Паррандачилик бўйича тавсиялар

Паррандачилик нозик, шу билан бирга сердаромад соҳа ҳисобланади. Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида паррандаларни боқишда мавжуд тавсияларга амал қилиш мақсадга мувофиқ. Парранда учун баҳор ва ёз фасллари ғоят қулай шароит ҳисобланади.
Жониворлар ана шу фаслларда тез вояга етиб, куз ойларида тухум бера бошлайди ва қишловга бақувват ҳолда киради. Соғлом парранда етиштириш ҳамда ундан кўплаб тухум олиш учун парваришга фақат соғлом, тирик вазни 35-40 грамм, ҳаракатчан, оёғида маҳкам турувчи, яхши патли ва қанотлари гавдасига мустаҳкам қисилган жўжалар танланади.
Афсуски, кўпгина деҳқон ва фермер хўжалиги аъзолари жўжаларни асраш ҳамда боқишга пухта тайёргарлик кўрмайдилар, «Кейин бир гaп бўлар», деган ҳаёлга бориб ҳамма ишни кечиктирадилар. Оқибатда жўжалар дастлабки кунларданоқ, нобуд бўла бошлайди. Бундай ҳол юз бермаслиги учун кенг ва ёруғ хоналарни дезинфекция қилиш лозим.
Бинодаги мосламалар, инвентарлар ташқарига чиқарилиб, хонанинг ичи ДУК ёки АГУД-2 аппаратларида аэрозол (пуркаш) усули билан формалин ёрдамида дориланади. Бундай аралашмани тайёрлашда 1 мЗ жой учун 40 процентли формалиндан 25 грамм ишлатиш кифоя. Шу тариқа дезинфекцияланиб тайёрланган хона жўжаларни келтиришдан икки кун олдин 32–33 даражада иситилади.
Жўжа ўстириладиган хонанинг ҳарорати биринчи ҳафтада 33–28, иккинчи ҳафтада 28–26, учинчи ҳафтада 26–24, тўртинчи ҳафтада 24–22, бешинчи ҳафтада 22–20, олтинчи ҳафтада 20–18 даража иссиқ бўлиши лозим.
Паррандахона поли иссиқ, мустаҳкам, текис ва силлиқ бўлиши муҳимдир. Полга 15–20 см қуруқ материал тўшалади. Ана шундай материал сомон ва ёғоч қириндиси (опилка) бўлиши мумкин. Полга олдиндан 0,5 кг ҳисобида 1 кв.м га пушонка оҳак сепиб чиқилади.
Жўжа боқиладиган хоналарнинг ҳар 100 бошга мўлжаллаб алоҳида катакларга ажратиб қўйилиши мақсадга мувофиқдир. Одатда жўжа тухумдан чиққанидан 16 соат ўтгач, озиқлана бошлайди. Уларга дастлаб қотириб қайнатилган тухум ва қатиқни маккажўхори ёки буғдой ёрмасига аралаштириб бериш керак. Учинчи кундан эътиборан жўжа озуқасига майдаланган беда ва сабзи қўшилади.
Ёш жўжалар турли ошқозон-ичак касалликларига чалинувчан бўлади. Бунинг олдини олиш учун сувдонлардаги сув 1 кунда икки марта алмаштирилади ва ҳафтада икки марта оч пуштиранг марганцовка эритмаси солиб турилади. Эритма 1 соатдан сўнг тўкиб ташланади, идиш эса тоза сув билан тўлдирилади. Биринчи, иккинчи ва учинчи кунлари жўжаларга 1 процентли глюкоза сув билан ичирилади.
Бир суткалик ёшда «Марек» касаллигига қарши эмланади. Жўжаларни пуллороз-тиф касаллигидан сақлаб қолиш учун учинчи-еттинчи кунлигида уч-беш кун давомида ҳар минг жўжага 5 грамм ҳисобида фурозолидон ёки 10 грамм левомицитин берилади. Беш кунлигидан эътиборан жўжаларга оқсилли емлар (творог, қатиқ, гўшт чиқитлари) ва бошқалар тарқатилади.
Жониворларни 10–12 кунлигида ўлат (ньюкасл) касаллигига қарши биринчи бор эмланади. Бунда «Ла Сота» ва «Н» вирус вакциналардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Паррандаларда ўлатга нисбатан чидамлилик хусусиятларини ҳосил қилиш учун турли усуллар қўлланилади. Вирус-вакциналарни бурун бўшлиғи орқали (интерназално) мушак ичига юбориш, сувга қўшиб ичириш ва аэрозол йўли билан амалга оширилади.
Баъзан паррандани сувга талабини ҳисобга олмаган ҳолда унга вирус-вакцина ичирилади. Оқибатда бу усул исталган иммунитетни бермайди. Бир ярим минг дозалик вирус-вакцина физиологик эритмада ёки қайнатилган сувда 1:150 нисбат билан суюлтирилган, томчилатгич (пипетка) ёрдамида икки томчидан бурун бўшлиғига юборилади. Анча серташвиш бўлса-да, бу усул паррандаларни ўлатдан сақлашнинг энг ишончли йўлидир.
«Н» вирус-вакцина асосан товуқларга қўлланилади. Бунда вирус-вакцина 1:100, 1:200 нисбатда суюлтирилиб, ҳар бир паррандага 1 миллилитр ҳисобидан унинг мушаги ичига юборилади. Бунда ўлатга нисбатан иммунитет 48 соатдан сўнг ҳосил бўлади ва 48 соатдан 72 соатгача давом этади. «Н» вакцина касаллик доимий учраб турадиган жойларда яхши самара беради.
Паррандалар ўлати профилактикасида иммунитет қувватини серологик назорат қилиш ҳам ғоят муҳим ҳисобланади. Бу усул осон ва ҳаммабоп бўлиб, у ҳар қайси паррандачилик фабрикасининг лабораториясида амалга оширилмоғи лозим. 15–20 кунлик жўжаларга коксидио-статик препаратлар берилади. Бунда 10 кг озуқага 10 гр дан кокцидиовит, сульфадемизин, химкокцид ва бошқа препаратлар аралаштирилади.
Аскаридоз ва гетерикдиоз касаллигининг профилактик чораси жўжалар икки ойлик бўлганда икки кун давомида пиперозин ёки фенотиазин препаратларини беришдан иборатдир. Юқоридаги тавсияларга тўла амал қилиш соғлом, юқори маҳсулотли товуқлар етиштириш кафолатидир.

Манба: agro.uz

Маълумот кўчирилса манба: http://tadbirkor-fermer.uz деб кўрсатилиши шарт.