Ошқозон олди бўлимларининг гипотонияси

Бу касаллик катта қорин, тўрқорин ва қатқорин қисқаришлари сонининг камайиши ва қисқаришлар кучининг пасайиши (гипотония) ёки қисқаришларнинг бутунлай йўқолиши (атония) билан тавсифланади.

Ошқозон олди бўлимларининг бирламчи характердаги гиоптонияси кўпинча сигирларда кузатилади ва ҳайвонларга узоқ муддат давомида дағал ва тзйимлилиги паст бўлган озуқаларнинг (макка пояси, сомон, похол ва бошқалар) берилиши, озуқаларни тайёрлаш технологиясининг бузилиши, сифатсиз, моғорлаган озуқаларнинг ишлатилиши, фаол мационнинг етишмаслиги оқибатида келиб чиқади. Ҳайвонларни тиғиз сақлаш, микроиқлим ва бошқа санитария-гигиеник меъёрларнинг бузилиши оқибатида ҳайвонларнинг стресс ҳолатларига тушиши ҳам гипотонияларга сабаб бўлиши мумкин. Иккиламчи гипотониялар иситма билан ўтадиган касалликлар, тўрқориннинг ўткир жисмлар билан жароҳатланиши, озуқа токсикозлари, модда алмашинуви бузилишлари, катта қориннинг тўлиши каби касалликларнинг белгиси ёки асорати сифатида пайдо бўлади.

Ошқозон олди бўлимларининг гипотонияси озуқа массасининг бу бўлимлар бўйлаб ўтишининг бузилиши кузатилади. Оқибатда микрофлоралар сони ва таркибининг, бижғиш жараёнлари характерининг сурункали бузилишлари келиб чиқади. Озуқа массасининг ошқозон олди бўлимларида кўп вақт давомида туриб қолиши ва чиришидан ҳосил бўлган заҳарли моддалар ва органик кислоталарнинг қонга сўрилиши организмда интоксикация ва ацидоз ҳолатига сабаб бўлади.

Касалликнинг бошланишида иштаҳа ёмонлашади ва кейинчалик бутунлай йўқолади. Кавш қайтариш сийраклашади ва кейинчалик бутунлай кузатилмайди.

Гипотониялар пайтида катта қориннинг қисқариши сийраклашган ва кучсиз бўлиб, 5 дақиқада меъёридаги 8-12 марта ўрнига 3-5 мартани ташкил этади. Атония пайтида катта қориннинг қисқариши умуман кузатилмайди.

Касал ҳайвонда ҳолсизланиш, кам ҳаракат қилиш кузатилиб, кўпинча ётади, ўрнидан қийналиб туради. Баъзан мускулларнинг фибрилляр қалтириши, қўзғалиш ҳолати каби асаб тизими функцияларининг бузилиши белгилари намоён бўлади. Умумий интоксикация оқибатида ҳолсизланиш, кучсизланиш, тахикардия ва тана ҳароратининг бироз пасайиши қайд этилади. Маҳсулдорлик кескин камаяди.

Ошқозон олди бўлимларининг ҳаракатини тиклаш, заҳарли озуқа массасини чиқариб олиш ва муҳитни мўътадиллаштириш мақсадида зонд ёрдамида катта қорин 30-40 литр 1% ли натрий сульфат ёки натрий гидрокарбонат эритмаси билан ювилади. Бўғоз бўлмаган сигирларга тери остига 0,001-0,003г карбохолин, 0,005-0,4 г пилокарпин гидрохлорид,0,02-0,04гпрозерин юбориш мумкин. Бу холинергик препаратларни қўллашдан олдин катта қорин массасини юмшатиш ва суюлтириш мақсадида 5% ли натрий ёки магний сульфат эритмасидан катта ҳайвонларга 4-7 литр, пахта ёки кунгабоқар ёғидан 0,5-1 литргача ичирилади. Чемерица настойкасидан сигирларга оғиз орқали кунига 2 марта 20-30г аччиқ шувоқ берилади. Ҳайвонни кунига 2-3 мартадан 20-30 дақиқа давомида юргизиб туриш ва чап томондан катта қорин соҳасини соат стрелкаси ҳаракатига тескари равишда массаж қилиш ва чуқур клизма ўтказиш яхши натижа беради.

Катта қорин озуқа массаси билан тўлиб қолганда ҳайвон 1-2 кун давомида оч қолдирилади ва бу вақт давомида сув бериш чегараланмайди.

Парҳез озиқлантириш учун юмшоқ ва тўйимлилиги юқори озуқалар ( пичан, сенаж, силос, яшил ўтлар, қанд лавлаги, сабзи) кама-кам миқдорда тез-тез бериб турилади. Катта қоринга зонд ёрдамида соғлом сигирдан 1-2 л катта қоринга суюқлиги олиниб, касал сигирнинг катта қорнига юборилади. Вена қон томирига 250-300 мл 20% ли глюкоза эритмаси, 250-400 мл 10% ли натрий хлорид, 200-300 мл 10% ли кальций хлорид эритмаси, тери остига 20% ли кофеин натрий бензоат эритмасидан 10-15 мл юборилади.

Бу касалликка учрамаслиги учун ҳайвон бир хил озиқлантириш туридан бошқасига аста ўтказилади, бузилган, чириган, моғорлаган озуқалар берилишининг олди олинади. Сигирлар режали равишда ҳар куни 2-4 км масофага юргизилади.