Кашнич етиштириш

   Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Орзу ва Янтарь.

Уруғ танлаш. Экиладиган кашнич уруғи тоза, юқори унувчан, касалликлардан ҳоли бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.

Ер тайёрлаш. Дала ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан сифатли қилиб тозаланади. 1 сотихга 150–200 кг (10 сотихга 1,5–2 т) чириган гўнг солинади. Ўсимлик қисқа муддатда етилишини инобатга олиб гўнг солиш билан бирга 1 сотих майдонга 1 кг азотли, 1 кг фосфорли, 0,5 кг калийли ўғит солиш талаб этилади. Ер 20–25 см чуқурликда юмшатилади, йирик кесаклар майдаланади, яхшилаб текисланади, суғориш эгатлари (пол) олинади.

Экиш муддати ва схемаси. Эртаги кашнич уруғи 10–15 февральда, ўртагиси 15 апрельда, ёзгиси 15 июньда, кейингилари 15 августда, 15 октябрда ва тўқсонбости қилиб 25 ноябрьдан 10 декабрьгача полларга қалин қилиб сепилади. Бир сотихга 100–120 г (10 сотихга 1–1,2 кг) уруғ сарфланади. Уруғлар лентасимон усулда 2–3 қатор қилиб ёки сочма усулда сепилади. Уруғ сепилгандан кейин хаскаш билан тупроққа аралаштирилиб устидан майда чириган гўнг сепилади.

Парваришлаш.. Нам етарли бўлса уруғи 5–10 кунда униб чиқади. Асосий парвариши 1–2 марта ўташ, қалин ерларини бироз яганалаш ва 3–4 кунда суғоришдан иборат.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Кашнич касалликларга анча чидамли, салқинсевар ўсимлик ҳисобланади.

Ҳосилни йиғиштириш. Кашнич ердан униб чиққан кундан бошлаб 40–50 кунда истеъмолбоп бўлади. Аҳоли кашнични янги узулган барра ҳолида ва қуритиб қишда ҳам ишлатади. Бу кўкат йил бўйи истеъмол қилинади. Унинг барра баргларини 2–3 марта ўриб олиш мумкин. Бунда      1–1,5 см танаси қолдирилади, тегишли шароит яратилганда барги яна ўсиб чиқаверади. Вақтида ўриб олинмаса, уруғпоя ҳосил қилиб, истеъмолга ярамай қолади