Лимон дарахти гуллари тўкилиб кетишининг сабаби нимада?

Лимон дарахти йил давомида бир неча (3-4) марта гуллайди. Асосий ҳосил биринчи гуллашдан (апрель-май ойларида ) ва иккинчи гуллашдан (июнь-июль ойларида ) олинади. Лекин баъзи сабабларга кўра лимон дарахти биринчи гуллашда гулларнинг кўп қисмини тўкиб юборади. Бунинг бир нечта сабаблари бор. Масалан: дарахтлар қишки совуқлардан, дим ҳаводан ёки қоронғуликдан зарарланган вазиятларда мева қилмайди.

Баргларини кўп қисмини тўкиб юборган дарахтлар баҳорда янги барг чиқариб, қийғос гуллаганда ҳам дастлабки гуллашда меваларни тутиб қолмайди. Бу вазиятда дарахтлар яхши парвариш қилинганда иккинчи ва учинчи гуллашда ҳосилларини сақлаб қолади.

Бундан ташқари дарахтларнинг мева тугмаслигига озиқ моддаларнинг етишмаслиги ҳам асосий сабаблардан бири бўлиши мумкин. Шунинг учун белгиланган меъёрдаги ўғитларни ўз ватида бериш лозим. Айниқса калий ўғити лимон мевалари тутиб қолишига ижобий таъсир қилади.

Юртимизда қиш фасли баъзи йилларда анча совуқ келиши кузатилади. Маълумки иссиқхоналардаги дарахтларни қишки совуқлардан асраш учун керакли барча чора- тадбирлар кўрилади. Бунда иссиқхона ҳавосини бир маромда сақлаш учун зарур маълумотларга эга бўлиш талаб этилади.

Кундуз кунлари ташқаридаги ҳаво ҳарорати 0ºС, +5°С дан юқори бўлганда иссиқхона ичидаги дим ҳаво ва захарли газлар чиқиб кетишидир. Айниқса куз ойларида иссиқхоналар энди ёпиллганда (октабрь-ноябрь ойларида), ва баҳорда очиш олдидан (мартнинг охири-апрельнинг биринчи ярми) эҳтиёткорлик талаб этилади. Чунки иссиқхона устига ёпилган плёнка қуёшдан келаётган иссиқликни иссиқхона ичига бир неча марта юқори даражада узатади. Натижада, иссиқхона ичидаги ҳарорат анча исиб кетади. Бу пайтда кундуз кунлари иссиқхона эшик ва ромларини беркитмаслик лозим.

Аксинча, 0°С дан паст ҳароратда эса, ешик ва ромларни умуман очмаган маъқул. Агар паст ҳароратда иссиқхона шамоллатиладиган бўлса, дарахтларни совуқ уриши мумкин. Қишки совуқ ва қировлардан асраш учун одатда термос (ваакум) ҳосил қилиш учун икки қават плёнка орасига похол тўшалади. Бунда похолни меъёрда тўшаш керак. Яъни иссиқхона ичи қоронғу бўлиб қолмаслиги зарур. Иссиқхона томига похол тўшашда томнинг 25-30% қисми очиқ қолдирилиши зарур.

Агарда лимон дарахтлари биринчи гулларини тўкиб юборадиган бўлса, кейинги гуллашга қадар дарахтларни ўз вақтида озиқлантирилиб, парваришланади. Шунда кейинги гуллашларда ғунчалар бақувват бўлади ва яхши тутиб қолади.