Ловия (Хитой ловияси)

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Олтинсоч, Олтин, Сориал, Колорадо Ғ1.

Уруғлик танлаш ва экишга тайёрлаш. Экиш учун йирик, тўқ ва шикастланмаган уруғлар танлаб олинади.

Ерни экишга тайёрлаш. Ерни экишга тайёрлаш ишлари ўтмишдош ўсимликларни қолдиқларини тозалаш билан бошланади, ер 20–25 см чуқурликда юмшатилади, текисланади ва 70–60 см кенгликда жўяклар олинади.

Экиш муддати. Ловия ернинг тобига келишига қараб апрель-май ойларида, анғизга эса июнь ойининг охирида экилади.

Экиш меъёри ва схемаси. Ловия 60х20 ёки 60х15 см схемада экилади. Бунда 10 сотих майдонга 2,5–5 кг уруғ сарфланади. Экиш чуқурлиги 4–5 см.

ПарваришлашЎсув даврида 3–5 марта суғорилади. Қатор оралари юмшатилади, ўтоқ қилинади.

ЎғитлашМаҳаллий ўғит ерни экишга тайёрлаш пайтида солинади. Ерни юмшатишдан олдин 10 сотихга 4-6 кг соф модда ҳисобида фосфор ва 2-4 кг калий берилади. Шоналаш ва гуллаш даврида қўшимча 2-3 кг фосфор, 1-2 кг калий сепилди.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Ловияда илдиз чириш, антракноз, ун шудринг ва занг касалликлари кузатилади. Зараркунандалардан эса ғўза тунлами, туганак узунбуруни, акация ва беда шираси, донхўрлар, ўргимчаканалар учрайди.

Ловия касалликларига қарши ўз вақтида кураш олиб бориш учун уруғлар препаратлардан Витавакс 200ФФ 34% с.сус.к. (т.э.м; карбоксин+тирам) – 2,5 л/т, Ҳимоя 10% с.(т.э.м; полихлорйодид) – 4,0 л/т, Дармон-4, 25-30% кук, (т.э.м; карбон ва карбол кислоталарининг натрийли тузлари аралашмаси) – 0,4 л/т ҳисобида дорилаб экилади. Ўсимликни ўсув даврида эса Фоликур БТ 22,5% эм.к. (т.э.м; тебуконазол+триадимефон) – 0,3-0,5 л/га, Байлетон 25% н.кук. (т.э.м; триадимефон) – 0,5 кг/га, Титул 390 КЭК (390 г/л), (т.э.м; пропиконазол) – 0,3 л/га ва Дуплет ТТ 22,5% эм.к. (т.э.м; тебуконазол+триадимефон) – 0,5 л/га меъёрларда қўлланилди.

Ловияда учраган зараркунандаларга қарши эса ўсимликни ўсув даврида препаратлардан Децис 2,5% эм.к. (т.э.м; дельтаметрин) – 0,5-0,7 л/га, Децис 10% эм.к. (т.э.м; дельтаметрин) – 0,1 л/га, Би-58 (Янги) 40% эм.к.(т.э.м; диметоат) – 0,5-1,0 л/га, Каратэ 5% эм.к. (т.э.м; лямбда-цигалотрин) – 0,15 л/га ҳисобида ишлатилади. Ишчи суюқлик сарфи касаллик ва зараркунандаларга қарши 10 сотихга 20 л ҳисобида олинади.

Ҳосилни йиғиштириш. Ловия дуккакларининг 75-80 фоизи пишганда пояси билан йиғиб олинади ва қуритилади. Поялар эрталаб ёки кечқурун йиғилса, дуккаги кам чатнайди, шикастланмайди. Қуриган дуккаклардаги ҳосил янчиб ёки ёриб ажратиб олинади. Ловия поялари чорва ҳайвонларига озиқа сифатида берилади. Пояларни маккажўхорига аралаштириб силос ҳам тайёрлаш мумкин.