ПАРРАНДАНИ ОЗИҚЛАНТИРИШ ТУРЛАРИ.


Қишлоқ хўжалик паррандалари озиқ танламайди. Уларга ҳар хил озиқ бериш мумкин: сутни қайта ишлаш комбинати, гўшт комбинати табиий чиқиндилари; мўйначилик хўжаликлари чиқиндисидан тайёрланадиган қийма; балиқ саноати табиий чиқиндилари; гўшт, гўшт ва суяк, балиқ, кит унлари; балиқ мойи, кит мойи; техникавий ёғ кабилар; деҳқончиликдан олинадиган озиқлардан маккажўхори дони, арпа, сули, буғдой, жавдар, нўхат ва уларнинг кепаклари, кўк ўт ёки беда уни, илдизмевалар, комбисилос ва шунга ўхшаш бошқа озиқлар. Паррандага фақат бир хил озиқ бериб боқиш натижа бермайди. Унинг талабини қондириб озиқлантириш учун бир неча хил озиқларни аралаштириб бериш мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки бунда бир хил озиқнинг таркибида бўлмаган ёки талабни қондириш учун етишмаган озиқ моддани иккинчи хил озиқни аралаштириш йўли билан тўлдирилади. Натижада озиқлантириш самараси ҳам юқори
бўлади.
Паррандани майдаланган аралаш ем билан озиқлантириш қониқарли натижа бермоқда. Бу хил усул бўйича
боқишда ем таркибига бир неча хил дон озиқлар, чорва маҳсулотларидан иборат озиқ компонентлари, кўк ўт,
игнабаргли ўсимликлар ҳамда беда унлари. порошок ҳолатига келтирилган минерал моддалар, микроэлементлар, витамин препаратлари, премикслар ва зарурат бўлса, анти биотиклар, биостимуляторлар киритилади. Айни хил қоришма таркибида парранданинг тана жисмига зарурий озиқ моддаларнинг
ҳаммаси мавжуд бўлади. Маълумки, ҳозирги саноат паррандачилигида, айниқса паррандани батарея
катакларида асраб боқишда майдаланган аралаш ем бериб озиқлантириш самарали натижалар бермоқда, яъни паррандаларга кам озиқ сарф қилиб кўп маҳсулот ишлаб чиқаришга эришилмоқда.
Масалан, «Тошкент» паррандачилик фабрикасида 1979-йилда ўртача ҳар 10 дона тухум олиш учун 2,4 озиқ бирлиги, 1 кг қўшимча вазн олишга 8,5 озиқ бирлиги сарф бўлган. «Бўстонлиқ» паррандачилик фабрикасида тегишлича 2,4; 8,3 озиқ бирлиги; айрим паррандачилик хўжаликларида 2,19; 8,3 озиқ бирлиги сарф бўлган. Бу фабрикалар тухум ишлаб чиқариш бўйича ихтисослашган. Шунинг учун қўшимча тирик вазн олишга қилинган сарф, гўшт ишлаб чиқариш бўйича ихтисослашган хўжаликларга қараганда юқори. Гўшт ишлаб чиқаришга ихтисослашган Янги йўл бройлер фабрикасида ҳар 10 дона тухум олишга 4,3 озиқ бирлиги, 1 кг қўшимча тирик вазн олишга эса 5,9 озиқ бирлиги сарф бўлган. Госплемзаводда эса бу кўрсаткичлар тегишли 3,5; 5,5 озиқ бирлиги атрофида.
Паррандани майдаланган аралаш ем билан боқиш усули уч турга бўлинади: қуруқ ем бериб боқиш, озиқни қориб бериш, комбинациялашган хилда боқиш.
Қуруқ ем бериб озиқлантириш. Бундай озиқлантириш учун майдаланган қуруқ ем ёки донадор омихта емдан фойдаланилади. Айрим ҳолда ем таркибига бутун ҳолдаги дон ҳам аралаштириб берилиши мумкин. Минерал моддалар, микроэлементлар олдин кукун ҳолатига келтирилиб, сўнгра емга аралаштириб юборилади. Витамин билан тўйинтириш учун эса қуруқ ва майда ҳолдаги витамин препаратлари қўшилади ёки витаминларга бой бўлган барра беда уни, ачитқилар қўлланилади. Шуни ҳам эътиборда тутиш керакки, витаминлар озиқ таркибига аралашган ҳолда узоқ сақланмайди. Улар тез кунда емирилади ва йўқ бўлади. Бунинг олдини олиш учун емга аралаштирилган витаминлар ўз вақтида емирилмайдиган турғун ҳолатга келтирилиб (стабиллаштирилиб) қўйилиши керак. Агар турғунлик ҳолатига келтириш
меъёри белгиланмаса, озиқни паррандага бериш олдидан аралаштирилиши лозим.
Гўшт комбинати чиқиндилари, балиқ чиқиндилари бериш мўлжалланса, ем мажмуйига киритишдан олдин қуритилади ва майдаланади; суяк, гўшт, гўшт ва суяк унлари бир текисда қилиб майдаланади, кейин емга аралаштирилиши мумкин.
Қорилган озиқ бериб боқиш. Майда ҳолдаги ем сув, обрат, сут зардоби, сигир сути, сук ёки гўшт шўрвасида, балиқ ёки гўшт қиймасида қорилади. Қорилган озиқ ғарғуша бўлиши, яъни уваланиб турадиган бўлиши керак. Бунинг учун суюқ аралашма 40% дан ортиқ олинмаслиги лозим. Акс ҳолда қоришма хамирга ўхшаб қолади. Уни паррандага берилганда уларнинг бурун парракларига ёпишади ва беркитиб қўяди. Натижада парранда нафас ололмай қийналади. Патларига ҳам ёпишади. Хамирга эса чанг, тўзон, ахлат ёпишади ва парранданинг пари-пати ифлосланади.
Қорилган ем билан боқишда паррандага едиришга мўлжалланган дон ундириб берилиши мумкин. Одатда,
кунлик озиқ меъёрининг 1/3 қисми ундирилган дон қилиб берилади. Ундирилган дон комбисилос билан алмаштириб ҳам берилади. Қиш ойларида ҳаво совуқ бўлса, ем қориш учун олинган суюқликни иситиш керак бўлади.Қорилган озиқ кўп қилинмайди. Унинг меъёри парранда 40–50 минут давомида озиқланишига мўлжаллаб тайёрланади.
Озиқ охурчаларида ем қолмаслиги керак. Агар, борди-ю, бироз ем қолгудай бўлса, уни дарҳол кириб тозалаб олиш лозим. Акс ҳолда қолган ем ачийди. Бундай озиқ паррранданинг озиқ ҳазм қилиш физиологиясига
салбий таъсир кўрсатади.
Комбинациялашган (уйғунлаштирилган) тур бўйича озиқлантириш. Ҳозирги даврда энг кўп қўлланиладиган
озиқлантириш усули бу, бир куннинг ўзида қуруқ омихта ем, бутун ҳолдаги дон, қорилган ем берилса,
кундузи қорилган аралаш ем, кечки озиқлантиришда бутун дон беришдан иборат. Доннинг 1/3 қисми ундириб берилса ҳам бўлади. Уйғунлаштирилган турда озиқлантиришнинг қулайлиги шундаки, паррандага бутун дон, ундирилган дон, қуруқ омихта ем, қорилган ем, сабзи, лавлаги, брюква каби илдизмевалар, полиз экинлари меваси, комбисилос, майдаланган ҳўл беда, ачитқилар, обрат, творог, сут зардоби, табиий балиқ, гўшт комбинати табиий чиқиндилари, гўшт қиймаси каби хилма-хил озиқ берилиши мумкин.
Маълумот кўчирилса манба: http://tadbirkor-fermer.uz деб кўрсатилиши шарт