ОМУХТА ЕМ

Похожее изображение

Омухта ем (комбикорм) бир неча хил концентрат емларнинг аралашмасидан иборат бўлиб, молларни боқишда текширилиб аниқланган ва озиқлик аҳамияти тасдиқланган махсус рецептлар бўйича тайёрланди. Рецептлар эса моллар учун зарур бўлган барча озиқ моддалар етарли миқдорда бўлишини, уларнинг энергияси молнинг физиологик талабини қондира олиши ҳисобга олиб тузилади. Омухта емларни тайёрлашдан мақсад бир хилдаги емнинг таркибида етишмайдиган ёки умуман бўлмаган озиқ моддалар, витаминлар, минерал модда ёки микроэлементларни иккинчи, учинчи ёки бир нечта хил ингридиентлар
аралаштириш йўли билан тўлдиришдан иборатдир.
Омухта емларнинг энергетик қиммати юқори. Уни соғин сигирларга едирилганда сут маҳсулдорлиги 10–
20% ортади. Бундан ташқари, сут етиштиришга сарфланадиган озиқ моддаларнинг сарфи 7–15% камаяди. Бу
кўрсаткичлар омухта ем тайёрлашнинг аҳамияти катта эканини билдиради. Тажрибаларнинг кўрсаткичлари бўйича, ҳар турдаги мол ёки паррандага хос рецепт асосида тайёрланган тўлиқ рационли омихта емнинг 1 тоннаси шу миқдордаги донни майдалаб тайёрланган концентрат емга қараганда сут маҳсулдорликни 250–300 кг га, гўшт маҳсулотини 25–30 кг га, тухумни 750–900 донага ошириш имконини беради.
Ҳозирги омихта ем саноати 4 хил омихта ем ишлаб чиқаради: тўлиқ рационли омихта ем, омихта ем – концентрат, оқсил ва витаминлар билан тўйинтирилган ем, премикслар.
Тўлиқ рационли омихта ем. Кўп хил ингридиентлар аралашмасидан иборат қоришма бўлиб, мол организмининг жами озиқ моддаларга, макро- ва микроэлементларга, витаминларга, тўлиқ тўйимли аминокислоталарга бўлган талабини тўлиқ қондира оладиган қилиб тайёрланади. Шунингдек, молни тегишли калория билан таъминлайди. Бу ем молга якка ҳолда берилиши лозим. Шунинг учун кўпроқ парранда, чўчқа, айрим ҳолда эса отларга тайёрланади.

Омухта ем – концентрат. Майдаланган дон, буғдой кепаги, кунжаралар, балиқ ёки гўшт ва суяк уни,
кўкат ўт уни, минерал тузлар, препарат ҳолатдаги витаминлар, антибиотиклар, биологик жиҳатдан актив моддалардан аралаштирилиб тайёрланади. Бундай ем молнинг озиқ рационига ем сифатида қўшимча қилиб киритилади.
Оқсил ва витаминли ем. Кунжара, ачитқи, дуккакли ўсимликларнинг дони ва шунинг каби бошқа протеинга бой озиқлар майдаланиб аралаштирилади. Сўнгра унга препарат ҳолдаги витаминлар, биовит, пенисиллин, биомисин каби биостимуляторлар, макро- ва микроэлементлар қўшилиб тайёрланади. Бундай омихта қўшимчалар хўжалик фермалари қошидаги озиқ тайёрлаш сехларида ишлаб чиқариладиган аралаш емларнинг мажмуйини оқсил ва витаминлар билан бойитиш мақсадида емга қориштирилади. Шунингдек,
рационларга киритиладиган емни аминокислоталар ва витаминлар билан тўйинтириш учун ҳам қўлланилади.
Премикслар. Биологик фаол моддалар, витаминлар, микроэлементлар, ферментлар, аминокислоталар, антибиотиклар, антиоксидантлар (ёғ ва витаминларнинг оксидланишини бартараф этувчи моддалар) дори дармон препаратлари, профилактика воситалари, майдаланган дон озиқлар аралаштириб тайёрланади. Премикслар, омихта емларга, оқсил ва витаминли концентратларга қўшиб, уларни тўйинтириш учун
қўлланилади.
 Маълумот кўчирилса манба: http://tadbirkor-fermer.uz деб кўрсатилиши шарт