Хорижий мамлакатлардан келтирилган янги балиқ турлари Ўзбекистон иқлимига мослаштирилмоқда

Картинки по запросу fishes farm

Сўнгги йилларда Ўзбекистонга хорижий мамлакатлардан 4 хил янги балиқ тури – осётр, Африка лаққаси, лосось, теляпа олиб кирилди. Бугунга келиб улар Ўзбекистон иқлимига мослаштирилди ва жуда яхши натижалар бермоқда. “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Руҳулла Қурбонов Халқаро Пресс-клуб сессияси доирасида KUN.UZ мухбирига берган интервьюсида шундай баёнот қилди.

«Янги йўналишларимиздан бири – ҳар қандай янги балиқ турини олиб кирганимиздан кейин унинг Ўзбекистонга мослашувчанлиги, унинг биологик хусусиятлари, қолаверса унинг қай даражада урчиши, унинг параметрлари, ҳосилдорлигини ўрганиш энг катта вазифа ҳисобланади. Бу йўналиш бўйича илмий изланишларни олиб кирадиган бўлимлар бўлиб берилди, яъни бу совуқ сув балиқлари бўладиган бўлса, форель, лосось, лаққа балиқлари, миксус каби балиқ турлари борки, булар фақат совуқ сувда етиштирилади. Мана шу балиқлар Ўзбекистоннинг ёз мавсумини қай даражада кўтаради, жазирамада уларни қандай боқиш мумкин ва сақлаш мумкинлигига доир масалаларни ҳал қилиш учун илмий изланишлар зарурдир.

Иккинчи йўналиш – тропик балиқлар. Ҳозирги кунда уларга доир аниқ вазифа белгилаб берилган, яъни Ўзбекистоннинг ўта иссиқ ёзида тропик балиқларни етиштириш учун қулай имкониятлар бор, лекин уларни қишда қандай сақлаш мумкин? Қишда мисол учун ёпиқ сув айланма тизимида сақлаш, улардан авлод олиш ва улардан маълум бир миқдорда очиқ сув ҳавзаларига чиққунига қадар чавоқларни етказиб бериш керак. Масалан, тропик мамлакатларда балиқ бир йилда 2-3 марта ҳосил беради, чунки уларнинг иқлими мўътадил, шароити бир хил. Бироқ бизнинг шароитимизда бу мумкин эмас.

Шунинг учун биз ўта иссиқ ёзимизда имкониятларни кенгайтириш мақсадида маҳаллий балиқларнинг ўзини оладиган бўлсак, икки йиллик тизимга ўтиб кетиб қоламиз. Лекин қишда булардан авлод олиб, маълум чавоқларини сақлаб туриб, май ойида ўзимизнинг очиқ ҳавзаларга олиб чиқадиган бўлсак, ўстириш циклини камида бир йилга камайтирган бўламиз, бу эса тупроқ ҳавзаларининг ҳосилдорлигини оширишга хизмат қилади. Бу йўналишда илмий изланишлар керак.

Фермерларимизнинг инкубация цехларида балиқлардан авлод олиш йўналишларини тайёрлаб берадиган механизмни фақат олимларимиз яратиб бериши мумкин. Илмий изланишлар натижасидагина шу натижаларга эриша оламиз», – дейди “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, айни дамда шу йўналишлар бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда. «Африка лаққа балиқларини кенг оммавий ёйишга сабаб шу ерда 4 йил давомида илмий изланишлар олиб борилди ва унинг натижалари фермерларимизга китобча шаклида етказилди. Бир-икки маҳорат дарслари ўтказганимиздан кейин Африка лаққа балиқларини икра олишгача бўлган имкониятлари жорий этилди. Худди шу йўналишда биз осётр ва лосось балиқларига доир изланишларни ҳам бошлаганмиз. Келгусида олдимизда теляпа, миксус ва бошқа балиқ турларини ҳам иқлимлаштириш вазифалари турибди», – қўшимча қилади мутахассис.

Руҳулла Қурбоновнинг KUN.UZ’га маълум қилишича, Ўзбекистонда охирги 6-7 йил ичида Малайзия, Норвегия ва Россиядан 4 хил янги балиқ тури – осётр, Африка лаққаси, лосось, теляпа олиб кирилди ва бу жуда яхши натижа кўрсатмоқда. Ҳозирча фақат теляпа балиқларида бироз қийинчилик мавжуд, лекин қолган балиқларнинг умумий уруғ олиш методологияси ўрганилиб, олимларимиз томонидан шунга доир китоблар чоп этилди.

Энди эса балиқ зотларини яхшилаш масалалари мавжуд. Улар бўйича эса Венгрия, Вьетнамданкарп балиқлари олиб кириляпти. Ҳозирги кунда уларнинг Ўзбекистон иқлимига  мослашувчанлигини ўрганиб, уларнинг ўсиш параметрларини аниқлаш ишлари ҳозирги кунда давом эттирилмоқда.

«Сўнгги йилларда балиқчилик соҳасини ривожлантириш билан шуғулланувчи олимлар бармоқ билан санарли даражага етган. Асосийси ёшларни соҳага тезроқ жалб қилиб, уларга илмий изланишларни давом эттириш учун имкониятлар яратиб беришимиз керак», – дейди Қурбонов.

Дарвоқе, 2018-2019 ўқув йилидан олий таълим муассасаларида балиқчилик соҳасига бакалавр йўналишида қабул квоталари икки борабарга кўпайтириладиган бўлди. Тошкент Давлат аграр университети эса келгуси ўқув йилидан 6 нафардан магистр тайёрлашни бошлайди. Арнасой қишлоқ хўжалик ва транспорт ҳамда Қуйичирчиқ агро-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежларида эса балиқчилик соҳасида фаолият юритувчи кадрларни қайта ўқитиш курслари очилади.

Бундан ташқари, тадбирда Астрахань давлат техника университети билан ҳамкорлик меморандуми имзолангани маълум қилинди. Келгусида Тошкентда ушбу университетнинг филиалини очиш режалаштирилмоқда.

kun.uz дан