Дунё иқтисодиётига йилига 150 млрд доллар фойда келтирувчи асаларилар

Похожее изображение

Боғбон ва деҳқоннинг йил давомидаги заҳматли меҳнатининг асосий сабаби сифатли ва мўл ҳосил олишдир. Бунда бир қанча омиллар роль ўйнашини яхши биламиз. Аммо энг асосийси – чангланиш. Мева гуллари чангланмаса юқори ҳосилдан умидни узса ҳам бўлаверади. Аммо бу ишни камчиқим, камига фойда билан амалга ошириш мумкин. Ҳосилдорликни оширишда ҳашаротларнинг чанглатиш фаолияти катта аҳамиятга эга. Зеро, 80% ўсимликлар четдан чангланади. Баҳорда мева гулларининг чангланиб уруғланишида чанглатувчи, яъни  асаларининг ўрни жуда муҳим.  Шу кунларда қийғос очилган мева гуллари атрофида асаларилар ғуж бўлиб учиб юришибдими, билингки ишлар беш. Ҳосилдан хавотир олмаса ҳам бўлади. Асаларилар гулдан гулга қўниб, ўсимликларнинг ғуж чангини биридан иккинчисига ўтказиб, уларнинг чангланишини таъминлайди. Битта болари бир кунда 70 мингга яқин ўсимлик гулини чанглатиши мумкин. Асаларилар орқали боғзорлар, сабзавотлар, экинлар уруғчилиги ва пахтачиликда гулларни четдан чанглатишни ташкил этиш уларнинг ҳосилдорлигини оширибгина қолмай, мева-сабзавотларнинг харидорбоп кўринишини яхшилайди. Асаларилар билан чанглантирилган дарахт ва ўсимликлар уруғидан экилган ўсимликлар, мева-сабзавот ва полиз экинларининг ўсиш қобилияти ва маҳсулдорлиги ҳам юқори бўлади.

Турли ўсимликларда асалар чанглатиш ишларининг 80-95% ини бажаради. Ёввойи ҳашоратлар ўсимликларни чанглатувчи ҳашоратларнинг 10-20% гача бўлган қисмини ташкил этади. Тадқиқотчиларнинг фикрича, олма, бодом, ўрик дарахтлари  ҳосилдорлигининг  чанглатувчиларга боғлиқлиги  100 фоизни, қолган мевали дарахтлар бўйича  10 дан 90%, полиз экинлари ва сабзовотларда – 70-100% ни ташкил этади. Табиий чанглатувчиларнинг кескин камайганлигини эътиборга олиб, зараркунандаларга қарши кимёвий препаратларнинг фаол, баъзан ўйланмасдан ишлатилиши оқибатида қишлоқ хўжалиги экинларини чанглатиш бўйича асосий оғирлик асаларилар зиммасига тушмоқда. Пашша, қўнғиз, капалак, ари каби ҳашоратлар ҳам гулга қўнади, ўсимликларни чанглатишда иштирок этади. Аммо улар гул чанги ва ширасини йиғмайди, шу сабабли уларнинг аҳамияти муҳим эмас. Уларнинг кўпчилиги  гулдан гулга чанг  кўчиришга қодир  эмас. Асалариларнинг чанглатувчи сифатидаги муҳим аҳамияти шундаки, улар йил давомида катта оила бўлиб яшайди,  ҳудудимизда асалари оиласи аъзоларининг сони  40-50 мингтага етади. Баҳор-ёз мавсумларида асаларилар кўп ҳажмда асал ва чанг  йиғиб, заҳира яратишга қодир. Бунинг учун улар  кўп гулларга қўниб, кенг кўламли чанглатиш вазифасини бажаради. Ишчи асалари ҳар учиб чиққанда   100-150, баъзан ундан кўп гулларга қўнади. Ўртача ҳажмдаги бир асалари оиласи аъзоларининг  юқори ишга лаёқатлилиги туфайли кунига  40-50 миллион гулларни чанглатишга қодир. Табиийки бунда албатта ҳосилдорлик ортади. Ғўза ўсимлиги асаларилар билан чанглатилса ҳосилдорлик 25%гача ортиши, кўсаклар сони 12-13% га кўпайиши илмий жиҳатдан исботланган. Бундан ташқари кўсакларнинг етилиш муддати тезлашади, тола ва уруғ сифати яхшиланиб, чигитнинг унувчанлик қобилияти ортади ва пуч уруғлар сони камаяди.  Асаларилар ғўза, мевали дарахтлар, полиз ва резавор мевалар гулини четдан чанглатиши натижасида турларни соғломлаштириш ва юқори маҳсулдор навларни вужудга келтиришга шароит яратади. Маълумотларга қараганда, асаларилар ўсимликларни чанглатиш орқали дунё иқтисодиётига йилига 150 млрд. доллардан зиёд даромад келтирар экан.

Асаларилар ёрдамида чангланганда шафтоли ҳосилдорлиги 1.2, беҳи 1.4, олма ҳосилдорлиги 6, олхўри ҳосилдорлиги 8-11, гилос ҳосилдорлиги 20 ва ўрик ҳосилдорлиги 5 мартагача ошганлиги аниқланган. Бундан ташқари чанглатиш боғда гулчанги кўп бўлган вақтда ўтказилган бўлса, ҳосилдорлик ошиши билан бирга етиштирилган маҳсулот таркибида протеин ва қанд миқдори ҳам юқори бўлиши ҳисобига сифатли мева етилади.  Бир гектар узумзорга 2-3 та, уруғлик пиёзга 0.5-1 та, уруғлик сабзига 0.5-1 та, олма, олхўри, беҳи, нок, ўрик ва шафтоли каби меваларга 3 та, олча ҳамда гилосга 4 тадан асалари оиласини жойлаштириш тавсия этилади. Асалари билан чанглатиш режалаштирилган боғ тўртбурчак ёки айлана шаклда бўлса, 40-50 та асалари оиласини боғнинг ўрта қисмига жойлаштириш керак бўлади. Боғ атрофида ҳашаротнинг диққатини жалб қиладиган ўсимликлар бўлмаслиги керак. Битта асалари ўзининг қисқа ҳаёти давомида 337 000 марта гулга қўнади. Оғир ва ёпишқоқ мева чангини шамол эмас, асалари ташийди. Бир чиқишда асалари 50–100 га яқин гулга қўнади. Асаларилар 2–3 километргача учишлари мумкин, аммо боғда энг унумли учиш узоқлиги 150 метрдир. Бир дарахтда бир дақиқада 10–15 та ари ишлаётган бўлса чанглатиш учун етарли деб ҳисобланади. Асалари инида жуда кўп ари бўлиши талаб этилади. Янгидан ташкил этилган асалари оилалари сама- рали чанглата олмаслиги мумкин. Ҳарорат 10–17°С бўлганда фақат кучли асалари оилаларигина чангланишга ёрдам беради. Ҳарорат 15°С дан паст бўлганда арилар кам учади ва ҳарорат 18°С дан ошганда жуда фаол учади. Асалари уяларини ҳеч қачон дарахт тагига, сояга қўйманг. Уяларни қуёш нурлари тушадиган жойга жойлаштиринг. Қуёш нурлари яхши тушадиган жойда асалари оиласи 50% кўп учади. Уяларнинг чиқиш жойини шарқ, ғарб ва шимолга қараб жойлаштириш тавсия этилади. Боғнинг чуқурроқ жойига уяларни жойлаштирманг. Уялар тагига тахта қўйиб, ердан кўтариш уяларни захдан узоқлаштиради. Уяларни боғнинг ўртасига жойлаштиринг. Агар уялар боғ четларига қўйилса, арилар қўшни боғларга ўтиб кетиши мумкин. Ари уяларини боғга олиб келиш вақти. Биринчи гуллар очилиш даврида уяларни боғга олиб келинг. Биринчи гуллар энг сифатли меваларни ҳосил қилишини ҳисобга олиб, бу иш амалга оширилади. Агар гуллар очилишидан аввал олиб келсангиз, арилар бошқа бегона гулларга ўрганиб қолиши мумкин. Асаларилар сув ичади, шу сабабли уларга сув етарли бўлиши керак, акс ҳолда улар мева гулларига қўниш ўрнига сув ахтариб кетади. Мевали боғларни ташкил этишда чанглатувчи навларни экиш жуда муҳим. Чанглатувчи навлар асосий навлар билан бир вақтда гуллаши шарт. Чанглатувчи нав етарли ва ҳарорат қулай бўлганда олма гуллари жуда осон чангланади. Олма дарахтида 5–10% гул чангланса, етарли ҳосил олиш мумкин. Об-ҳаво қулай вақтда бир гектарга 3 та уя етарли бўлади, аммо совуқ, шамолли ва ёғингарчилик бўладиган кунларда камлик қилиши мумкин. Шу сабабли 4–5 та асалари уясини бир гектарга жойлаштириш тавсия этилади. Интенсив боғларнинг гектарига 5 та уя олиб кириш керак. Дарахтлар зичлиги ортган сари уялар сонини ҳам кўпайтириш зарур.

Салқин ҳавода кам сонли ари учади, лекин чангланиш даври узоқроқ бўлади ва гулл  ар бир вақтда очилмайди. Иссиқ ҳавода эса гуллар тез очилади ва гулчанг қисқа вақтда яроқсиз бўлиб қолади. Ҳар икки оби – ҳавода ҳам чанглатиш учун кўп асалари талаб қилинади. Мева гуллари очилаётган даврда гуллаши мумкин бўлган бегона ўтларни назорат қилиш зарур. Бу вақтда боғда инсектицид ва гербицидлардан фойдаланиб бўлмайди. Мевали дарахтларнинг гул чанглари оғир ва ёпишқоқ бўлади, шу сабабли ташилиши учун асаларилар керак бўлади. Чанг манбаини таъминлаш учун вақтинчалик чора сифатида чанглатувчи дарахтнинг гуллаган шохларини кесиб олиб, сувли бочкаларга солиб, чангланиши лозим бўлган дарахтлар олдига қўйиш мумкин. Чанг ишлаб чиқариш даври узоқроқ чўзилиши учун шохлар марказий гуллар очила бошлаган вақтда кесиб олиниши зарур. Пакана пайвандтагли яқин жойлашган дарахтларда ҳар иккинчи ёки учинчи қаторларда 6 та дарахт учун битта чанглатувчи нав экиш тавсия қилинади. Умуман олганда, чанглатувчи дарахтлар асосий нав дарахтлар билан орасида 15 метрдан ортиқ масофа бўлмаслигини таъминлаган ҳолда экилиши мақсадга мувофиқ.

Асаларилар бир хил рангли гулларга қўниш одатига эга. Шунинг учун қизил гулбаргли чанглатувчи олма навларидан кўра оқ гулбаргли навлар яхшироқ натижа беради. Олма гуллари асалариларни ўзига торта олсада, нок ва олхўри гуллари асалариларни кўп ҳам ўзларига жалб эта олмайди. Агар боғ майдони асалариларни ўзига тортиши мумкин бўлган гулли ўт-ўланларга бой бўлса, дарахт гуллари асаларилар эътиборидан четда қолиб кетиши мумкин. Шунинг учун боғ ҳудудидаги бегона ўт-ўланлар ўрилиши ёки дори воситалари ёрдамида қуритилиши керак. Бир гектар боғ майдони учун ўртачага 5 та асалари уяси керак бўлади. Уялар 4 ёки 6 тадан қилиб, ҳар 135 метр масофада жойлаштирилади. Катта боғларда эса уяларни 8–16 тадан қилиб, ҳар 180–270 метр масофада жойлаштириш ҳам мумкин. Асалари уясининг кириш оғзи қуёшга қаратиб қўйилиши ҳамда ўт-ўлан ва майсалардан холи бўлиши керак. Қаторлари зич боғларда асалари уяларини жойлаштиришда асалариларнинг бир қатордан иккинчисига кесиб ўтмайдиган одатларини ҳисобга олиш зарур. Уяларни қаторлар боши ва охирида жойлаштириш уларни қаторлар ичига жойлаштиришдан кўра самаралироқ натижа беради. Чанг тўлдирилган идишлар асалари уяси киришига ўрнатилиши лозим. Асаларилар ўз уяларини тарк этаётганда чанг устидан юриб ўтиш орқали оёқларига чанг зарраларини илаштириб олади.

Асалариларни имкон қадар чанглатилаётган экинларга яқин жойлаштириш керак. Бу вақт ва энергиянинг самарасиз сарфланишининг олдини олади, гулларга қўниш ва чанглатиш самарадорлигини оширади. Йирик ёки чўзилган экинзорларда алоҳида асаларилар хўжалигиклари бир-биридан 1-2 км дан узоқ жойлаштирилмаслиги керак, бу асалариларга парвознинг самарали радиусини таъминлайди. Ушбу талаб мевали дарахтларни чанглатишда айниқса муҳим аҳамиятга эга, чунки уларнинг барвақт гуллаши ва шох-шаббаларининг қалинлиги асалариларнинг парвози радиусини камайтиради. Йирик боғларда асалариларни 0,5 км оралиғида 50-60 оилали гуруҳлар шаклида жойлаштириш мақсадга мувофиқ. Чанглатувчи асалари хўжаликларининг умумий ҳажми нафақат участка майдонига, балки чалғитувчи микрофлоранинг мавжудлиги, асаларилар парвози учун об-ҳаво шароити, асаларилар оиласининг кучига боғлиқ бўлади. Айни пайтда ушбу асаларилар кўпинча турли вақтда гуллайдиган бир неча хил экинларни чанглатишда фойдаланилади ва ўзига хос чанглатувчи конвейер ҳосил қилинади.