Президент Қарори ижроси: Балиқчиликни ривожлантиришда қандай имтиёзлар яратилди?

Соҳани ривожлантиришга “Ипотека-банк” АТИБ ҳам жалб этилган. Банк томонидан балиқчилик соҳасини ривожлантириш учун зарур бўлган замонавий технологияларни харид қилишга имтиёзли, яъни 5 йил муддатга имтиёзли кредитлар ажратилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 6 апрелдаги «Балиқчилик тармоғини жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар» тўғрисидаги қарори мамлакатимизда балиқчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳага инновацион ишланмаларни самарали жорий этиш учун хизмат қилади.

Халқаро пресс-клубнинг “Балиқчилик: етти хазинанинг бири ёхуд ислоҳотларнинг янги босқичи” мавзуидаги сессиясида мазкур қарор мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар муҳокама этилди. Ички бозорни сифатли ва арзон балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

«Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Руҳилла Қурбонов, вьетнамлик инвестор Гуен Ван Зао, балиқчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари раҳбарлари Ўзбекистонда балиқ ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, аҳолига қўшимча даромад ишлаш имконини беришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Бу ҳақда ЎзА ҳабар берди 

Бугунги кунда балиқ ва балиқ маҳсулотларига бўлган талаб ортиб бормоқда. Шу боис, мамлакатимизда балиқчиликка катта аҳамият қаратилмоқда. Балиқ етиштирувчи тадбиркорлар ҳам яхши даромад олмоқда.

Мамлакатимизда балиқ етиштиришнинг устуворлиги, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаган ҳолда, аҳолини балиқ таркибидаги юқори сифатли оқсиллар билан таъминлаш имконини беради. Таҳлилларга кўра, Ўзбекистон учун балиқни истеъмол қилишнинг минимал меъёр миқдори бир йилда бир киши учун 12 килограммни ташкил этади. Бу кўрсаткич дунё миқёсида 1 киши учун 16,6 килограммдир.

Президентимиз қарори билан балиқчилик хўжаликларига бир қатор имтиёзлар берилди.

“Балиқ ишлаб чиқарувчи” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилмоқда. Бундан мақсад балиқчилик хўжаликларини янада ривожлантириш, наслдор балиқ личинкалари етиштирувчи замонавий инкубацион цех фаолиятини ташкил этиш, балиқ чавоқларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, сув ҳавзаларини модернизация қилиш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, инновацион ва замонавий интенсив технологияларни кенг жорий қилиш, балиқларни қайта ишлаш ва балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, эҳтиёждан ортиғини экспортга йўналтириш каби чора-тадбирларни амалга оширишдир.

Қарорда “Балиқ ишлаб чиқарувчи” ЭИЗнинг фаолият кўрсатиш муддати кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил қилиши, бу давр мобайнида ҳудудда алоҳида солиқ, божхона ва валюта режимлари амал қилиши белгилаб қўйилган. Балиқчилик тармоғини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси балансида бўлган табиий сув ҳавзалари доимий равишда алоҳида фойдаланиш учун “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига берилмоқда. Соҳани ривожлантиришга “Ипотека-банк” АТИБ ҳам жалб этилган. Банк томонидан балиқчилик соҳасини ривожлантириш учун зарур бўлган замонавий технологияларни харид қилишга имтиёзли, яъни 5 йил муддатга имтиёзли кредитлар ажратилмоқда.

Бугун мамлакатимизда Россия, Венгрия, Вьетнам давлатлари билан балиқ чавоқларини ишлаб чиқариш ва янги кўлларда балиқ етиштириш бўйича йирик ҳамкорлик лойиҳалари амалга ошириб келинади. Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларининг тоғолди ҳудудларида форель, осетр каби турдаги балиқларни етиштириш бўйича яхши натижаларга эришилган.

Тошкент давлат аграр университети ректори Ботиржон Сулаймонов Президентимиз қарорида янги ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида балиқчилик соҳаси йўналишларида бакалаврларни тайёрлаш бўйича қабул квотасини камида икки баравар ошириш кўзда тутилганини қайд этди. Тошкент давлат аграр университетида 2018/2019 ўқув йилидан эътиборан “Балиқчилик” йўналиши бўйича камида 6 нафардан иборат магистратура курси ташкил этилмоқда. Шунингдек, Жиззах вилоятидаги Арнасой қишлоқ хўжалик ва транспорт, Тошкент вилоятидаги Қуйи Чирчиқ агро-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежларида балиқчилик бўйича кадрларни қайта ўқитиш курслари очилади.
Малумотлар isloxot.uz дан.