Халқ банки: чорвачиликка доир инновацион лойиҳаларга молиявий мададкор

Мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида қишлоқ хўжалиги соҳасида туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, чорвачилик соҳасини илмий асосда ташкил қилиш, аҳоли ва фермер хўжаликларида парваришланаётган чорва зотларини маҳаллийлаштириш, сунъий уруғлантириш асосида чорва бош сонини кўпайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. 

Унга кўра, чорва молларини сунъий уруғлантириш кўламини кенгайтириш ҳамда наслчилик хўжаликларига кенг қулайликлар яратиш мақсадида «Ўзнаслчилик» корхонасининг Бухоро, Нукус ва Фарғона филиаллари очилди. Ушбу янги тузилмалар фаолияти самарадорлигини таъминлаш, чорвачиликка доир лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштириш мақсадида эса акциядорлик-тижорат Халқ банки масъул муассаса сифатида бириктирилди.

Айни пайтда банк насилли ва зотдор молларни юртимизга олиб келиб, уларни кўпайтиришга йўналтирилган лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаб келмоқда.
2017 йилда Халқ банкининг молиявий кўмагида «Ўзнаслчилик» корхонасига Германия давлатидан 62 бош Голштин, Англер, Симментал ва Швиц зотли наслли буқалар олиб келиниб, корхонадаги наслли буқалар сони 132 бошга етказилди.

Шунингдек, «Қайқубоднаслчорва» МЧЖ негизида ташкил қилинган Фарғона филиалига Германия давлатидан 26 бош наслли буқалар ҳамда Украина давлатидан сунъий уруғлантириш лабораторияси учун зарур дастгоҳлар олиб келинди. Мазкур ишлар учун банк томонидан 4 млрд. 600 млн. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.

Бундан ташқари, ўтган йили ушбу йўналишдаги ишларни сифат босқичга кўтариш мақсадида хориждан 1 700 дона наслли буқанинг музлатилган уруғларини узоқ муддатга сақлашга мўлжалланган дьюар идишлар олиб келиниб, улар вилоятлардаги наслчилик хўжаликларига тенг тақсимот асосида тарқатилди.

– Бугунги кунда «Ўзнаслчилик» корхонасида 132 бош, Бухоро вилояти бўлимида 40 бош ва Фарғона вилояти бўлимида 26 бош насилли буқа сақланмоқда, – дейди корхона ходимларидан бири. – Ушбу корхоналар йилига 6 млн. 500 минг дозадан ортиқ наслли буқаларнинг уруғини ишлаб чиқариш қувватига эга. Хориждан ҳар томонлама синовдан ўтказилиб олиб келинган замонавий дьюар идишлар мазкур насилли буқалар уруғларини узоқ муддатда сифатли сақлашда яхши самара бермоқда. Бу борадаги ишларни кўнгилдагидек ҳаётга тадбиқ этишда эса Халқ банки томонидан йўналтирилган 1 млрд. 800 млн. сўмдан зиёд кредит маблағлар муҳим роль ўйнади.

Мамлакатимизда наслли ва зотдор молларни кўпайтиришга астойдил киришган Халқ банки жамоаси шунингдек, Қашқадарё вилоятининг барча туманларида замонавий лаборатория ускуналаридан иборат чорва молларини сунъий уруғлантириш пунктларини ташкил қилди. Эндиликда мазкур сунъий уруғлантириш пунктларида наслли қора моллар бош сони кўпайтирилиб, чорва зоти яхшиланиб борилмокда. Бундан ташқари, бундай марказларда молларнинг маҳсулдорлигини ошириш, туманга олиб келадиган сунъий уруғлар сифатини лаборатория текширувидан ўтказиш ҳамда сунъий уруғлантирилган чорва молларини назоратга олиб бориш ишлари йўлга қўйилган. Бу билан чорва молларини чет давлатлардан валюта ҳисобига олиб келмасдан улар наслини ўзимизда кўпайтиришга эришилмоқда.

 Манба: Ўза.uz