Петрушка ва Салат барги экиш

  Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Нилуфар, Сахарная, Новас.    Картинки по запросу петрушка

Уруғ танлаш. Экиладиган петрушка уруғи тоза, юқори унувчан, касалликлардан ҳоли, бутун (синмаган), вазндор бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.

Ер тайёрлаш. Ер ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозаланади. 1 сотихга 150–200 кг (10 сотихга 1,5–2 тонна) чириган гўнг солинади.

Петрушка қисқа муддатда етилишини инобатга олиб гўнг солиш билан бирга 1 сотих майдонга 1 кг азотли, 1 кг фосфорли, 0,5 кг калийли ўғит солиш зарур. Ер 20–25 см чуқурликда юмшатилади, йирик кесаклар майдаланиб, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари (пол) олинади.

Экиш муддати ва схемаси. Эртаги ҳосил олиш учун петрушка уруғлари кузда ёки эрта баҳорда экилади. Уруғлар эрта баҳорда 15 февральдан 10 мартгача сепилади. Кузда сентябрьнинг иккинчи ярми–октябрда очиқ далага лентасимон усулда 2–3 қатор қилиб ёки сочма усулда экилади. Уруғ сарфи 1 сотихга 50–60 г. Уруғлар сепилгандан кейин хаскаш билан тупроққа аралаштирилади.

Парваришлаш. Майсалар униб чиққандан 10–12 кун ўтгач 1-марта, 2–3 ҳафта ўтгач 2-марта ягана қилинади. Бунда ўсимликлар ораси 3–5 см бўлиши лозим. Ўсимликни парваришлашга – ўташ, қатор ораларини юмшатиш, суғориш ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш ишлари киради.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Петрушка касалликларга анча чидамли салқинсевар ўсимлик ҳисобланади.

Ҳосилни йиғиштириш. Бўйи 15–20 см. га етган петрушка ўсимлиги эрта тонгда – кун нисбатан салқинлигида ўткир ўроқ билан ўриб олинади.

 Картинки по запросу салатные листья   Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Крупнокачанный ва Кўк-шох.

Уруғ танлаш. Экиладиган салат уруғи тоза, юқори унувчан, касалликлардан ҳоли, бутун бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади. Уруғлик экиш олдидан илиқ сувда 3–4 соат ивитиб қўйилади.

Ер тайёрлаш. Уруғ сепиладиган майдонлар ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан сифатли қилиб тозаланади. 1 сотих ерга 150–200 кг (10 сотихга 1,5–2 тонна) чириган гўнг солинади. Тупроқ 20–25 см чуқурликда юмшатилади. Йирик кесаклар майдаланиб, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари олинади.

Экиш муддати ва схемаси. Баргли ва бош ўрайдиган салатлар уруғи очиқ далага эрта баҳорда – февраль охири–март ойининг бошида ва кузда – сентябрьнинг иккинчи ярми–октябрда полларга ёки лентасимон усулида 2–3 қатор қилиб экилади. Ленталар ораси 45–60 см, лентадаги қаторлар ораси 15 см бўлади. Бир сотихга баргли салат уруғи 40–50 г, бошли салатники 30–40 г меъёрда экилади. Сепилгандан уруғлар хаскаш билан тупроққа аралаштирилади.

Парваришлаш. Ниҳоллар униб чиққандан 10–12 кун ўтгач 1-марта, 2–3 ҳафта ўтгач 2-марта ягана қилинади. Бунда барг салат тупларининг орасида 8–10 см, бошли салатда эса 12–15 см масофа қолдирилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Салат касалликларига анча чидамли салқинсевар ўсимлик ҳисобланади.

Ҳосилни йиғиштириш. Бошли салатнинг ҳосили 45–50 кундан кейин уларнинг етилишига қараб эрта тонгда, баргидан шудринг кўтарилгандан кейин бирин-кетин узиб олинади.