратиб боқиш натижасида 1 кв.м. майдондан бирга қўшиб боқилганга қараганда 10-12 фоиз кўп фойда олиш мумкин.

 

 

 

БРОЙЛЕРЛАРНИ ОЗИҚЛАНТИРИШ

 

Бройлер жўжалар бошқа қишлоқ хўжалик паррандаларига қараганда ўсиш суръатининг тезлиги билан ажралиб туради, шунинг учун уларни биринчи кунданоқ тўлиқ рационли омухта ем, таркиби мувозанатлашган озуқа билан боқиш муҳим аҳамиятга эга. Бройлер жўжаларини озиқлантириш 3 даврга: бошланғич – 1-10 кун, ўсиш – 11-24 кун ва якуний – 25 кун ва ундан юқори, ёки 2 даврга бошланғич (1-4 хафталик) ва якуний (5 хафта ва ундан юқори) даврга бўлинади.

Жўжаларнинг биринчи 4 кунлигида уларни озиқлантиришда енгил ҳазм бўладиган озуқа аралашмаларидан файдаланиш мумкин (қуруқ сут маҳсулотлари, маккажўхори ва буғдой ёрмалари, соя шроти, витамин-минерал қўшимчалари-премикс).

1-4 КУНЛИК БРОЙЛЕР ЖЎЖАЛАРГА ТАВСИЯ ҚИЛИНАДИГАН РАЦИОН (% ҲИСОБИДА):

жадвал №3

НОМЛАРИ МИҚДОРИ
Буғдой ёрмаси 35
Маккажўхори ёрмаси 35
Соя шроти 25
Қуруқ сут 5
Бундан ташқари

витамин-минералли премикс

0,1

Бройлер жўжаларини тўғри озиқлантиришнинг асосий кўрсаткичларига уларни жадал суръатларда ўсиши, суяк тўқималарини яхши ривожланганлиги, оёқларида қувватсизлик холатларини йўқлиги, соғломлиги ва бошқалар киради.

Бройлерни ўсиши асосан оқсил моддасига боғлиқ бўлгани учун рационга юқори биологик тўйимли оқсил моддасига эга бўлган озуқаларни киритиш мақсадга мувофиқ бўлади. Оқсил моддасининг асосий манбаларини ҳайвон ва ўсимликликлардан олинадиган озуқа қўшимчалари ташкил этади. Омухта емнинг таркибидаги хом оқсилнинг 20-25 фоизини ҳайвонларга оид озуқаларга тегишли бўлган оқсиллар ташкил этиши лозим.

Бройлер жўжаларини, келиб чиқиши хайвонларга оид бўлган озуқалар ҳамда маккажўхори ва соя шротлари билан керакли миқдорда таъминлашдаги мавжуд қийинчиликларни ҳисобга олиб, улар ўрнига парранда озуқаси учун целлюлоза(клетчатка)га бой бўлган, келиб чиқиши ўсимликларга оид бўлган озуқаларни ишлатишга тўғри келмоқда.

Бройлерлар рационидаги озуқалар таркибига кирувчи протеин миқдорини, келиб чиқиши ҳайвонларга оид (балиқ уни, гўшт-суяк уни, қуруқ сут маҳсулотлари) ва ўсимликларга оид (соя ва кунгабоқар шротлари) бўлган озуқалар ҳамда озуқа хамиртурушлари билан тўлдириш мумкин. Бройлер жўжаларининг гўштидан балиқ хиди келмаслиги учун, балиқ уни охирги 10 кунликда рациондан чиқарилади.

ХОНАДОНДА БОҚИШГА МЎЛЖАЛЛАНГАН БРОЙЛЕР ЖЎЖАЛАР УЧУН ОЗУҚА РАЦИОНИ НАЪМУНАСИ
(% ҲИСОБИДА)

жадвал №4

ОЗУҚА ТАРКИБИ ЖЎЖАЛАР ЁШИ, ХАФТАДА
1-4 5 ВА УНДАН ЮҚОРИ
Буғдой дони 35 37
Маккажўхори дони 25 20
Соя шроти 23 20
Кунгабоқар шроти 5 10
Балиқ уни 5 2
Озуқа хамиртуриши 3 5
Минерал озуқалар 1 1
Ўсимлик ёғи 3 5
Бундан ташқари

витамин-минералли премикс

0,1 0,1

Рациондаги энергия етишмовчилигини 3-5 фоиз ўсимлик мойларини қўшиш билан қоплаш мумкин. Мойларни жўжалар ёши 1 кунликдан бошлаб 2-3 фоиз, 4 хафталикдан бошлаб 4-5 фоиз рационга қўшиш тавсия этилади.

 

ҲАР КУНИ 50 ГРАММДАН ТИРИК ВАЗНИ ЎСАДИГАН БРОЙЛЕР-ЖЎЖАЛАРИГА МЎЛЖАЛЛАНГАН ОЗУҚА РЕЦЕПТИ, (% ҲИСОБИДА)

жадвал №5

ОЗУҚА ТАРКИБИ ЖЎЖАЛАР ЁШИ, ҲАФТА
1-3 4-5 6-7
Буғдой 33 32 36
Маккажўхори 25 25 25
Кунгабоқар кунжараси

(34% хом протеин)

7 9 10
Соя шроти 23 20 18
Гўшт-суяк уни 1,95 4 4,2
Балиқ уни 4 3
Ўсимлик ёғи 3 4,3 4,2
Лизин (монохлоргидрат) 0,25 0,25 0,2
Метионин 0,3 0,25 0,2
Ош тузи 0,3 0,3 0,3
Дефторированный фосфат

(Са-30%, Р-18%)

1,2 1,0 1,0
Озуқа охаги (известняк) 1,0 0,9 0,9
Бундан ташқари витамин-минералли премикс 0,1 0,1 0,1

Бройлерларни жадал ўсиши ва меъёрда ривожланиши учун минералли озиқлантириш катта ахамиятга эга. Озуқа рационини минерал моддалар билан мувозанатлаштириш мақсадида бўр, суяк уни, фторсизлантирилган фосфатлар қўшилади, бундан ташқари имкон бўлганда чиғаноқ қўшиш ҳам яхши натижалар беради. Рационда кальций билан фосфор муносабати 2 : 1 ни ташкил этиши лозим.

Модда алмашинувини яхшилаш ва хосил бўлаётган энергиядан ҳамда протеиндан юқори самарали фойдаланиш мақсадида бройлерлар рационига таркибида биологик актив моддалар бўлган премиксларни қўшиш яхши натижа беради.

10 кундан бошлаб бройлерларга ҳар бир бош жўжага
1-2 граммдан ҳафтада бир марта майда тошлар(гравий) берилади. Бошланғич даврда бройлерга ҳажми 1,0-2,5 мм бўлган, якуний даврда ҳажми 3,0-3,5 мм бўлган йирикликдаги омухта емлар билан боқиш биологик ва иқтисодий самара беради.

БИР КУНДА БИР БОШ БРОЙЛЕР ЖЎЖАГА ТАҲМИНИЙ ОЗУҚА САРФИ

жадвал №6

ЖЎЖАЛАР ЁШИ ОЗУҚА САРФИ
1 – 7 кун эркин берилади
2 ҳафта 38 грамм
3 ҳафта 107 грамм
4 ҳафта 185 грамм
5 ҳафта 200 грамм

Етиштирилган бройлер жўжаларни технология бўйича
1-2 кун ичида сўйиш тавсия этилади. Аксинча, сўйиш куни чўзилиб кетса, бройлер жўжаларини тутиш жараёнидаги стрессдан тирик вазнини тез фурсатда йўқотади. Бройлер жўжаларини тез, сифатли сўйиш ҳамда патларидан тозалашни жадаллаштириш ва жараённи енгиллаштириш учун патлардан тозалаш машинасини(МОП) ишлатиш тавсия этилади. Бу ускуна резина урувчи бармоқлар ва центрафугадан иборат бўлиб, иссиқ сув ёрдамида кучли айланиш орқали патларни юлади.

БРОЙЛЕР ЖЎЖАЛАРИНИ ЁШИГА ҚАРАБ РЕЖАДАГИ ТИРИК ВАЗНИ

жадвал №7

ЖЎЖАЛАР ЁШИ

 

 

ТИРИК ВАЗНИ ОҒИРЛИГИ

 

7 кун 140-180 грамм
14 кун 400-450 грамм
21 кун 800-870 грамм
28 кун 1300-1400 грамм
35 кун 1900-2000 грамм
42 кун 2300-2500 грамм

ВЕТЕРИНАРИЯ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

Ўта юқумли парранда касалликларига қарши самарали ветеринария профилактик чора-тадбирларини қўллаш тадбирларидан бири – бу парранда боқиладиган бинони ва унининг ҳудудини сифатли дератизация, дезинсекция ва дезинфекция қилинади ва бинони маълум муддатга, яъни 20-30 кунга санацияга қўйилади, бир вақтни ўзида бир хил ёшдаги паррандалар билан бинони тўлдириш, ўз вақтида иммунизация қилиш ва инвазион касалликларга қарши мунтазам профилактик тадбирлар олиб бориш мақсадида кокцидиоз касаллигига қарши жўжаларни 1 кунлигидан бошлаб, сўйиш вақтига 5 кун қолгунига қадар кокцидиостатик препаратлар – кокцисан, ампролиум ва бошқалар бериб борилади.

жадвал №8

ЮҚУМЛИ КАСАЛЛИКЛАР ЖЎЖАЛАР ЁШИ ЭМЛАШ УСЛУБИ
Юқумли бронхит 1 кун Сув билан ичириш ёки пуркаш (спрей)
Юқумли “Гамборо” 7 ва 17 кунлари Сув билан ичириш
Юқумли ўлат ёки псевдочума (Нюъкасл) касаллиги 12 ва 25 кунлари Сув билан ичириш, бурун (интронозально) ва кўзга (интроокулярно) томизиш, пуркаш (спрей)

Х У Л О С А

 

Юқорида қайд этилган 5-6 ҳафтада етилувчи бройлерларни ишлаб чиқаришнинг илғор технологиясини қўллаган паррандачилик хўжаликлари юқори кўрсаткичларга эришмоқда. Бройлерларни гўштга етиштиришда 6 ҳафталик ёшда тирик вазни 2,3-2,5 кг, озуқа конверсияси
(1 кг парранда гўшти етиштириш учун сарфланадиган озуқа миқдори) эса 1,7-1,8 кг ва сақланиши 97 фоизга етказилган.

6 ҳафталик даврида сўйилган бройлерларни гўшти юқори сифат ва гўштдорлиги билан ажралиб туради, гўшт ва суяк нисбати ҳамда гўштни тўйимлиги бўйича ҳам юқори сифатга эга.

Маълумот кўчирилса манба: http://tadbirkor-fermer.uz деб кўрсатилиши шарт.