Cигирларда сут хосил бўлиши

Сут елиннинг сут безларида ҳосил бўлади. Бу жараён анча мураккаб бўлгани ҳолда унда бир қанча органлар ҳам фаол иштирок этади. Сут безларининг ўсиши ва ривожланишини тухумдон гормонлари фаолияти билан боғлиқлиги аниқланган. Сигирлар бўғозлик даврининг кейинги ойларида елин безлар  яхши ривожланиб, улар туққач, безлар катталашади, яъни актив фаолияти бошланади.

Сигир елини 4 палладан иборат бўлиб,ҳар бир палласи сўрғич (эмчак) билан тугайди. Елин паллалари ўзаро бир-бирига боғлиқ бўлмайди. Шунинг учун ҳам ҳар бир палладан соғиб олинадиган сутнинг кўрсаткичи ҳар хил бўлади. Бинобарин, елиннинг бирор палласи касалланса, бошқа паллаларига ҳам тарқалиши мумкин.

Маълум бўлишича, елиннинг ҳар бир палласи сут миқдори ва таркибига кўра ҳам бир-биридан фарқ қилади. Масалан, елиннинг орқа паллаларида сут кўпроқ бўлади.

Елин кўп миқдордаги мускулли боғлагичлар ёки бириктирувчи тўқима ёрдамида сигир танасига бириккан бўлиб, сигир  қариган сари уларнинг тортиб туриш қуввати пасаяди ва елиннинг шакли ўзгаради, баъзан елин осилиб қолади. Умуман, елиннинг шакли ва сўрғичларининг йўналиши бириктирувчи тўқима ёки боғлагичлар қанчалик ривожланганлагига, уларнинг таранглик қувватига боғлиқ бўлади.

Елин ташқи томондан юпқа, юмшоқ ва жун қатлами сийрак, унча ўсиқ бўлмаган тери билан қопланган. Елин териси эластик бўлганлиги учун ҳажми осон кенгаяди. Сўрғич териси анча нозик, юпқа бўлиб, жуда кўп нервлар билан таъминланган. Лекин бу қисмда тер ва ёғ безлари бўлмайди. Шунинг учун ҳам сўрғич териси мойлаб турилмаса қурийди, шамоллайди, ёрилади ва касалланади.

Елиннинг ҳар бир палласи без тўқималаридан иборат бўлиб, унинг ички қисми альвеола деб аталувчи, ички девори бир қаватли цилиндрсимон эпителий билан қопланган. Альвеолаларнинг учки қисмида юмшоқ ва юмалоқ пуфакчалар, найчалар жойлашган. Эпителий хужайралари доим қон билан таъминланиб туради ва унда қоннинг синтезланиши натижасида сут томчилари ҳосил бўлади.

Картинки по запросу sut yelini

Альвеолалар жуда майда, юмалоқ ва кўп миқдорда нерв, қон ва лимфа томирлари билан таъминланган бўлади. Ҳар бир альвеоланинг алоҳида чиқарув каналчаси бўлиб, улар бир-бири билан қўшилади ва пировардида катталашган канал найча ҳосил бўлади. Бу наййчалар тобора кўпайган ҳолда бирлашиб боради. Умуман, сут безларини бир бош узум шаклига ўхшатиш мумкин. Найчалар бориб сўрғичнинг юқори қисмидаги сут билан цистернаси деб номланувчи анча кенг бўшлиққа бирикади ва уни ўзидан оқиб келган сут билан тўлдиради. Сут цистернасида кўп миқдорда коваклар бўлади. Сут безларининг секретор (сут ҳосил қилувчи) қисмлари баъзан бир қаватли кубсимон секретор ҳужайралари билан қопланган бўлади.

Сут цистернаси асосан икки қисмдан иборат бўлиб, сўрғич каналининг охири билан тугалланади. Бу канал сфинктер деб номланган, ярим доира шаклидаги кўп миқдордаги ясси силлиқ мускул ҳужайраларидан ташкил топган тўқима ёрдамида ташқи мухит билан боғланиб туради. Сфинктер туфайли, биринчидан, ташқи муҳитдан ичкарига микроорганизмлар кира олмаса, иккинчидан, тўпланган сут ташқарига чиқиб кетмаслигини таъминлайди. Сфинктернинг катта-кичиклиги ва ривожланганига кўра, сигирлар осон ёки қийин соғилади.

Ғунажинлар жинсий жиҳатдан вояга етган сари сут безлари ҳам ривожлана бошлайди. Улар бўғоз бўлганида сут безининг секретор қисми ва чиқариш найчалари янада яхши ривожланади, ички бўшлиғи эса сут билан тўла бошлайди. Сигир туққанда елинининг секретор қисмлари, пуфакчалар, шу билан бирга елин паллалари таркибидаги бириктирувчи тўқима миқдори анча камаяди.

Кузатишлардан маълум бўлишича, сигирлар қанча серссут бўлса, улар елинидаги секретор найча- пуфакчалари ичи шунча кенг, елиндаги бириктирувчи ва ёғ тўқима миқдори шунча кам бўлади. Сигирлар сутдан чиққанида секретор найча- пуфакчалар буришиб қолиши аниқланганг.

Секретор бўлакчалар камайиши билан бириктирувчи ва ёғ тўқима миқдори кўпайиши исботланган.

Елинда ва унинг ички қисмидаги бўлакларда кўп миқдорда яланғоч ва капсулали нерв толалар, таначалар учрайди. Уларнинг миқдори сигирларнинг серсутлигига боғлиқ бўлса керак, деган фикрлар бор.

Артерия қон томирлари елинга кислород ва озиқ моддалар олиб келса, вена қон томирлари ундан карбонат ангидрид ва қолдиқ озиқни олиб кетади. Серсут сигирларда бундай веналар яхши ривожланган бўлади ва қорин қисмида бўртиб чиққани ҳолда сут венаси номи билан аталади.

Маълум бўлишича, суткасига 20-25 л.дан сут соғиб олинадиган сигирлар елиннинг қон томирлари орқали бир стукада ўртача 10000-12500 л қон ўтиши мумкин. Ёки 1 литр сут ҳосил бўлиши учун елиндан 400-500 л қон ўтиши тажрибаларда исботланган. Сут ҳосил бўлиши барча соғин сигирларда тинимсиз давом этади.
Сигир соғиб бўлингач, елинида сут ҳосил бўлиши (сут секрецияси) жадаллик билан давом этади ва у яна аста-секин сутга тўла бошлайди, бинобарин елин ичидаги босим аста-секин кўтарилади, бунинг натижасида секреция пасая боради. Шунинг учун ҳам серсут сигирлар уч марта соғилган вақтда кўпроқ сут олинади. Бу борада елиннинг ҳажми ҳам катта аҳамиятга эга. Масалан, айрим жуда кўп сут берадиган рекордчи сигирлар елинига ўртача 22-25 л сут сиғиши аниқланган.

Кузатишлар шуни кўрсатадики, сигирлар туққанидан кейин 2-3 мобайнида елиннинг ҳажми ортиб боради ва ярим йилгача бир текис катталикда бўлади. 6 ойдан сўнг унинг хажми аста-секин яна кичрая боради.

Шундай қилиб, сигирларда сут ҳосил бўлиши бир қанча муҳим факторларга боғлиқ. Уларнинг энг асосийлари сигирларни тўғри боқиш, ем-хашакнинг сифати, молларни асраш, парвариш қилиш усуллари, сигирларнинг ёши, зоти, лактация даври, елинни массаж қилиш, шунингдек, индивидуал хусусиятлари ва бошқалардир.

Маълумот кўчирилса манба: http://tadbirkor-fermer.uz деб кўрсатилиши шарт