Ловия (Хитой ловияси) ва Аччиқ қалампир

  Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Олтинсоч, Олтин, Сориал, Колорадо Ғ1.

Уруғлик танлаш ва экишга тайёрлаш. Экиш учун йирик, тўқ ва шикастланмаган уруғлар танлаб олинади.

Ерни экишга тайёрлаш. Ерни экишга тайёрлаш ишлари ўтмишдош ўсимликларни қолдиқларини тозалаш билан бошланади, ер 20–25 см чуқурликда юмшатилади, текисланади ва 70–60 см кенгликда жўяклар олинади.

Экиш муддати. Ловия ернинг тобига келишига қараб апрель-май ойларида, анғизга эса июнь ойининг охирида экилади.

Экиш меъёри ва схемаси. Ловия 60х20 ёки 60х15 см схемада экилади. Бунда 10 сотих майдонга 2,5–5 кг уруғ сарфланади. Экиш чуқурлиги 4–5 см.

Парваришлаш. Ўсув даврида 3–5 марта суғорилади. Қатор оралари юмшатилади, ўтоқ қилинади.

Ўғитлаш. Маҳаллий ўғит ерни экишга тайёрлаш пайтида солинади. Ерни юмшатишдан олдин 10 сотихга 4-6 кг соф модда ҳисобида фосфор ва 2-4 кг калий берилади. Шоналаш ва гуллаш даврида қўшимча 2-3 кг фосфор, 1-2 кг калий сепилди.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Ловияда илдиз чириш, антракноз, ун шудринг ва занг касалликлари кузатилади. Зараркунандалардан эса ғўза тунлами, туганак узунбуруни, акация ва беда шираси, донхўрлар, ўргимчаканалар учрайди.

Ловия касалликларига қарши ўз вақтида кураш олиб бориш учун уруғлар препаратлардан Витавакс 200ФФ 34% с.сус.к. (т.э.м; карбоксин+тирам) – 2,5 л/т, Ҳимоя 10% с.(т.э.м; полихлорйодид) – 4,0 л/т, Дармон-4, 25-30% кук, (т.э.м; карбон ва карбол кислоталарининг натрийли тузлари аралашмаси) – 0,4 л/т ҳисобида дорилаб экилади. Ўсимликни ўсув даврида эса Фоликур БТ 22,5% эм.к. (т.э.м; тебуконазол+триадимефон) – 0,3-0,5 л/га, Байлетон 25% н.кук. (т.э.м; триадимефон) – 0,5 кг/га, Титул 390 КЭК (390 г/л), (т.э.м; пропиконазол) – 0,3 л/га ва Дуплет ТТ 22,5% эм.к. (т.э.м; тебуконазол+триадимефон) – 0,5 л/га меъёрларда қўлланилди.

Ловияда учраган зараркунандаларга қарши эса ўсимликни ўсув даврида препаратлардан Децис 2,5% эм.к. (т.э.м; дельтаметрин) – 0,5-0,7 л/га, Децис 10% эм.к. (т.э.м; дельтаметрин) – 0,1 л/га, Би-58 (Янги) 40% эм.к.(т.э.м; диметоат) – 0,5-1,0 л/га, Каратэ 5% эм.к. (т.э.м; лямбда-цигалотрин) – 0,15 л/га ҳисобида ишлатилади. Ишчи суюқлик сарфи касаллик ва зараркунандаларга қарши 10 сотихга 20 л ҳисобида олинади.

Ҳосилни йиғиштириш. Ловия дуккакларининг 75-80 фоизи пишганда пояси билан йиғиб олинади ва қуритилади. Поялар эрталаб ёки кечқурун йиғилса, дуккаги кам чатнайди, шикастланмайди. Қуриган дуккаклардаги ҳосил янчиб ёки ёриб ажратиб олинади. Ловия поялари чорва ҳайвонларига озиқа сифатида берилади. Пояларни маккажўхорига аралаштириб силос ҳам тайёрлаш мумкин.

Аччиқ қалампир

  Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Марғилон–330, Пикантный, Учқун, Тилларанг, Мумтоз, Саид.

Кўчат танлаш. Экиладиган аччиқ қалампир кўчатлари 40–45 кунлик, 8–10 баргли, пояси ва илдизлари дуркун ривожланган, барглари тўқ яшил тусда, соғлом бўлиши лозим.

Ер тайёрлаш. Аччиқ қалампир экиш режалаштирилган ерларни тайёрлаш ишлари куз ойларидан бошланиб, ҳосилдан бўшаган майдондаги ўсимликлар қолдиқларидан тозаланиб, маҳаллий ўғит сочиб чиқилади. Берилиши лозим бўлган минерал ўғитлар миқдорининг бир қисми қўлда сочилгач, майдон 28–30 см чуқурликда юмшатилади. Экишга тайёрлашни кейинги тадбирлари экишдан олдин бажарилиб, майдонлар 14–16 см чуқурликда юмшатилади. Йирик кесаклар хаскаш ёрдамида майдаланиб, бир йўла ер текислаб олинади, кейин 70 см ёки 90 см қатор оралиғида экиш эгатлари тортиб чиқилади.

Экиш муддати ва схемаси. Аччиқ қалампир кўчатлари жанубий вилоятларда мартнинг III ўн кунлиги, марказий минтақада жойлашган вилоятларда апрельнинг II–III ўн кунлигида ва шимолий минтақаларда апрельнинг III ва майнинг I ўн кунлигида 70×20 см тизимида, ер ости сувлар яқин бўлган ерларда 90×20 см тизимида экилади. 1 сотих майдонга экиш схемасига қараб 555–714 та кўчат сарфланади.

Парваришлаш. Ўсимликларга биринчи ишлов бериш кўчатлар тутиб олгач, яъни экилганидан 10–12 кундан кейин бошланади. Бунда эгат ичи, пушта ва қатордаги кўчатлар орасининг тупроғи юмшатилади. Биринчи парваришлашдан 12–15 кун ўтгач, иккинчи сув берилади. Тупроқ етилгач, яна бир бора чопиқ қилинади. Бунда ер бегона ўтлардан тозаланади, юмшатилади, тупроқ помидор кўчатининг атрофига босилади. Аччиқ қалампир ўсимлиги яхши ривожланиб, мўл ҳосил бериши учун унинг илдизи жойлашган қатлам ҳаво билан таъминланган бўлиши керак. Бунинг учун сув эгат оралатиб қўйилгани маъқул.

Ўғитлаш. Аччиқ қалампир етиштиришда тук ҳолда 1 сотих майдонга 7,6 кг сульфат аммоний, 2,6 кг аммофос, 1,6 кг калий хлор берилади.

Аччиқ қалампир сувга талабчан ўсимлик бўлиб, сизот суви чуқур жойлашган ерларда ўсув даври мобайнида суғоришда ҳар гал 1 сотихга 5–6 м3 ҳисобидан 14–16, сизот суви юза ўтлоқ ва ўтлоқ-ботқоқ тупроқли ерларда 10–12 марта суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган ерларда ҳосил етилгунча ҳар 10–14 кунда суғорилади. Куз бошлангандан кейин экин камроқ суғорилади. Аччиқ қалампир ҳаддан ортиқ суғорилганда ундаги аччиқлик хусусияти пасайиб кетиши мумкин.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Асосий зараркунандаларидан шира, каналар, оққанотга қарши 10 сотих майдонга Моспилан 20% н.кук. (25–30 г) қўлланилади. Касалликлардан – меваларнинг учидан чириши, бактериал қора доғ, сўлишга қарши Топаз 10 % эм.к. (15мл ), Курзат Р н.кук. (200–250 г) ёки 1 фоизли Бордо суюқлигининг 60–70 литр сувга тайёрланган аралашмасини қўллаш мумкин. Бу кимёвий препаратларни мутахассислар назоратида қўллаш зарур.

Ҳосилни йиғиштириш. Аччиқ қалампирни кўклигида ҳам, қизарганида ҳам истеъмол қилиш мумкин. Аччиқ қалампир кўклигида йиғиб олинса, ҳосил миқдори нисбатан кўпроқ бўлади. Совуқ тушиши арафасида аччиқ қалампир пояси мевалар билан биргаликда тупроқдан суғуриб олиниши, қуритилиши ва кейинчалик ишлатилиши мумкин.

Манба: mehnat.uz