Мўл ва сифатли ҳосил етиштирамиз

Халқимиз ерни боқсанг, ер сени боқади, деган мақолни бежиз айтмаган. Ер майдонларидан унумли фойдаланишга эътибор кучайтирилаётгани йил бўйи арзон, сифатли мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришга қулай имконият яратди. Бундай қўшимча даромад эвазига оилалар фаровонлиги ортмоқда.
Ушбу синалган тажриба ҳозир мамлакатимизда анча оммалашган. Хусусан, Фарғона вилояти туманлари аҳолиси томорқадан унумли фойдаланишнинг ҳадисини олган. Улар эртаки, ўртаки ва тўқсонбости усулида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини парваришлаб, қўшимча даромад топмоқда. Ўзбекистон тумани “Ўқчи” МФЙда яшовчи Низомжон Раҳмонов томорқасидаги иссиқхонада бодринг ва турли кўкатлар парваришлайди.
– Аслида томорқа кони фойда, – дейди Низомжон ака. – Биз ҳар куни 100-150 кило бодринг териб оламиз. Ҳозир мамлакатимизда коронавирус инфекцияси туфайли эълон қилинган карантин даврида туманимизда ташкил этилган кўчма савдо бозорларига маҳсулот етказиб беряпмиз. Бу орқали халқимиз дастурхони мўл-кўл бўлишида озгина бўлса ҳам ҳисса қўшаётганимиздан хурсандмиз. Оиламдагилар ҳам иссиқхонадаги ишларда асосий кўмакчи.
Бугунги шароитда уйдан чиқмаган ҳолда ишни ташкил қилганимиз, аввало, ўзимизга фойда. Шундай бўлса ҳам оммавий ахборот воситалари орқали бўлаётган янгиликларни мунтазам кузатамиз. Пандемия даврида барча давлат ва жамоат ташкилотлари қўлдан келган ёрдамни қиляпти. Хусусан, Президентимиз 14 апрель куни қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида ҳам боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш орқали юқори ҳосил олиш бўйича муҳим топшириқларни айтгани бежиз эмас. Пандемия ва карантин қанча вақт давом этишидан қатъий назар, мева-сабзавотчилик ва чорвачилик тармоқларида маҳсулот етиштириш ҳажмини икки баробарга ошириш вазифаси қўйилмоқда.
Биз каби иссиқхона эгалари бу жараёнда фаол иштирок этамиз.