Иссиқхонада учрайдиган касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш чора тадбирлари

Оқ канот – кенг тарқалган жуда хавфли зараркунандадир. Иссиқхоналарда бутун йил давомида ривожланади ва учраб туради. Ўсимлик шираси билан озиқланиб, ўзидан қандга ўхшаш модда ажратади ва бу моддада кейинчалик ўсимталар ривожланиб, барглар қора майда ғубор билан қопланади. Кураш чоралари: ўсув даврида меваларини теришдан 4 кун олдин 50 фоизли Актеллик билан (гектарига 3–6 л) пуркаш ва кейин ўсимликларни ювиб юбориш керак. 0,1 фоизли Толстарга 0,05 фоизли Апплауд препаратини қўшиб пуркаш яхши самара беради. Оқ қанотга қарши курашишда яна биологик усул – ашерсония ҳам қўлланилади, у оқ қанот личинкаларини ўлдиради. Спор суспензиясининг сув билан аралашмаси ўсимликларга пуркалади (гектарига 1800–2000 л, 5–7 кун оралатиб 3–4 маротаба пуркалади.)

Занг кана – помидор мевалари ва барглари шаклини ўзгартириб ўстирмай қўяди. Унга хос асосий хусусият ўсимлик барги ва меваларида катта-катта гуруҳ шаклида тўпланишидир. Агарда ўз вақтида унга қарши кураш чоралари қўлланилмаса, ҳосилнинг бутунлай ҳаммасини нобуд қилиши мумкин.

Занг канага қарши курашишда ўсимликларни 0,1 фоизли Неорон, Ниссаран препаратлари билан пуркаб ишлов берилса, сепилгандан сўнг 2-куни каналар бутунлай қирилади. Бу препаратларни ҳосилни теришдан бир ой олдин қўллаш лозим. Занг канага қарши курашда синовдан ўтказилган препаратлар бўйича энг яхши натижа таркибида олтингугурти бўлган препаратлар бўйича олинди. Жумладан, бир қисм майдаланган олтингугуртга икки қисм тупроқ аралаштириб чанглатиш жуда яхши натижа беради.

Ўргимчаккана – республикамиздаги иссиқхоналарда кенг тарқалган. У баргларнинг пастки қисмига жойлашиб олиб, ўсимлик шираси билан озиқланади, у билан кучли зарарланган ўсимлик қисми ўргимчак тўри билан қопланади. Ўргимчакканага қарши курашишда 0,1 фоизли Ниссаран, Неорон, 0,2 фоизли Акрекс препаратларидан фойдаланилади.

Полиз шираси – республикамиз иссиқхоналарида йилнинг иссиқ ойларидан ташқари барча даврларида жуда кенг тарқалади. Ўсимликларнинг барча новдаларини, баргини, гулларини ва янги тугилган меваларини зарарлайди. Ўсимликлар шираси билан озиқланади, зарарланган барглар ўралиб қолади.

Курашиш чораси: 0,1 фоизли Актеллик препаратини пуркаш ва 0,2 фоизли Децис препарати билан ишлов бериш лозим.

Қўнғир доғланиш – касаллик аломатлари баргларнинг пастки қисмида қўнғир-сарғиш доғлар пайдо бўлиши билан бошланиб, кейинчалик қораяди ва қурийди. Бу касаллик ривожланиши учун ҳаво намлиги юқори (95 фоизгача) ва ҳарорат 22–25°С бўлиши жуда қулай шароит ҳисобланади. Ушбу касалликка қарши курашишнинг асосий омилларидан бири парваришлаш шароитлари (ҳаво ҳарорати, намлиги ва бошқалар) меъёрида бўлишини таъминлашдир.

Кимёвий курашнинг самарали чораси 0,4 фоизли ярим карбацин (меваларни теришдан 3 кун олдин) ёки 1–2 маротаба 0,1 фоизли Беномил препаратлари билан меваларни теришдан 10 кун олдин ишлов бериш лозим.

Ушбу касалликка қарши курашишнинг энг самарали чораси касалликка чидамли навлардан фойдаланишдир.

Фитофтороз – замбуруғ касаллиги бўлиб, кўпинча иссиқхоналарда ҳарорат юқори бўлиши оқибатида янги ўтказилган кўчатларда учраб туради. Касаллик қорасон касаллигиини эслатади, яъни новдалар ингичкалашиб қурийди ва ёш ўсимликлар бутунлай нобуд бўлади. Кейинчалик касаллик меваларни ҳам зарарлайди, натижада мевалари чирийди ва тўкилиб кетади, айниқса пастки мева шохларидагиси.

Курашиш чораси: кўчатлар мис купоросининг 0,25 фоизли аралашмаси билан суғорилиши, 0,05 фоиз Топаз, Фоликор препаратлари билан ишлов бериш лозим.

Ун шудринг – бодринг ўсимликларида кенг тарқалган касаллик бўлиб, иссиқхоналарда ҳароратнинг тез-тез ўзгариши ва ҳаво намлигининг меъёридан юқори бўлиши ушбу замбуруғ касаллиги ривожланиши учун қулай шароит яратади.

Касалланган ўсимлик барглари аввал оқ ғубор билан қопланади, кейин эса аста-секин сўлийди ва қуриб қолади.

Кураш чоралари: таркибида (коллоид олтингугурт) олтингугурти бўлган Каратин, Беномил, Омайт ва бошқа шунга ўхшаш препаратларни пуркаш керак. Касалликнинг оддини олишнинг энг самарали усули – тупроқни юмшатиб, ҳарорат ва намликларни энг қулай меъёрда бўлишини таъминлаш ёки Бордо суюқлигининг 0,5 фоизли аралашмасини пуркаш.

Тамаки мозаикаси вируси – жуда кенг миқёсда тарқалган бўлиб, айниқса кунлар исиб, ҳарорат кўтарилиши уни жуда кучайтириб юборади. Бу вирус касаллик бўлиб, уруғи орқали, тупроқ орқали, шу билан бирга касалланган ўсимликдан атрофидаги соғ ўсимликларга юқиш йўли билан тарқалади. Ўсимликлар новдаларини, баргларини, меваларини зарарлайди. Касалланган ўсимликлар маҳсулдорлиги кескин пасайиб кетади. Касаллик баргларни сийраклаштириб, шаклини ўзгартириб ёки баргларни ипсимон ҳолатга келтириши билан ўзини намоён этади.

Курашиш чораси: касалликнинг олдини олиш учун уруғларни экишдан олдин ишлов бериш, кўчат етиштириладиган майдон тупроқларини ҳам ишлов бериб зарарсизлантириш, фақат микроэлементлар аралашмасида ивитилган соғлом уруғларни экиш. Помидор кўчатларини 10 фоизли (10 л сувга 1 л ёғсизлантирилган сут қўшиб) пуркаш, уларни доимий жойига экишга 10 кун қолганда эса Боррат кислотаси аралашмаси пуркалади (1 л сувга 100 мг қўшиб).

Ўсув даври давомида ўсимликларни яхшилаб парваришлаш ҳам уларнинг касалликларга чидамлилик самарадорлигини оширади.

Помидорнинг юқоридан чириши – касаллик кўк меваларнинг юқори қисмида енгил ботиқ кўкимтир доғлар кўринишида намоён бўлади, улар секин-аста катталашади, натижада меваларнинг устки қисми силлиқлашади. Касалланган мевалар ўсишдан тўхтайди ва улар соғлом меваларга нисбатан олдинроқ қизаради.

Курашиш чораси: юқоридан чириш касаллигига қарши курашишда ўсимликлар жуда кучли ўсган даврида ҳар 1 га майдон ҳисобига 950 л сувга 4,5 кг миқдорда кальций хлор аралаштириб пуркаш лозим. Бундан ташқари, помидор ўсимликларининг 0,02 фоизли нордон олтингугурт цинки ва 0,02 фоизли Боррат кислоталари билан илдиздан ташқари кўк қисмлари орқали озиқлантирилиши (пуркалиши) меваларнинг юқоридан чиришини камайтириб, ҳосилдорлигини оширади