Доривор ўсимликларнинг ривожланишига кенг имкониятлар яратилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 10 апрелда ПҚ-4670-сонли “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш тўғрисида” ги қарори имзоланди.
Ушбу қарор доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлашни янада ривожлантириш учун қулай муҳит яратиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш жараёнларини интеграциялаш учун мустаҳкам замин яратди.
Жаннатмакон ўлкамиз ўсимлик дунёси жуда бой. Табиатимиздаги маҳаллий флорага мансуб 4,3 мингдан ортиқ ўсимликларнинг 750 тури доривор ҳисобланиб, улардан 112 тури илмий тиббиётда фойдаланиш учун рўйхатга олинган, шундан 70 тури фармацевтика саноатида фаол қўлланиб келинмоқда.
Бундан X аср аввал бобокалонимиз Абу Али Ибн Сино ўзининг ўлмас асарларида доривор гиёҳлардан самарали фойдаланиш сир- синоатларини баён этиб, амалиётда қўллаб, бутун дунё давлатлари олим ва соҳа эгалари томонидан тан олинган. Унинг асарларида қолдирилган доривор гиёҳлардан фойдаланиш тартиби ва қонун-қоидалари, услубларидан дунё фармацевтлари, халқ табобати мутахассислари ва олимлар бугунги кунгача фойдаланиб келмоқдалар.
Она ватанимиз табиати азалдан доривор ўсимликларга бой эканлигинини таъкидлаш билан бирга бугунги кунда бу соҳадаги аҳвол қандай, уни янада ривожлантириш учун нималар қилиш керак, деган саволларга юқорида қайд этилган қарорда тўлиқ жавоб олиш мумкин.
Республикамизнинг барча ҳудудларида, ўрмон фонди ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларида доривор ўсимликлар етиштирилади. Аммо, доривор ўсимликлар етиштирувчилар ҳар доим ҳам ўз маҳсулотларига харидор топмаганлар, доривор ўсимликларни қайта ишловчилар эса табиий дори воситалари учун хомашё танқислигига учраганлар.
Қабул қилинган қарорда фармацевтика саноати ҳар йили доривор ўсимлик турлари ва ҳажми бўйича талабни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжаликлари Давлат қўмитаси ва Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этишлари белгиланган. Бу хомашё етказиб берувчиларни кафолатли харидини таъминлайди. Бу эса фермер ва бошқа доривор ўсимликлар етиштирувчилар учун катта имконият ва келажакка ишонч, дегани. Эндиликда доривор ўсимликлар етиштирувчилар нафақат ички, балки ташқи бозорга сифатли маҳсулот етказиб бериш имконияти кенгайди.
Шу ўринда ташкил этиладиган доривор ўсимликлар кластерларига катта имконият ва бир қатор имтиёзлар берилганини қайд этиш лозим. Эндиликда кластерлар доривор ўсимликлар етиштириш, қайта ишлаш ва экспортни амалга оширишлари учун қулай бизнес муҳити яратилди.
Қарорнинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, табиатда ёввойи ҳолда ўсадиган доривор ўсимликларни асраш энг муҳим вазифалар қаторига киритилиб, бундан буён камайиб бораётган табиий ҳолда ўсувчи ноёб доривор ўсимликларни тўплаш (ғамлаш) ва ташқарига олиб чиқиш учун рухсатномалар ажратиладиган квотанинг камида 50 фоизи ҳажмида табиий плантацияларни барпо этиш шарти билан берилиши, камайиб бораётган ноёб доривор ўсимликлар мавжуд бўлган махсус ҳудудларни ажратиш ва уларни муҳофазага олиш белгиланди.
Шу билан бирга доривор ўсимликларни плантацияларда кўпайтириш, бунинг учун эса кўчатчилик ва уруғчиликни ривожлантириш, янги турдагиларини интродукция қилиш, доривор ўсимликлар маданий плантацияларини ва оналик кўчатзорларини барпо этиш учун олиб келинадиган уруғ ва кўчатлар учун карантин рухсатномасини бериш тартибини соддалаштиришга доир вазифалар берилди.
Маълумки, доривор ўсимликлар майдонларининг кенгайиши, экиладиган ўсимлик турлари ва ҳажмининг ортиб бориши уни қайта ишлаш ва экспортини кўпайтиришни ҳам талаб этади. Шу боис тегишли вазирлик, муассаса ва ташкилотларга табиий дори воситалари ишлаб чиқаришни ва экспортни кўпайтириш бўйича вазифалар белгиланди.
Қарорда доривор ўсимликлар етиштириш ва қайта ишлашга оид илмий-инновацион ишланмаларни кучайтириш, ўсимликлар маданий плантацияларини барпо этиш ва қайта ишлаш бўйича стартап лойиҳалар шакллантирилишини ҳамда грант танловлари асосида амалга оширилиши назарда тутилди.
Ўрта, ўрта махсус ва олий таълим тизимида доривор ўсимликларга оид махсус соатларни ўқув режаларига киритилиши, махсус эшиттириш ва кўрсатувлар ташкил этилиши, тиббиёт муассасалари, шу жумладан, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ (овул) врачлик пунктларида, 2020 йилнинг 1 июнидан бошлаб босқичма-босқич барча вазирлик ва идораларда, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти ҳамда маҳаллий аэропортларда, барча турдаги автовокзал, темир йўл вокзалларида, бозорлар, санаторий-курорт муассасаларида ҳамда бошқа аҳоли гавжум жойларда фитобарлар ташкил этиш топшириғи берилган.
Барча оммавий ахборот воситалари орқали тизимли равишда доривор ўсимликларга оид кўрсатувлар, эшиттиришлар ва мақолаларнинг чоп этиб бориш орқали аҳолининг бу борадаги маълумот ва билимлари кенгаяди.
Хулоса қилиб айтсак, ушбу қарорни ҳеч муболағасиз тарихий ҳужжат дейишимиз мумкин. Чунки ундаги вазифалар ижроси аҳолини соғлом турмуш тарзи, она табиатимиз инъомларидан унумли фойдаланиш имконини кенгайтиради, жуда кўплаб соҳаларни ягона бир мақсад сари бирлаштиради.
Ўзбекистон Республикаси
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,
доривор ва зиравор ўсимликларни
ривожлантириш бўлими бошлиғи
 А.Ахмеджанова