Наманган вилоятининг уч туманида ноёб балиқ турлари етиштирилади

Балиқ етиштириш бўйича мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида эълон қилинди.

Ҳужжат билан Наманган вилояти Учқўрғон, Норин ва Уйчи туманларида Норин дарёси бўйларида (форель, осетр ва бошқалар) ноёб балиқ турларини етиштириш мақсадида 251 гектар майдонда балиқчилик хўжаликлари ташкил этилиши таклиф қилинган.

Наманган вилояти Учқўрғон, Норин ва Уйчи туманларининг Норин дарёси бўйларида лойиҳаларни шакллантириш, молиялаштириш, шунингдек ҳудудлардаги корхона, ташкилотларнинг фойдаланилмасдан бўш турган ерларидан ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган бошқа ерлардан ер участкасини танлаш ва ер ажратиш ҳамда уларнинг ўз вақтида ишга туширилишида кўмаклашиш бўйича Республика комиссияси таркиби ҳам тасдиқланиши мумкин.

Наманган вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда:

Учқўрғон, Норин ва Уйчи туманларида балиқчилик билан шуғулланувчи субъектларга ер участкалари ажратилишини;
балиқчилик билан шуғулланувчи субъектларга ажратилган ер участкалари ҳудудида мол-мулкларни баҳолаш ишларининг якунланиши ҳамда уларнинг эгалари бўлган фуқаролар ва юридик шахсларга белгиланган тартибда пул компенсациялари тўланишини;
ҳудудларнинг қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш режасига белгиланган тартибда тегишли ўзгартиришлар киритилишини таъминлаши назарда тутилган.

Шунингдек, ҳужжат билан хорижий давлатларнинг форель балиғини етиштириш бўйича илғор тажрибасини ўрганиш мақсадида малакали мутахассислар ва балиқчилик хўжалиги раҳбарларининг Хитой Халқ Республикаси, Туркия Республикаси ва Россия Федерациясига хизмат сафарини ташкил этилади.

Хизмат сафарини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар “Ипотека–банк” акциядорлик тижорат ипотека банки маблағлари ҳисобидан таъминланиши мўлжалланган.

2018 йилда Мингбулоқ туманидан “Наманганбалиқсаноат” МЧЖга ажратилган 175 гектар ер майдони ҳудудида Хитой Халқ Республикасининг малакали мутахассисларини жалб этган ҳолда балиқ етиштириш ва уни замонавий қайта ишлаш кластер моделини ташкил этиш мўлжалланмоқда.