Оролнинг қуриган тубида чорвачилик қилса бўладими?

Оролнинг қуриган тубида чорвачилик қилса бўладими?

Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, Қорақалпоқ давлат университети профессори Мақсуд Ибрагимов бошчилигидаги бир гуруҳ олимлар Орол денгизининг Мўйноқ туманига қарашли суви қуриган майдонларида биологик ресурсларини ўрганиб, у ерларда чорвачиликни йўлга қўйишни таклиф қилмоқда. 
Олимлар томонидан Мўйноқ туманига қарашли денгизнинг суви қуриган майдонларида 1000-2000 бош қўйга мўлжалланган қоракўлчилик тажриба фермер хўжалигини ташкил қилиш бўйича мутасадди органларга тавсиялар берилган.
– Орол денгизининг қуриган ер майдонларидан оқилона фойдаланиш зарур, – дейди профессор М.Ибрагимов. – Бунда асосий масала суви қуриган майдонларда табиий ҳолда ва ўсимликларни экиб кўпайтириш орқали чўл ўсимликлар қопламини ташкил қилишдир. Шундай қилганда икки масала ўз ечимини топади: биринчидан, чўл ўсимликлар билан қопланганда денгизнинг суви қуриган майдонларида қумларнинг кўчиши, чанг-тўзонлар дефиляцияси камаяди, флора ва фаунанинг ривожланишига, денгиз тубида тўпроқ ҳосил бўлиш жараёнига ва Оролбўйи минтақасининг экологик шароитига ижобий таъсир кўрсатади. Иккинчидан, минтақада чорва моллари учун янгидан яйлов майдонлари кўпаяди.
Aral_Sea_12.jpg
Қорақалпоғистон Республикаси давлат ўрмон хўжалиги қўмитаси маълумотларига кўра, 1989 йилдан Қорақалпоғистон давлат ўрмон хўжалиги қўмитаси ва хорижий давлатлар ҳамкорлик ташкилотлари томонидан денгиз суви қуриган майдонларга чўлга чидамли ўсимликлар (саксовул, черкез, қандим ва б.) экиш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳозирда жами 418 минг 287 гектар майдонга чўл ўсимликлари экилган. Жумладан, 294 минг 700 гектарга ўсимликлар уруғи сепилган, 59 минг 745 гектарга кўчат услубида экилган. 63 минг 842 гектар ерга ўсимликларни табиий униб чиқишига ёрдам бериш ишлари олиб борилган. Экилган майдонларнинг асосий қисмини саксовул, черкез, қандим ўсимликлари эгаллайди.
Денгизнинг қуриган тубига экилиб келинаётган қора саксовул ўсимлиги шўрадошлар оиласига мансуб бўлиб, бўйи 5 метргача ўсади. Бу ўсимлик тақир, чорлиқум шўрхок ерларда яхши ўсади. У Устюртда кўп тарқалган. Қора саксовулни кўклигида моллар яхши емайди. Уни кузда ва қишда юмшаган шохлари ва баргларини истеъмол қилади.
Шундай ўсимликлардан бири черкез Орол денгизининг қуриган тубига уруғидан экиб кўпайтирилмоқда. Бу ўсимлик март-апрель ойларида униб чиқа бошлайди. Июнь-июль ойида гуллайди.
Қандим ўсимлиги молларнинг севиб ейдиган ўсимликларидан биридир. Унинг уруғи жуда секин унади. Апрель-май ойларида гуллайди. Меваси июнь ойида пишади.
Мол учун озуқа саналадиган мана шу ўсимликлар Оролнинг қуриган тубида кўпаймоқда.
– Экилган майдонларнинг биоэкологик ҳолатини ўрганиш бўйича олиб борилган кузатишларга асосланиб, чорва моллари учун яйлов сифатида фойдаланиш мумкинлигини англадик, – дейди олим Пўлат Халмуратов. – Ҳисоб-китобларга қараганда, ҳозирда экилган майдонларда 1 миллионга яқин қоракўл қўйларини боқиш имконияти мавжуд.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қоракўлчилик соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларининг чўл ҳудудларида яйлов озуқабоп ўсимликларини экиб кўпайтириш ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилган, – дейди Қорақалпоқ давлат университети Табиатшунослик факультети декани Адилбай Есимбетов. – Бу қарор денгизнинг қуриган майдонларидан чорва моллари учун яйлов сифатида фойдаланишга имконият яратади.
Аввал ЎзАда хабар қилинганидек, Қорақалпоқ давлат университетининг докторант олими Махмуд Алламуратов томонидан Оролнинг тубида пайдо бўлган тузли қумларни қимёвий усулда қотириш усули ихтиро қилинган эди.
orol_ir_o_lariga_sayye_at_16_10_2017.jpg
Олимларнинг фикрича, денгизнинг қуриган майдонларида чўл ўсимликларининг экма плантацияларини яратиш ва қумларни қимёвий усулда қотириш ишларини олиб бориш орқали минтақада экологик муҳитнинг барқарорлашига эришиш мумкин ва чорва моллари учун янгидан яйловлар пайдо бўлади. Бунинг натижасида минтақада экологик ва ижтимоий-иқтисодий барқарорлик таъминланади.
Ўтган ҳафтада Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудларига ёпирилган тузли бўроннинг Орол денгизининг қуриган тубидан кўтарилганлиги айтилмоқда.
Илмий манбалардан маълум бўлишича, денгиз суви қуриган тубида Оролбўйи, Устюрт платоси, Қорақум ва Қизилқум чўллари минтақаларида чўлланиш жараёни тезлашган. Денгиз 1986 йилдан бошлаб сув ҳажми кескин камайиб катта денгиз ва кичик денгиз бўлиб бўлиниб кетган. Ҳозирда катта денгизнинг сув сатҳи 3,40 метр, сув юзаси 13,47 квадрат километр, сув ҳажми 81,35 куб километр, сувнинг минерализацияланиш даражаси эса 152 л/гни ташкил қилади.
Орол денгизининг қуриган туби қарийб 4 млн гектарни ташкил қилиб, шундан 1,3 млн гектардан ортиғи Ўзбекистон ҳудудига тўғри келади.