ПАРРАНДАЛАР КАСАЛЛИКЛАРИ. НАФАС АЬЗОЛАРИ КАСАЛЛИКЛАРИ

Синусит, ринит, пнермоаэроцистит

Нафас тизимининг юқумсиз касалликлари (респиратор касалликлар) барча турдаги паррандачилик хўжаликларида ва асосан, ёш паррандалар орасида кенг тарқалган. Бурун йўллари ва бурун бўшлиқларининг яллиғланиши, асосан, тухумдан янги чиққан жўжаларда бронхлар, ўпка ва ҳаво халтасининг яллиғланишлари эса нисбатан каттароқ ёшдаги жўжаларда учрайди.
Сабаблари. Респиратор касалликлар билан, айниқса, 30-кун- ликкача бўлган жўжаларнинг касалланишига, асосан, ҳарорат- намлик режими бузилиши сабаб бўлади. Жўжахоналардаги ҳароратнинг меъёрига нисбатан 3—5˚C га пасайиши, елвизаклар, тўшамаларнинг намлиги, 5˚C дан паст ҳароратдаги сув билан суғориш ёки ёш жўжаларни ўта иссиқ хоналарда сақлаш, сояли айвонларнинг бўлмаслиги, хона ҳавосида аммиак гази ва микрофлора миқдорининг ортиб кетиши нафас аъзолари касалликларига сабаб бўлади.
Клиник белгилари. Нафас тизими аъзоларининг яллиғланиш белгиларининг пайдо бўлишидан анча олдин парранда организмининг совқотиш ёки иссиқлаб кетиш белгилари пайдо бўлади. Гипотермия пайтида бефарқлик, ҳолсизлик, қанотларнинг тушиши ва ҳурпайиши, қалтираш, жўжаларнинг бир жойга тўпланиши каби белгилар кузатилса, иссиқлаб кетиш (гиперемия)да нафаснинг тезлашиши, оғизни очиб нафас олиш, чанқоқлик, қалтираш, тана ҳароратининг кўтарилиши, ринит ва синуситларда зардобли, зардобли йирингли суюқлик оқиши, ларингит пайтида тамоқнинг шиши ва ҳиқилдоқ шиллиқ қавати гиперемияси кузатилади.
Бронхопневмония ва ҳаво халтачаларининг яллиғланиши (пневмоаэроцистит, аэросакулит) билан касалланган паррандаларда кучли ҳолсизланиш, иштаҳанинг йўқолиши, нафаснинг зўриқиши, хириллаш, бўйинни чўзиб ва оғизни очиб нафас олиш кузатилади. Тана ҳарорати касалликнинг бошида 1—1,5˚C га кўтарилиб, кейинчалик тушади ва субнормал ҳолатгача пасаяди.
Ташхиси. Анамнез маълумотлари, характерли клиник белгилари, паталогоанатомик ўзгаришлари эътиборга олинади. Нафас тизимининг касалликлари ўлат, юқумли бронхит, ларинготрахеит, микоплазмоз, пастереллиоз, аспиргиллоз касалликларидан фарқланади.
Даволаш. Касаллик сабаблари бартараф этилади ва касал паррандалар учун қулай сақлаш шароитлари яратилади. Витаминлар, сувда эрийдиган антибиотиклар ва сулфаниламидлар гуруҳ усулида, аэрозол ҳолида қўлланилади ёки бундай препаратлар сув ва озиқаларга аралаштирилган ҳолда берилади.

Маълумот кўчирилса манба: http://tadbirkor-fermer.uz деб ёзилсин.