Чорвачилик мутахассисларининг ўқув-семинари

Пойтахтимизда «Ўзбекистонда гўшт ва сут ишлаб чиқариш истиқболлари: эришилган ютуқ ва мавжуд муаммолар» мавзусида халқаро илмий-амалий ўқув-семинар ўтказилди.

Халқ банки ҳамда Республика «Насл-хизмат» чорвачиликда наслчилик уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда Германия, Голландия ҳамда Украина давлатларининг чорвачилик соҳасидаги етакчи компаниялари мутахассислари, Республикамиздаги соҳа мутахассислари ва ёш олимлар, ветеринар шифокорлар иштирок этди.

Мамлакатимизда чорвачилик соҳасини ривожлантириш ва уни илмий асосда ташкил этиш, чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш, мазкур соҳада ривожланган давлатлардан олим ва мутахассисларни жалб қилиш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда.

Халқ банки томонидан ҳам чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини янада кўпайтириш, ички истеъмол бозорини арзон ва сифатли чорвачилик маҳсулотлари билан бойитиш ҳамда янги иш ўринларини яратиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мазкур банкнинг молиявий кўмагида “Ўзнаслчилик” корхонасига 2017 йилда Германиядан 62 бош зотдор буқа олиб келиниб, корхонадаги наслли буқалар сони 132 бошга етказилди.

Қишлоқ хўжалигининг муҳим бўғини саналган мазкур тармоқни ривожлантириш мақсадида юртимизга Россия, Украина, Европа давлатларидан ўтган 2 йил давомида 20 минг 254 бош наслли қорамол ҳамда 3 минг 632 бош жун ва сут йўналишидаги эчкилар олиб келинди. Пировардида 4 минг 500 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Йиғилишда чорвачиликни ривожлантириш истиқболлари, сунъий уруғлантиришнинг замонавий усуллари хусусида ҳам тажриба алмашилди.

Ўқув-семинар давомида наслли молларни тўғри танлаш, сутчилик фермаларида озуқа тайёрлаш, молларда учрайдиган касалликлар ва уларнинг олдини олиш чоралари каби мавзуларда маърузалар тингланиб, амалий машғулотлар ўтказилди.

Бундай ўқув-семинарлар Самарқанд шаҳрида, Урганч ва Андижон туманларида ҳам бўлиб ўтади. Ушбу семинарларда республикамизнинг барча ҳудудларидан фермерлар ва тадбиркорлар иштирок этиши ва малакаларини ошириши кўзда тутилган.