Карам етиштириш

Картинки по запросу капуста  Экиш учун тавсия этиладиган навлар: эртапишар Фарао F1, Назоми F1, Парел F1,Июньская, ўртапишар Саратони, Тошкент–10, Термиз–2500, кечпишар Шарқия–2, Ўзбекистон судьяси.

Кўчат танлаш. Эрта баҳор ва ёзги муддатларда экиладиган оқбош карам кўчатлари 30–40 кунлик, барглари тўқ яшил, илдизлари дуркун ривожланган ва соғлом бўлиши лозим. Далага экиш пайтида кўчатларда 6–7 та барг бўлиши керак.

Ер тайёрлаш. Майдонлар ўтмишдош экинлар қолдиқлари ва бегона ўтлардан сифатли қилиб тозаланади. 1 сотих ерга 200–250 кг (10 сотихга 2–2,5 тонна) чириган гўнг солинади. Тупроқ 20–25 см чуқурликда юмшатилади, йирик кесаклар майдаланади, яхшилаб текисланади, суғориш эгатлари олинади.

Экиш муддати ва схемаси. Карамни 3 хил муддатда экиб, парваришлаш мумкин. Эртаки карам кўчатини республикамизнинг жанубий вилоятларида 10–12 февраль, ўрта муддатларда 10–12 май, кечки муддатларда 1–15 август; марказий минтақада жойлашган ҳамда водий вилоятларида эртапишар навларнинг кўчатини 25 февраль – 10 март, ўртапишар навларни 15 апрель – 1 май, кечпишар навларни 15 июнь – 10 июль; шимолий ҳудудларда эртапишар навларнинг кўчатини 15–30 март, ўртапишар навларни 1–15 апрель, кечпишар навларни – 25 май – 5 июнь оралиғида экиш мақбул ҳисобланади.

Қатор оралари 70 см, уялар ораси 30 см, ҳар бир уядаги кўчат сони 1 сотих майдонга 476 (10 сотихга 4760) туп ўсимлик тўғри келади.

Парваришлаш. Кўчат экиб бўлгандан кейин майдон кетма-кет суғорилади. Кўчат тутгандан сўнг эгатларнинг оралари, кўчатларнинг атрофи юмшатилади ва биринчи ўғит берилади. Иккинчи чопиқ экин суғорилгандан сўнг ўтказилади. Оқбош карам икки марта чопиқ қилинади. Карамни озиқлантириш учун 1 сотих майдонга 2 кг азот, 1,5 кг фосфор ва 0,7 кг калий солинади. Бўз тупроқли ерларда эртаги карамни 8–10 марта, сизот сувлари юза жойлашган ерларда 6–8 марта суғориш тавсия этилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Карам бити, карам куяси, карам оқ капалаги қуртларига қарши биологик усулда олтинкўз, хонқизи қўнғизлари қўлланилади. Барг кемирувчи қуртларга қарши трихограммма тухумхўри ва бракон энтомофаглари ишлатилади. Кимёвий усулда 10 литр сувга Циперметрин 25% эм.к. (16 мл/га), Долприд 200 г/л с.э.к. (10 мл/га) препаратларининг биронтасидан фойдаланилади. 10 сотихга 60–70 литр сувда тайёрланган аралашма ишлатилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Аҳоли томорқаларида экилган оқбош карам оддий узун пичоқ ёрдамида 2–3 дона барги билан қирқиб олинади. Эртаги карам сақлашга мойил эмас, шунинг учун уни дарҳол истеъмолга чиқариш зарур. Вақтида йиғилмаган карамларнинг бошлари ёрилиб кетади.