Мева экинларининг зараркунандалари ва қарши кураш чоралари

Олма қурти. Барча ҳудудларда олма, нок ва беҳининг асосий зараркунандаси ҳисобланади. Ҳосилнинг 50% игача зарар етказади.
Кураш чоралари: Карбофос ёки бензофосфат, Золон (100 литр сувга 200-300 грамм ҳисобида), бир гектарга эса 2,5-4,5 кг сарфланади. Пиретроидлардан – Цимбуш, Ширпа, Нурелл – Д, Рипкорд (100 литр сувга
50-60 грамм ҳисобида) бир гектарга эса 0,6-2 литргача сарфланади.
Олма куяси. Куя қуртлари уйғонаётган куртакларни, кейин эса баргларни ҳам еб қўяди. Қаттиқ зарарланган дарахтлар ҳосил қилмайди. Қуртлар тўп-тўп бўлиб яшайди ва битта шохнинг баргларини еб бўлгач,
ҳаммаси гала бўлиб, иккинчи шохга ўтади. Дарахтнинг бутун шох шаббалари ўргимчак тўри билан қоплангандек бўлиб қолади.
Кураш чоралари: Аваунд (0,35 л/га), Арриво (0,16 л/га), Циракс (0,16-0,32 л/га), Ширпа (0,2 л/га), Золон (2,5-4,5 л/га), Децис (0,5 л/га), Нурелл – Д (0,5 л/га) кабилар қўлланилади.
Олма қон бити. Сўрувчи зараркунанда бўлиб, феврал-март ойи бошида уйғониб, дастлаб қишлаган жойида озиқланади, сўнгра ўрмалаб чиқиб дарахтнинг пўстлоғи юмшоқ ёки зарарланган (шикастланган)
жойларига ўрнашади. У тез кўпаяди ва ёз бўйи 17-20 мартагача насл беради. Қанотсиз урғочисининг танаси чўзинчоқ, тухумсимон, 2 мм узунликда оқ мум ғубор билан қопланган, эзилганда қонга ўхшаш суюқлик
чиқади. Дарахтнинг қон битидан зарарланган жойларида шишлар ҳосил бўлади.
Кураш чоралари: Эрта баҳорда куртаклар уйғонмасдан олдин дарахтларга 3 % ли Нитрофен ёки 3 % ли препарат № 30 билан ишлов берилади. Ўсув даврида эса 3,0-3,5 л/га Карбофос ёки 1,5-1,7 л/га БИ-58
ёки 3,0-3,5 л/га Золон препаратлари пуркалади.
Қалқондорлар. Мевали дарахтларда бинафша тусли ва калифорния қалқондори кўп учрайди. Улар шох, новда ва меваларни сўриб зарар етказади, зарарланган новдалар нобуд бўлади, меваларда доғ ҳосил бўлиб,
уларнинг сифати пасаяди. Калифорния қалқондори олма танасига кўплаб тушганда новдалар қинғир – қийшиқ бўлиб ўсади, дарахт танаси ёрилиб кетади.
Кураш чоралари: Эрта баҳорда куртаклар уйғонгунга қадар 5 % ли № 30 препарати ёки 3 % ли Нитрофен пуркаш тавсия этилади. Шунингдек, томорқалардаги дарахтларга 200 грамм кирсовунни 2 литр сувга эритиб, сўнг 800 грамм солярка ва унга 7 литр сув аралаштирилиб дарахтларга пуркалади.
Ўсимлик битлари (ширалари). Мева дарахтларига олма яшил бити, шафтоли бити, қизил бўртмали олма бити ҳамда бошқа турлардаги битлар зарар келтиради. Улар барг, новдалар ва ўсув нуқталаридаги ширани сўриб озиқланади, натижада барглар бужмаяди, шаклини ўзгартиради, муддатдан олдин тўкилади, новдалар ўсишдан қолади, шунингдек битлар шираси билан барглар ифлосланади. Шира билан зарарланган дарахтлар меваси кичик бўлиб, мазаси бузилади.
Кураш чоралари: Ўсув даврида БИ – 58 (1,5-2,0 л/га), Децис (0,5-1,0л/га), Каратэ (0,4-0,8 л/га) ёки Карбофос (2,5-4,5 л/га) пуркалади.
Каналар. Мевали боғларда мева ўргимчакканаси, нок канаси, олма қизил канаси каби кўплаб турдаги каналар жиддий зарар етказади. Каналар баргларни, бир йиллик ёш новдаларни, ўсув нуқталарини ҳамда ёш ғўра меваларни сўриб зарар етказади. Зарарланган мевалар доғланиб, сифати пасаяди. Новдалар эса ривожланишдан орқада қолиб, қишга ва совуққа чидамлилиги пасаяди.
Кураш чоралари: Мевали дарахтлардаги каналарга қарши ўсув даврида 1 % ли ИСО, Омайт (2,5-3 л/га), майдаланган олтингугурт (25-35 кг/га), Неоран (1,2 л/га), Ниссоран (0,2 кг/га), Узмайт (2,5-3,0 кг/га), Ортус
(0,75-1,0 л/га) каби акарицидларни қўллаш тавсия этилади.