Парранда зотлари зотлар классификацияси

Картинки по запросу куры

Товуқларнинг барча зотлари маҳсулдорлик йўналиши бўйича тухумдор, гўштбоп тухумдор ва гўштбоп зотларга бўлинади.
Турли йўналишларда маҳсулот олинадиган товуқлар тирик вазни жиҳатидан катта фарқ қилади. Тирик вазнига кўра улар 3,5 дан 5,5кг гача борадиган оғир зотли (гўштбоп) ларга, 3- 4кг гача тош босадиган ўртача (умуман фойдаланиладиган) ларга ҳамда 1-2,5кг келадиган енгил (тухумдор)ларга ажратилади.
Ўрдак тез етиладиган парранда, унинг тухумдор, гўштбоп ва умуман исте`мол зотлари бор. Боқиб семиртириш муддатининг охирига бориб тирик вазни 2кг ва ундан кўпроқ келади: йилига 100-200 дона тухум қилади. Жўжа очадиган ҳар бир она ўрдакдан йилига ўрта ҳисобда 75кг гача гўшт олиш мумкин. Оғирлигига кўра турли зотлар кўп фарқ қилади, чунончи, оғир (гўштбоп) зотлар ўрта ҳисобда 3,5-4,8кг, енгил (тухумдор) лари 1,75-2кг ва умумисте`мол типлари 2,5-3,5кг келади.
Ғозлар гўшт ва ёғ олиш мақсадида купайтирилади, бир йилда 60 дона ва ундан кўпроқ тухум қилади. Яхшилаб семиртирилган ғоз 46% гача ёғ тўплайди. Семиртирилган ғознинг тирик вазни 10кг га етади. ғозларнинг барча зотлари танасидаги гўшт ва ёғ миқдорига кўра тирик вазни 4-7кг келадиган енгил зотларга, 5-8кг гача борадиган ўртача оғирликдагиларга хамда 6-9кг гача тош босадиган оғир типларга бўлинади.
Курка – нуқул гўштбоп парранда. Эркагининг вазни 16кг гача, макиёниники эса 9кг га етади. қурка тухуми 100-110г келади. Ҳар йили болалатилганда битта она куркадан йилига 60-70кг гача гўшт олиш мумкин. Курка гўшти унчалик серёр эмас, лекин юмшоқ ва мазали бўлади. Гўштбоп куркаларнинг ўртача тирик вазни 15-16кг га боради.
Товуқ зотлари тухумдор товуқлар
Леггорн— нуқул тухум олишга мўлжалланган зот. У АқШ да Италиядан келтирилган товуқларни оқ минорка билан, испания товуклари ва бошқа зотлар билан чатиштириш натижасида вужудга келтирилган, Жуда сертухум бўлгани учун леггорн товуқларн бутун дунёга тарқалган. Уларни Америка леггорни ва Англия, Дания ҳамда немис леггорнларига ажратиш мумкин.
Буларнинг ичида энг йириги англия зоти бўлиб, жуда йирик тухум қилади. Леггорн аксари оқ рангли, хўрозларининг баргсимон тожи тик туради, макиёнлариники бир томонга оғиб тушган бўлади. Оёқлари, териси ва тумшуғи сариқ, қулоқ солинғочи оқ.
Хўрозининг тожи яхши ривожланган, думпатлари жуда ўсган. Бу зотнинг жўжалари тез патланади. Улғайган товуқнинг тирик вазни 2кг га яқин, хўрозиники, 2,5 кг келади. Оқ леггорн йилига 180-220 дона тухум қўяди, яхши боқилган товуқлар эса 300 тадан оширади.
“Узптитсепром”га қарашли тухум етиштирадиган кўпчилик паррандачилик фабрикалари ва наслчилик репродукторлари илгарилари немис зотидан келиб чиққан К-63 ва 18 линиялар ҳамда Канададаги «Шайвера» фирмасининг кросс-288 зотлари билан та`минланган эди.
Кейинги йилларда Голландиянинг “Оқ Хайсеке” деган янги кроссларидан фойдаланилмоқда.
Леггорн парранда зоти озуқа эвазига яхшн самара беради масалан, 10 дона тухум етиштиришга 2кг дан камроқ озиқ бирлиги сарфланади. Бу зот товуқларида курк бўлиш инстинкти йўқотилган.
Леггорн тез етилади ва 4-5 ойлигидаёқ тухумга киради. Бу зот паррандалар гўштбоп эмас ва яхши семирмайди ҳам. Аксарият леггорнлар оқ бўлади, аммо қўнғир, малла ва қора леггорнлар ҳам учрайди. Леггорн зоти турли иқлим зоналарига яхши мослашади ва шу боисдан улар жаҳоннинг кўп мамлакатларида кенг тарқалган.
Леггорнлар бизнинг мамлакатга паррандачилик фабрикалари ташкил этилган дастлабки йиллардаёқ келтирилгаи эди. 1962-1963 йиллари ва ундан кейин ҳам мамлакатимизга Англия, ГФР, Япония, Канада ва Голландиядан леггорнларнинг юқори маҳсулдор линиялари яна келтирилди. Чатиштирилганда бу линиялар гетерозис хусусиятларига эга бўлган яхши дурагай бўғинлар беради. Бу зот мамлакатимизда софлигича кўпайтирилади, шунингдек, ундан кам маҳсул бошқа зотлар тухумини ошириш мақсадида фойдаланилади.
Рус ок зоти жайдари товуқларни оқ леггорн зоти билан чатиштириш ҳамда бир талай белгиларига кўра тобора танлаш ва хиллаш (жайдари товуқлар зотини қайта ўзгартириш) йўли билан чиқарилган.
Чатиштириш учун асосан Англия, АқШ ва Даниядан келтирилган леггорнлардан фойдаланилган. Зот яратиш устидаги ишлар РСФСРнинг бир қатор паррандачилик хўжаликларида 1929 йилларда бошлаб юборилгаи эди. 1953 йилда у мустақил зот сифатида тасдиқланди.
Бу зот товуқларнинг жуссаси ихчам, миқти экстерерига кўра улар оппоқ патли, сариқ терили бўлади. Хўрозларининг тожи тик, товуқлариники ён томонга осилган бўлади. Улар экстерери ва жуссаси жиҳатидан кўпроқ оқ леггорнларга ўхшайди.
Товуқларининг ўртача тирик вазни 2кг, хўрозлариники 2,9-3кг келади. Ҳар бир товуқ 60-62г, ўрта ҳисобда 165- 200 дона тухум қилади. Республикамизда рус оқ зоти Ўзбекистон “Птитсепром” хўжаликларида ўрта ҳисобда 130 дан ошириб тухум қилади, ҳозирги вақтда эса у леггорн кроссларининг дурагайлари билан бутунлай алмаштирилган.
Рус оқ зоти гўштининг сифати леггориникига қараганда бирмунча юқори туради, у сўйилганда 83-85% гўшт чиқади. Бу парранда зоти гарчи 20 йилдан кўпроқ яшаётган бўлсада, уни такомиллаштириш соҳасида наслчилик ишлари олиб бориляпти. Селектсия ишлари тухумдор макиёнларнинг тирик вазнини ошириш, тухумини, шунингдек, жуссасини йириклаштириш; паррапдаларнинг яшовчанлигини ва тез етилишини ошириш йўналишида давом эттириляпти. Ставропол ўлкасидаги “Ясная поляна” наслчилик заводида ҳамда Бутунитифоқ паррандачилик илмий тадқиқот ва технология институтининг тажриба хўжалигида ва ба`зи хўжаликларда бир-бирига мослашган линиялар яратиш устида иш олиб бориляпти.

Умумистеъмол йўналишидаги зотлар

Мамлакатимизда ва чет элларда яратилган бир қатор парранда зотлари, шунингдек, “Род-айланд”, “Ню-гемпшир”, “Плимутрок”, “Австралорп”, “Первомайская”, “Юрловская”, “Московская”, москва оқ товуқлари каби зот группалари умумисте`мол паррандалар жумласига киради.
Ҳозирги вақтда саноат асосида ташкил этилган барча йирик паррандачилик хўжаликларида умумисте`мол парранда зотлари урчитилмаяпти, чунки улар тухумдорлиги ва гўштининг сифати жиҳатидан махсус зотлардан ортда қолади. Шу сабабли улардан бир-бирига мос тушадиган линиялар яратишда фойдаланилади. “Ню-гемпшир” ва “Плимутрок” зотлари энг кўп тарқалган.

Гўштбоп парранда зотлари

Гўштбоп зотлар орасида корниш катта ўрин тутади. У Англия ва АқШда ҳинд урушкоқ товуқлари асосида вужудга келтирнлган. Корниш оғир келиши ва тез етилувчанлиги билан ажралиб туради. Хўрозлари ўртача 4-5кг, товуқлари 3-3,5кг. Йилига кўп эмас, 150 тага яқин тухум кўяди. Танаси йирик, кенг ва ,чуқур бўлади. Оқ ёки қизғиш-оқ патлилари энг кўп тарқалган. Пати калта, тожиси қўзоқсимон шаклли. Кўкраги жуда кенг, гўштдор. Оёқ мускуллари кучли ривожланган, танаси ихчам бўлади
Сертухум ва гўштдор-тухумдор товуқлар билан чатиштиришда корнишдан кенг фойдаланилади. Айниқса оқ плимутрок товуқлари билан чатиштириб, ажойиб бройлер жўжалари олинади. Ана шундай бебаҳо хусусиятларига кўра корниш зоти жаҳоннинг барча мамлакатларига тарқалган, бу ерларда бройлер етиштириш билан шуғулланилади.

Курка зотлари
Кенг кўкракли бронза ранг куркалар АқШ да шу ернинг ёввойи куркаларини Англия қора куркаси билан чатиштириш йўли билан чиқарилган. Улар кўкрак мускуллари кучли ривожланганлиги билан ажралиб туради, бу эса гўштдор паррандаларнинг энг қимматли белгиси ҳисобланади.
Улар кенг кўкракли оқ ва бронза ранг куркаларга бўлинади. Кенг кўкракли бу куркалар жуда йирик бўлиб, ўртача тирик вазни: макиёнлариники 9кг, эркаклариники эса 16кг, аксари 20кг ва ундан кўпроқ тош босади. кенг кўкракли оқ ва бронза ранг куркалар соф зотлилигича урчитилади, шунингдек, тирик вазнини ошириш мақсадида жайдари куркалар билан чатиштирилади. Куркалар 70-80та тухум қилади.
Шимолий Кавказ курка зоти. Ставротсол ўлкасининг Георгиев туманидаги хўжаликларида чиқарилган. Бу зот маҳаллий куркаларни кенг кўкракли бронза ранг куркалар билан чатиштириш йўли билан вужудга келтирилган.
Шимолий Кавказ куркалари танаси чўзиқ, олдига бўртиб чиққан, кенг ва чуқур кўкракли бўлади.
Ўзбекистонда бу зот устидан селектсия ишлари “Химик” хўжалиги (наслчилик репродуктор хўжаликда) олиб борилади. Эркак курка ўрта ҳисобда 12кг, макиёни 6-7кг келади, ўрта ҳисобда 70-75та тухум беради, рекордчилари эса 125 тагача тухум қилади. Бу курка зоти жуда яшовчан, гўшти сифатли бўлади. Шунинг учун у анча кенг, тарқалган.
Ўрдак зотлари
Пекин ўрдаги Хитойда жайдари ўрдакни йирик хитой ўрдаги билан чатиштириш йўли билан чиқарилган. Бу-гўштбоп зот.
Пекин ўрдагининг кўкраги чуқур, кенг ва юмалоқ, танаси кенг, йирик бўлади. Бўйин ва елкаси ўртача узунликда, пати оқ, сарғиш рангда товланиб туради.
Кўпайтириладиган ўрдакларнинг ўртача тирик вазни анча оғир, эркаги 3,5-4кг, макиёни 3-3,5кг келади. Ўртача 90 граммли 130-150та тухум қилади. Пекин ўрдаклари тез етилади, яхши семиради, Жуда чидамли бўлиб, қаттиқ қишни ҳам қийналмай ўтказади. Икки ойлилигида тирик вазни 2-2,5кг га етади, гўшти юмшоқ, сифатли бўлади. Ўрдакларнинг бу зоти Ўзбекистонда ҳамма жойда тарқалган, оқ кўкракли қора ўрдак, москва оқ ўрдаги ва ярқирок ўрдаклар каби бир қатор зотларни яратишда ундан фойдаланилган.
Тошкент вилоятидаги Англиянинг “Черри-Вслли” фирмаси ўрдаклари ўстирилади. Яхшилаб боқилганда 91 кунлик эркак ўрдак 4-6кг, макиёни эса 3-4кг келади.
АқШда (1969 йили) ўтказилган конкурс якунига қараганда “Черри-Велли” маҳсулдорлигига кўра яхши натижаларни кўрсатди. Дурагай ўрдакларнинг ўртача тирик вазни 49 кунлигида 3290г келди, Ҳар 1кг қўшилган этга 1,74кг озуқа бирлиги сарфланди.
Шу кросснинг 151- оталик линиясидан 49 кунлик дурагай ўрдак ўрта ҳисобда 3660г келди, бунда 9,8кг озуқа сарфланди. Хар 1кг қўшилган этга эса 2,74кг озуқа бирлиги сарф қилинди.
Ғоз зотлари
Холмагор зоти энг кўп тарқалган қадимги зотлардан бири ҳисобланади. Бу хил ғоз зоти марказий қоратупроқ зонасида Воронеж областининг маҳаллий оқ ғозларини Хитой зоти билан чатиштириш йўли билан вужудга келтирилган. Холмогор зот ғозининг бўйни чўзиқ ва тумшуғи асосида бўртик бўлиши наслга ўтган.
Унчалик узун бўлмаган бақувват оёқларида жойлашган танаси йирик. Патлари оқ ва кул ранг тусли. Тумшуғи ва оёқлари оч ва тўқ сариқ. қўкраги чуқур, яхши ривожланган бўлиб, семиртирилганда қорин томонидаги бурмаларида анча ёғ тўпланади, бўйнининг юқори қисмидаги тумшуғи остида ҳам шундай бурмалари бор.
Бу зот ғозлар жуда йирик бўлади. Макиёнлари 7,5-8кг, айримлари эса 12кг келади. 25-30 та тухум қилади, тухумининг ўртача оғирлиги 150-200г. ғоз яхши семиради ва юқори сифатли, серёғ гўшт беради.
ғознинг бу зоти Курск, Вюронеж, Ленинград, Владимир, Орёлва Харков областларида кўп боқилади.
Мамлакатимизнинг ўзида чиқарилган Тула, Калуга, Роменск, Тамбов, Солнечногорск, Псков, Урал зотлари ҳамда чет эл зотларидан хитой ва тулуз ғозлари кўпайтирилади. “Узптитсепром” хўжаликларида ғоз урчитиш билан шуғулланилмайди.

Қисқа хулосалар
Тухум қиладиган товуқларнинг маҳсулдорлиги уларнинг ма`лум вақт мобайнида қиладиган тухуми миқдори ва вазни билан ифодаланади. Ҳам гўшт, ҳам тухум учун боқиладиган товуқ зотлари тухумнинг нормал вазни 60-65г, тухумдор товуқларники 150-180г.Булиши керак.
Тухумнинг вазни парранда боқиш шароити, парваришлаш усули, зоти ва ёши билан алоқадор.
Тухумдорлик-паррандаларнинг биринчи тухум қилишидан бошлаб малум давр мобайнида берган тухумлари миқдорига боғлиқ. Паррандаларнинг тухумдорлигини хисобга олишда қиш фаслидаги тухумдорлик, Ўрта Осиёнинг иссиқ иқлимли шароитида эса ёзги тухумдорлик муаян рол ўйнайди.
Товуқлар биринчи йили энг кўп тухум беради, иккинчи йили тухумдорлиги 15%га камаяди, учинчи йили эса биринчи йилдагига нисбатан 25-30%га озади.ғозларнинг тухумдорлиги иккинчи йили биринчи йилга қараганда 15-25% учинчи йили эса 30-45% кўпаяди ва ундан кейингина кариганлиги сабабли камайиб боради.
Ўрдаклар биринчи йили кўп тухум бериб, ундан кейинги йилларда 10-15% дан камайтириб боради. Ба`зи ўрдак зотлари,туллаш даврини мустасно қилганда, бутун йил буйи тухум қилиши мумкин, максимал тухумдорлик эса март-июн ойларига туғри келади.
Куркалар феврал-март ойларида тухумга киради ва ёз ойи охиригача тухум қуяверади. Ёши орган сари уларнинг тухумдорлиги пасайиб боради.
Паррандаларнинг гўшт маҳсулдорлиги характерлайдиган омиллар қуйдагилар: тирик вазни, ўсиш тезлиги, патланиш тезлиги, ҳар бир она товуқдан олинган жўжа, семириш сифатлари, паррандаларнинг пуштдорлиги ва бошқалар.
Паррандачиликни иқтисодий жихатдан асосий равишда ихтисослаштириш ва контсентратсиялаш йўли билан туғри юритиш, бошқариш маданиятини юксалтириш бу тармоқни муваффақиятли ривожлантиришнинг ғоят муҳим шартидир.

Маълумот кўчирилса манба: http://tadbirkor-fermer.uz деб кўрсатилиши шарт.