Чорва ҳайвонлари касалликларининг олдини олиш ва даволаш бўйича тавсиялар

Картинки по запросу корова

Чорва ҳайвонлари орасида турли хил юқумли, юқумсиз ва бошқа касалликларнинг пайдо бўлиши оқибатида маҳсулот миқдори ва сифати камайиши туфайли жиддий зарар келтириши билан бир қаторда инсон соғлигига ҳам хавф туғилади. Шунинг учун қишлоқ хўжалик касалликларига қарши кураш ва унинг олдини олиш чорва маҳсулдорлиги ва сифатини оширишининг асосий мезони ҳисобланади.

Мазкур муаммоларни бартараф этиш борасида қуйидагиларга эътибор бериш зарур:

1. Барча жамоа, фермер-деҳқон хўжаликлари, ҳиссадорлик жамиятлари, аҳоли қўл остидаги чорва молларини юқумли касалликларига (бруцеллёз, туберкулёз, лейкоз) қарши тўлиқ текшириш ва уларда тайёрланадиган чорвачилик маҳсулотларидан фойдаланишни ветеринария-санитария қоидалари асосида ташкил қилиш. Айниқса, туберкулёз касаллигига қарши диагностик текширишларни режали равишда олиб бориш, касаллик бўйича носоғлом хўжаликларни ўз вақтида тез ва сифатли соғломлаштиришни энг муҳим ва кечиктириб бўлмайдиган вазифа деб ҳисоблаб, тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш керак.

2. Турли мулкчилик шаклидаги чорвачилик хўжаликлари фаолиятини ветеринария қонуни талабларига тўлиқ амал қилган ҳолда ташкил қилинишини таъминлаш лозим.

3. Айрим зооноз касалликлар (қутуриш, эхинококкоз) кенг тарқалиш хавфли бор касалликларга қарши кураш чора-тадбирларини изчиллик билан амалга ошириш, итларни эмлаш ишларни кечиктирмасдан ўтказиш. Шуни қайд қилиш керакки, бу касалликларга қарши қўлланиладиган эмламалар институтда ишлаб чиқарилади. Ветеринария препаратлари – биологик препаратлар (вакцина, иммун зардоб, диагностикумлар) антибиотик, антигелминтиклар, дезинфекция воситалари ва бошқа дори-дармонларга бўлган эҳтиёжни аниқлаб, уларнинг таъминотини ҳал қилиш зарур.

4. Ветеринария ташкилотлари – вилоят ветеринария бошқармаси ва Давлат ветеринария назорати, туманлар ветеринария бўлимлари, ветеринария участкалари, вилоят, туман ветеринария лабораториялари фаолиятини кучайтириш, касалликларга қарши кураш, эпизоотияларга қарши режаларни ҳозирги давр талаби асосида қайта кўриб чиқиш ва унга ўзгартиришлар киритиш, барча ветеринария тадбирларини фан ютуқлари ва илғор тажрибалар асосида ташкил қилиш керак.

5. Оддий дориворлар, даволовчи озиқа гранулалари ҳамда озиқага қўшимча (витамин, макро-микроэлементлар) ва аралашмалар ишлаб чиқарадиган кичик корхоналар, цехлар ташкил қилиш мақсадга мувофиқ.

6. Ветеринария пунктлари, даволаш ва диагностик марказлар кенг тармоғини ташкил этиб, уларни шундай жойлаштириш керакки, уларнинг барчаси катта-кичик шаҳарлар, туман марказлари, қўрғон ва қишлоқлар, чўл ва тоғ олди далаларда боқилаётган чорва ҳайвонлари ва паррандаларига ветеринария хизмати кўрсатилишини тўлиқ қамраб олган бўлиши шарт.

7. Чорвачиликнинг келажаги соғлом ва сермаҳсул бузоқ олишга боғлиқлигини ҳисобга олиб, бу ишни тўғри ташкил қилиш, бузоқ касалликлари олдини олиш ва ўз вақтида даволашга эътиборни кучайтириш зарур.

8. Ветеринария илмий-тадқиқот институтида ишлаб чиқариладиган дори-дармонлардан вилоят ветеринария хизматида кенг фойдаланиш, барча ветеринария чора-тадбирларини ўтказишда илм-фан ютуқларидан, мутахассис-олимлар тавсияларидан самарали фойдаланиш, фан билан ишлаб чиқаришнинг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш лозим.

9. Амалиётга илмий ечимларни татбиқ этишни янада яхшилаш, соғлом пода яратишда тарғибот ишларини кучайтириш мақсадида, вилоятлараро илмий-амалий ўқиш ва семинарларни ташкил этиш.

10. Чорвачилик фермаларида ветеринария-санитария ҳолатини назорат қилиш, биноларда санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган (ҳарорат, намлик, заҳарли газлар) шароит яратиш борасида ташкилий ишларни амалга ошириш керак.

Чорва ҳайвонлари касалликлари олдини олиш ва даволашда ветеринария мутахассислари қуйидагиларга эътибор беришлари талаб этилади:

– бўғоз сигир ва қўйлар колибактериоз, сальмонеллёз ва пастереллёз касалликларига қарши туғишига 1,5–2 ой қолганда тегишли вакциналар билан йўриқномага асосан 3 мл. дан қўйлар, 5 мл. дан қорамоллар (14 кун оралиғи билан такроран) тери остига эмлаш;

– хавфли брадзот ва энтеротоксемия касалликлари олдини олиш учун қўйларни 1 мл. дан мускул орасига вакцина билан эмлаш;

– қутуриш касаллигига қарши итларни суюқ фаолсизлантирилган вакцина билан 3 мл. дан мускул орасига эмлаш;

– молхона, қўйхона, чўчқахона ва паррандалар турадиган жойларни эктопаразитларга (бит, бурга, кана) қарши инсектоакарицид препаратлар (жумладан, Циперметриннинг 0,015–0,02 фоизли эритмаси) билан дезинсекция ва дератизация қилиш, улар билан зарарланган чорва моллари ушбу препаратнинг 1 фоизли дустини пуркаш йўли билан даволаш;

– қорамол ва майда шохли ҳайвонларнинг фасциолёз ва дикроцелиоз касалликлари олдини олиш ва даволаш учун альбендазол, альбен каби антигельминтиклар билан йўриқномага асосан ишлов бериш;

– қорамол ва қўйларни эхинококкоз, ценуроз касалликларининг олдини олиш учун итларни махсус дегельминтизация қилиш;

– бўғоз қорамол ва қўйларни музлаган ва чириган хашакларни истеъмол қилишга, совуқ сув ичишига йўл қўймаслик лозим;

– қиш фаслининг иссиқ келиши натижасида ўт-ўланларнинг эртароқ кўкариши гельминтоз касалликларнинг кўпайишига, касаллик чақирувчи кана ва ҳашаротларнинг эртароқ уйғонишига олиб келади. Шу сабабли чорва ҳайвонлари гельминтоз касалликларига қарши антигельминтиклар (альбен, альбендазол препаратлари билан, қон паразитар касалликларига қарши тейлериоз вакцинаси билан эмлаш, диамидин, беренил, полиамидин препаратлари билан химиопрофилактик тадбирларни кечиктирмасдан (февралнинг охири–март ойларидан) амалга ошириш;

– деҳқон ва фермер хўжаликларидаги бузоқ, қўзилар, чўчқа болаларини пастереллёз касаллигининг олдини олиш учун ҳайвонларнинг орқа сон ички томон тери остига 14 кун оралиқ билан икки марта, 10–15 кунлик қўзиларга 1 – марта 1 мл, иккинчи марта 2 мл, 4–5 ойлик қўзиларга 1-марта 2 мл, иккинчи марта 3 мл, катта ёшдаги қўйларга 1-марта 3 мл, иккинчи марта 5 мл, ёш бузоқларга 1-марта 2 мл, иккинчи марта 3 мл, катта ёшдаги бузоқларга 3 мл, иккинчи марта 5 мл юборилиши керак.

Сальмонеллёз ва колибактериоз касалликларига қарши ассоциацияланган радиовакцинадан тери остига бўғоз қўйлар туғишидан
1–1,5 ой олдин 2 мл дозада, қўзилар эса 5 кунлигида 1 мл. дан эмланади. Диплококкоз касаллигига қарши вакцина билан қўзилар 8–10 кунлигидан бошлаб биринчи марта 2 мл, икккинчи марта 3 мл, совлиқлар биринчи марта 3 мл, иккинчи марта 3 мл миқдорида йўриқномага асосан эмланиши зарур.

Бир ёшдан катта қорамоллар 1 йилда бир марта; сут билан болалар боғчаси, санаторий ва даволаш муассасаларини таъминлайдиган фермаларда эса ҳар йили 2 марта 6 ой оралиқ билан туберкулёзга аллергик усул ёрдамида диагностик текширишлар ўтказиш зарур.

Бунда қорамолларда гиподерматозга қарши ивомек ва унинг аналоглари ҳисобланган ивер, ивермектин каби препаратларнинг бири билан 50 кг тирик вазнга 1 мл миқдорда тери остига инъекция қилинади.

Қишлоқ хўжалик ҳайвонларининг қутуриш касаллигига қарши суюқ фаолсизлантирилган вакцина билан қорамол, от, эшак ва кичик туялар – 5 мл. дан, катта туялар 10 мл, қўй, эчки ва катта итлар 3 мл, майда итлар, мушуклар 1 мл мускул орасига эмланади ва шунда бир йилга иммунитет ҳосил бўлади.

Қўйлар брадзот ва энтеротоксемия касалликларига чалинишининг олдини олиш учун биринчи марта 2 мл. дан ва 14 кундан сўнг иккинчи марта 3 мл. дан мускул орасига мазкур касалликларга қарши вакцина билан эмланади.    Маълумот кўчирилса манба: http://tadbirkor-fermer.uz деб кўрсатилиши шарт

Юқоридаги тадбирларни жойларда вақтида ва сифатли ўтказилиши чорва ҳайвонларининг соғлом бўлишини таъминлаб, маҳсулдорлигини оширишга хизмат қилади.

    Ш.Жабборов, Б.Элмуродов