Оиланинг ички хажмини кенгайтириш

Баҳорда кунлар исиши билан она ари кундан-кунга тухум қўйишни ошириб боради ва усти беркитилган личинкали ромлар сони кўпайиб боради. Личинкалар етилиб, секин-аста инчалардан чиқиб, уяда ёш арилар сони кўпая бориб, уянинг баҳорги тафтиш вақтида кенгайтирилган ҳолати торлик қилиб қолади ва ниҳоят оилага мумкатак инчали ромлар қўшишга тўғри келади.

Оиланинг ички ҳажмини баҳорнинг биринчи кунларидан бошлаб 20 кунча ўтгандан кейин кенгайтириш ишларини бажарса бўлади.

Оиланинг ички ҳажмини кенгайтиришни билиш учун у ёки бу оилани охирги мумкатак роми кўтариб кўрилганда унинг ички тарафини арилар тўлиқ қоплаб ўтирган бўлса, оиланинг ички ҳажмини кенгайтириш вақти келганидан далолат беради.

Оиланинг ички ҳажмини кузги ва баҳорги қисқартириш вақтида кўп сонли мумкатак инчали ромлар тўпланиб қолади. Бу тўпланган мумкатак ромларнинг ичидан сифатли яхши тортилганларини ажратиб олиб, алоҳида яшик ва хоналарда келажакда фойдаланиш учун сақлаб қўйилади; ёмон, сифатсизлари эса эритишга ташланади.

Сақлашга ажратиб олинган мумкатак инчали ромларнинг юқори қисмида бирроз асал бўлса, бир йўла озиқ билан ҳам таъминланади.

Табиатдан шарбат кела бошлаши билан уянинг ички ҳажмини кенгайтириш вақтида мумпарда ёпиштирилган ромлар берилади. Кучли ари оилаларига бир йўла 3-4 та мумкатак инчали ром бериш мумкин. Бундан кейин оиланинг ривожланишига қараб кенгайтириш ишлари давом эттирилади. Об-ҳаво исиб кетиши билан ўша кенгайтириш учун бериладиган мумкатак ромларни тўғридан-тўғри худди она ари тухум қўяётган жойга, яъни оиланинг ўрта қисмига қўйиш мумкин. Бунда инчаларни тозалаш ва она арининг тухум қўйиши тезлашади.

Оиланинг ички ҳажмини кенгайтириш уянинг ичи мумкатак ромлар билан тўлгунча давом эттирилади.

Ётоқ уяда эса бутун мавсум давомида уянинг ички ҳажмини кенгайтириш учун жой етарли бўлади ва табиатдан келтирилган шарбатни жойлаштириш мумкин.