ҲОВУЗ БАЛИҚЧИЛИГИ

Ҳозирги вақтда мамлакатимиздаги барча балиқчилик корхоналари давлат тасарруфидан чиқарилиб, хусусийлаштирилган ҳолда фаолият кўрсатмоқда, Жойларда янги, юқори технологик балиқчилик корхоналари барпо этилмоқда. Балиқ овлаш ва аквакультура (балиқлар ва бошқа сув организмларини сунъий йўл билан етиштириш) озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг муҳим йўналиши ҳисобланади. Балиқчиликни ривожлантириш халқимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлайди.

Ҳовузлар, сув омборлари,  кўллар ҳамда каналлар ёнида қафас  балиқчилигини ривожлантириш эвазига балиқ етиштиришни янада кўпайтириш мумкин.

Мамлакатимизнинг барча сув ҳавзалари амалда ирригация тизими бўлиб, балиқчилик корхоналари сув истеъмолчиси эмас, балки сувдан фойдаланувчи бўлиши ва «сув манбаси – якуний сув истеъмолчиси» занжирида ўз ўрнини топиши керак. Сув балиқчилик корхонаси орқали истеъмолчи учун муайян муддатларда ва сув сифатининг ёмонлашувисиз ўтиши лозим. Масалан, оқар ҳавзалар орқали сув ўтиши ва худди шу сифат билан тезда каналга қайтиши керак. Қуруқликда бассейнлар, кўлларда қафаслар жойлаштирилиши мумкин, шунда улар сувни бузмайди ва уни йўқотмайди (ортиқча сарф этмайди).

 

Сувўсимликлари — балиқинтеграциялашгантизим

 

 Бу қишлоқ хўжалигининг кенг соҳасига ихтисослашган хусусий фермер хўжаликлари учун экстенсив кам харажатли технология ҳисобланиб, ушбу технология бошқа фаолият турларининг чиқиндиларини утилизация қилган ҳолда катта сарф-харажатларсиз қўшимча даромад манбаига эга бўлиш имконини беради. Сув ҳавзасида органик ва бошқа ўғитлардан фойдаланган ҳолда сув ўсимликлари етиштирилади. Сув ўсимликларининг маҳсулдорлиги ер устидаги экинларга қараганда, бир неча марта кўп бўлади. Тадқиқотларда сув гиацинтининг маҳсулдорлиги гектарига 300 тоннага   етиши, протеин миқдори ҳатто соя ўсимлигига қараганда, бир неча марта  кўплиги аниқланган. Сув ўсимликларининг биомассаси ўсимликхўр балиқларни озиқлантириш учун йўналтирилади.

Балиқчилик сув ҳавзасида балиқлар поликультурада урчитилади. Ўсимлик – оқ амур, қисман планктон учун озуқа ҳисобланади. Оқ амур ҳаёт фаолиятининг чиқиндилари ҳам планктон учун ем бўлади. Планктонни эса дўнгпешона ва карплар яхши истеъмол қилади. Балиқчилик сув ҳавзаси маҳсулдорлигининг энг яхши нисбати – омухта емдан фойдаланмаган ҳолда гектарига 1,5—2 тоннани ташкил қилади. Тизимнинг устунлиги шундаки, гўнг ёки яшил ўғитлар (компост кўринишида) чорвачилик ёки деҳқончилик чиқиндилари ҳам бўлиши мумкин.

 

 

Сув қафаслари

 

 Сув ҳавзасининг тўр ёки бошқа катакчали материал билан тўсилган бир қисми ана шундай аталади. Бу қўшимча харажатларсиз қафасларда доимий равишда сувни алмаштириш ва қафасда  унинг сифатини ҳатто балиқ тиғиз тақдирда ҳам сақлаб туриш имконини беради. Бунда ўтказиш тиғизлиги бирламчи 30—50 килограмм м3 гача бўлиши мумкин.

Қафаслар  исталган сув ҳавзасига ўрнатилиши мумкин. Ўзбекистонда табиий сув омборлари  мавжудлиги қафасли аквакультурани кенг қўллаш имконини беради. Бунда қафаслардаги балиқлар ҳаёт фаолиятининг чиқиндилари сув омборидаги бошқа балиқларга қўшимча озуқа  бўлиши мумкин.

Оқар ҳавзалар кам ҳажмдаги сувда балиқларни интенсив тарзда етиштириш имконини беради. Сувнинг сифати сув алмашинуви ҳисобидан сақланиб туради. Бассейнларни каналларда, кичик дарёлар, ариқлар ёнида жойлаштириш мумкин, улар сувни ушлаб турмайди. Сув 1 соат ичида бассейн орқали ўтиб орқага, дарёга қайтиши ёки каналдан истеъмолчига йўналтирилиши мумкин. 20—30 килограмм метр куб  маҳсулдорлик даражасида сувнинг сифати бундай бассейнлардан кейин ҳам ёмонлашмайди.

Марказ  олимлари балиқларнинг харидоргир  турларини етиштириш бўйича илғор технологияларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш ҳисобига бозорни мўл оқсилли балиқ маҳсулотлари билан тўлдириш борасидаги илмий-амалий ишларни  давом эттирмоқда.