ИНТЕНСИВ МЕВАЧИЛИК. Пакана бўйли мева дарахтларини ўстириш технологияси

Мева дарахтларидан юқори ҳосил олиш учун бошқа тадбирлар қаторида мевали дарахтларни паст бўйли пайвандтагларда ўстириш усули ҳам қўлланилади. Шох-шаббаси кичик ҳажмли бўлиб, барвақт ҳосил
берадиган ўсимликлар паст (пакана) бўйли деб аталади.
Паст бўйли дарахтлар икки гуруҳга бўлинади, табиий ва сунъий паст бўйли дарахтлар.
Биринчи гуруҳга паст бўйлилиги – ирсий хусусият бўлган мева дарахтлари киради. Бунга олманинг баъзи эски навлари Пепинка (Пепинка– Литовская, Туркман олмаси, Чулановка ва бошқалар) навлари, нокнинг
Вильямс летний, Любимица Клапа ва бошқалар, шунингдек селекционерлар томонидан яратилган навлар (шафран Китайка олмаси, Таежное, Плодородная Мичурина олчаси, Северная Мичурина беҳиси) ва
бошқалар киради. Ўзбекистонда В.В.Кузнецов паст бўйли олманинг Первенец Самарканда навини яратган. Сунъий паст бўйли дарахтлар оддий паст бўйли дарахтларнинг озиқланишини чеклаб қўйиш йўли билан ҳосил қилинади.
Дарахтларнинг ўсишини чеклайдиган бир нечта усуллар бор:
а) секин ўсадиган паст бўйли пайвандтагларга пайванд қилиш;
б) тувакда ёки бочкада ўстириш, бунда тупроқнинг ҳажми кам бўлиши ва етарли озиқланмаслиги натижасида дарахт секин ўсади, масалан цитрус ва манзарали ўсимликларни хонада ўстириш;
в) дарахт ҳажмини қисқартириш мақсадида шох-шаббасини доимий равишда кесиб туриш, шунингдек шохларини букиб ёки бураб қўйиш йўли билан шох-шаббасига озиқ моддалари етиб боришини чеклаб қўйиш;
г) шохларни эгиб қўйиш;
д) бутоқларни ҳалқалаш ва бошқалар.
Кейинги йилларда дарахтларга махсус моддалар – ретардантларни пуркаш йўли билан уларнинг ўсишини тўхтатиб туришнинг кимёвий усули ишлаб чиқилди. Ҳар хил навларни бута ёки майда дарахтчалар шаклида
ўсадиган ва илдизлари суст ривожланган паст бўйли пайвандтагларга пайвандлаш усули энг кўп тарқалган.
Паст бўйли пайвандтаглардан пакана дарахтлар олиш пайвандтагнинг пайвандустга таъсир кўрсатиши билан боғлиқдир.
Мева дарахтларни паст бўйли пайвандтагларда ўстиришнинг ўзига хос ижобий ва салбий томонлари бор. Паст бўйли дарахтларнинг характерли хусусияти – уларнинг кичик бўлишидир. Оддий ва паст бўйли пайвандтагларда уланган дарахтлар дастлабки йилларда деярли бир хилда ўсади. Лекин, ўсишдаги фарқ аста-секин сезила бошлайди ва дарахтлар ҳосилга кира бошлаши билан яққол кўринади. Паст бўйли пайвандтаглардаги дарахтларга нисбатан икки баробар кичикроқ ва шох-шаббаси икки ярим баробар ингичкадир. Ярим пакана пайвандтагларда ўстирилган дарахтлар оралиқ ўринни эгаллайди.
Аммо, дарахтларнинг ўсиши (пакана пайвандагларга пайвандланган дарахтларнинг) пайвандга ҳам кучли даражада боғлиқдир. Масалан, дусенга пайванд қилинган 16 ёшли олма дарахтлари шох-шаббасининг
баландлиги Кандиль – Синапда 5,2, Розмарин белый 5,5 м ва Бельфлерда 3,8 м га тенг бўлган.Паст бўйли дарахтларнинг кичик бўлиши уларни парваришлашни; буташ, зараркунанда ва касалликларга қарши курашишни ва ҳосилни териб олишни осонлаштиради. Лекин, эркин ўстирилган паст бўйли дарахт
боғларида қаторлар ораси яқин бўлганлиги учун ерни ишлашни механизациялаштириш (машиналар ёрдамида ишлаш) қийин.
Паст бўйли пайвандтагларда ўстирилганда оддий дарахтларга нисбатан 4-5 йил, ярим пакана пайвандтагларда эса 2-3 йил эртароқ ҳосилга киради. Беҳига пайвандланган нок кўчати ўтқазилгандан кейин учинчи – тўртинчи йилда ҳосилга киради. Олма билан нокнинг тўла ҳосилга кириши кучли ўсадиган пайвандтаглардагига қараганда 6-12 йил олдинроқ бошланади. Барвақт ҳосилга кириш паст бўйли дарахтларнинг муҳим биологик хусусияти ва хўжалик учун қимматли белгисидир. Паст бўйли павандтагларда ўстирилган дарахтларнинг ер усти қисмларида ҳужайра ширасининг юқори концентрациясида бўлиши эрта бошланади ва бу ҳол уларнинг барвақт ҳосилга киришини таъминлайди. Ҳосилга кириш эса ўсишни чеклаб қўяди (паст бўйлилик). Бундан ташқари, баргларда тўпланадиган пластик моддаларнинг 60 % гача ҳосил шаклланишга ва қолган қисми вегетатив органларга сарфланади.
Паст бўйли дарахтларни ҳосилдорлиги тез ўсадиган дарахтларникидан паст бўлади. Аммо, паст бўйли пайвандтагларда ўстирилган дарахтлар оддий дарахтларга қараганда анча қалин ўтқазилгандан ҳамиша оддий дарахтларга қараганда гектаридан икки баробар ва ундан ҳам серҳосил бўлади.Паст бўйли дарахтларнинг мева беришида солкашлик ҳоллари кам учрайди, бу ўсув жараёнларнинг жуда эрта тугалланишига ва баргларнинг кеч кузгача дарахтда сақланиб туришига боғлиқ бўлса керак; бу эса
дарахтда озиқ моддаларнинг кўп тўпланишига ёрдам беради.
Мева дарахтлари секин ўсадиган пайвандтагларда ўстирилганда, меваларнинг сифати, уларнинг ўртача бир текислиги яхшиланади, ширадорлиги ортади, уларнинг таъми ва ранги яхшиланади. Шу билан бирга паст бўйли пайвандтагларда ўстирилган олмазор боғларни тегишлича парвариш қилинса улар аъло сифатли товар ҳосил беради -териб олинган жами ҳосилнинг 90-95 % и стандарт мевалар, шу жумладан, 80 % биринчи нав мевалар бўлади. Пакана мева дарахтларнинг унчалик узоқ яшамаслиги кўпинча, уларнинг салбий томони деб ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан караш нотўғридир, чунки пакана мева дарахтлар ўзининг 25-30 йиллик ҳаёти даврида 45-50 йил яшайдиган баланд танали мева дарахтлари берадиган миқдордаги ҳосилни беради. Шу билан бирга пакана мева дарахтларидан экиб барпо қилинган боғдорчилик эски навларни бирмунча қимматли янги навлар билан тезда алмаштириш имконини беради.