“Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга механизация ва сервис хизматларини кўрсатиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор

Жорий йилнинг 29 май куни Президентимизнинг “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга механизация ва сервис хизматларини кўрсатиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга механизация ва сервис хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга оширишга рухсат берилди.

Айтиш жоизки, бу борадаги чекловларнинг олиб ташланаётгани биринчи навбатда мазкур хизматлар бозорининг тезкор ривожланишига ва қишлоқ хўжалиги ерларининг зарур техника билан кенг қамраб олинишини таъминлайди.

Қолаверса, қарорда жорий йилнинг 1 ноябридан машина-трактор паркларини бошқаришнинг энг самарали шаклини танлаш бўйича эксперимент ўтказиш белгиланди. Унга кўра “Ўзагросервис” акциядорлик жамиятининг 26 та машина-трактор парки тадбиркорлик субъектларига сотилади. Шунингдек, “Ўзагросервис” АЖнинг 3 та машина-трактор паркини давлат унитар корхоналарига айлантириш кўзда тутилмоқда.

Эътиборлиси, тадбиркорлик субъектларининг машина-трактор парклари фаолиятига фаол жалб этилаётгани, уларни ривожлантириш ва модернизация қилиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Қарорнинг яна бир аҳамиятга молик жиҳати Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига қишлоқ аҳолисини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга механизация ва сервис хизматларини кўрсатиш бўйича фаолиятга жалб этиш бўйича кенг қамровли тушунтириш ишларини олиб бориш, шунингдек, уларга ўз фаолиятларини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатиш вазифаси юкланди.

Биламиз, юқорида тилга олинган ҳар икки ташкилот O‘zLiDePнинг яқин ҳамкорларидан саналади. Шу боис, қарорда кўзда тутилган ушбу нормани асосий электоратимиз ҳисобланган тадбиркорларга тушунтириш партия тизимидаги барча фаоллар зиммасига алоҳида масъулият юклайди, десак адашмаймиз. Зеро, O‘zLiDeP дастурида алоҳида қайд этилганидек, партия мамлакатимизнинг аграр соҳадаги муносабатларини такомиллаштириш, фермер ва деҳқон хўжаликларининг ривожлантирилишини қўллаб-қувватлайди ва бу ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этади. Партия қишлоқ хўжалигидаги муаммоларни ҳал этмасдан туриб, иқтисодий ислоҳотларни муваффақиятли давом эттириб бўлмайди, деб ҳисоблайди.

Шунингдек, қарорда қишлоқ хўжалиги техникаси учун импорт қилинадиган эҳтиёт қисмларни бевосита ишлаб чиқарувчилардан харид қилиш тизимини жорий этиш, ўзаро манфаатли шартлар асосида Ўзбекистон Республикасига қишлоқ хўжалиги техникасининг янги илғор ишлаб чиқарувчиларини жалб қилиш масалаларига ҳам алоҳида урғу берилган. Бу амалда қишлоқ хўжалик техникаси ва унинг эҳтиёт қисмларига бўлган нархларни оптималлаштириш, шунингдек, ўзаро манфаатдорлик шартлари асосида мамлакатга янги илғор ишлаб чиқарувчиларни жалб қилишни таъминлайди.

Умуман олганда, ушбу қарор қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга механизация ва сервис хизматлари кўрсатишнинг ягона тизимини шаклланишига олиб келади.

malumotlar maxsus tadbirkor-fermer.uz uchun to’plangan.