Фарғона асаларичилик мактаби тажрибаси оммалаштирилади

Асаларичилик – қишлоқ хўжалигининг тармоқларидан бири, асалариларни асал, мум ва бошқа маҳсулотлар (асалари сути, асалари елими, асалари заҳари ва бошқалар) олиш, шунингдек қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш учун уларни чанглатиш мақсадларида боқилади. Испаниядаги Аран ғоридан топилган археологик маълумотларга кўра асаларичилик милоддан аввалги 10 — 5 минг йилликларда ҳам мавжуд бўлган деган тахминлар бор.

Ўзбекистонда ҳам асаларичилик билан шуғилланиш узоқ тарихга бориб тақалади. Шу боис юртимизда асаларичиликнинг ўзига хос мактаби яратилган. Фарғона водийсидаги асаларичилар эса мазкур соҳанинг миришкорлари десак асло муболаға бўлмайди.

Айни кунларда Фарғона вилоятида 1000 дан ортиқ асаларичилик субъекти рўйхатга олинган бўлиб, улар ички бозорни арзон, сифатли маҳсулот билан таъминлаб келмоқда. Вилоят асаларичилар уюшмаси қошида ишлаб чиқариш ўқув маркази ташкил этилган бўлиб, замонавий ўқув режа асосида олимлар томонидан марказда бир йилда 600 нафар мутахассис амалиёт дарслари асосида ўқитилади.

O‘zLiDeP Фарғона вилоят Кенгаши Бизнес тузилмалар ва фермерлар билан ишлаш бўлими томонидан ўтказилган “Асаларичилик хўжаликларини янада ривожлантириш, соҳадаги илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш йўллари – Фарғона вилояти мисолида” мавзусидаги давра сухбатида ҳам соҳани ривожлантириш учун мутаҳассислар томонидан амалий тавсиялар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунйодкорлик ва ободонлаштириш ишлари, янги лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида жорий йилнинг 22 июн куни Фарғона вилоятига ташриф буюриб, Фарғона асаларичилик ишлаб чиқариш ўқув марказида бўлган эди.

Давлатимиз раҳбари марказда амалиёт ўтаётган коллеж ўқувчилари билан Фарғона асаларичилик тарихи, асалнинг шифобахш хусусиятлари, таълим жараёнида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида суҳбатлашгани ҳамда ўз тавсияларини бергани соҳа ривожи учун яна бир қадам бўлди.

– 40 кишининг бандлиги таъминланган марказда бир йилда 7 минг дона асал уяси, 7 минг 500 дона ёстиқча, 3 минг дона махсус кийим ва юз ниқоби ишлаб чиқарилади, – дейди вилоят Асаларичилар уюшмаси тренери Б.Қодиров. —Бир кеча кундузда 200 килограмм мум-парда тайёрланади. 200 тонна асални қадоқлаш цехи ишлаб турибди.  2016 йилда вилоятларга 20 минг дона, чет давлатларга 30 минг дона сифатли асалари пакетлари етказиб берилди.

Шу ернинг ўзида АТ “Алоқабанк” Фарғона бўлими мутахассиси томонидан асаларичиликни ривожлантиришга қаратилган  банк ислоҳотлари ҳамда имтиёзлари ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, 5 нафар асаларичилик соҳасида тижорат банки кредитини олиш истагида бўлган тадбиркорларга тижорат банки кредитларини олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар тақдим этилди.

Тадбир якунида Фарғона асаларичилик мактаби тажрибасини бошқа вилоятларда ҳам оммалаштиришга ва аҳолини мазкур соҳага бўлган қизиқишини янада ошириш учун тарғибот тадбирларини ўтказишга келишиб олинди.

Халимжон Рахмонов,,

O‘zLiDeP Фарғона вилоят Кенгаши

Бизнес тузилмалар ва фермерлар билан ишлаш бўлими ходими

Manba: uzlidep.uz

Асаларичилик гуруҳига марҳамат!