Президент келган қишлоқда томорқага муносабат ўзгарди

Президент келган қишлоқда томорқага муносабат ўзгарди

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йил 18-19 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Иштихон тумани “Ҳумо” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Хина қишлоғида бўлиб, аҳолининг томорқа имкониятидан нечоғли фойдаланаётгани билан танишди.

Ташрифдан кейин хиналикларда ерга меҳр, меҳнатга муносабат тубдан ўзгарди. Қишлоқ аҳлининг кўпчилиги томорқасини яшнатиб қўйишга ҳаракат қилмоқда ва давлатимиз раҳбарини кейинги сафар ўз ҳовлисига таклиф этмоқчи.

– Хонадонимизга Президентимиз келиб-кетганларидан кейин бу ҳақда телевизорда кўрсатгунча бутун қишлоғимиз аҳли мендан у кишининг фикрлари, муносабатини сўради, – дейди Тошқувват Ражабов. – Давлатимиз раҳбари “томорқадан самарали фойдаланиш керак, ердан йилнинг тўрт фаслида ҳам ҳосил олиш мумкин, бунинг учун деҳқончилик маданиятини оширишимиз зарур”, дедилар деб у кишининг фикрларини одамларга етказдим. Ҳақиқатдан ҳам, бизнинг еримиздек баракали, олтинга тенг тупроқ бошқа жойда йўқ-да. Ҳафсала қилиб, сидқидилдан меҳнат қилсак, шу ернинг ўзи бизни боқади. Қанча орзу-ҳавасимиз бўлса, томорқада ишлаб, даромад топиб кўришимиз мумкин. Ҳозир қишлоғимизда бекорчи одам қолмади, катта-ю кичик ўз томорқасида қандайдир юмуш билан банд. Ўзимнинг, фарзандларимнинг ҳовлисида ҳам мутахассисларнинг маслаҳатлари билан бир-икки сотихли иссиқхоналар ташкил қиляпмиз, мевали дарахт кўчатлари, сабзавот ва полиз экинлари экяпмиз. Умуман, бугун қишлоғимизда одамларнинг ҳаётга, ерга муносабати ўзгарди.

 

Хина қишлоғи аҳолиси тасарруфида 34,2 гектар томорқа ерлари мавжуд. Бу экин майдонларидан самарали фойдаланиш, иссиқхона қуриш, кўчат ва уруғ етказиб бериш, минерал ўғит билан таъминлаш, наслли чорва моллари, парранда, қуён боқиш ва бошқа юмушларда уларга тумандаги қишлоқ хўжалиги корхоналари, тижорат банклари, “Иштихон томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти ва бошқа ташкилотлар яқиндан ёрдам бермоқда.
4 (1).JPG
– Аҳоли бандлигини таъминлаш учун тижорат банклари томонидан тикув машинаси харид қилиш, узумчилик, паррандачилик, асаларичилик, кўчатчилик, иссиқхона қуриш, эчки, қуён, қўй, қорамол боқиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш учун энг кам иш ҳақининг 100 баробаригача миқдорда йиллик 7 фоиз ставкада 6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йилгача имтиёзли кредитлар ажратилмоқда, – дейди “Агробанк” АТБ туман филиали бошқарувчиси Шерзод Иброҳимов. – Жумладан, Хина қишлоғида томорқачиликни ривожлантириш учун ҳозиргача тижорат банклари томонидан 96 лойиҳа ҳужжатлари тайёрланди. Биргина бизнинг банкимиз чорвачилик, асаларичилик, мевали дарахтлар харид қилиш ва иссиқхоналар қуриш учун 66 та лойиҳани амалга ошираётир.
Мутахассислар ҳар бир хонадонга кириб, бир сотих майдонда иссиқхона қуриш харажати, уруғ экиш, парваришлаш, маҳсулот етиштириш, сотиш, даромад олиш жараёнлари ва икки маротаба ҳосил олиш билан қилинган харажат бутунлай қопланишини ҳисоблаб бермоқда. Натижада қишлоқдаги 184 хонадоннинг 170 тасида 1 сотихли ихчам иссиқхоналар ташкил этилди.
7.JPG
– Маҳалламиздаги 450 дан ортиқ оила тасарруфидаги жами томорқа ерлари 130 гектардан зиёд, – дейди «Ҳумо» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Камолиддин Шакаров. – Лекин яқин пайтларгача катта-катта томорқасида беда ва маккажўхори экиб, ернинг умрини беҳуда ўтказадиганлар кўпчилик эди. Бир нечта оила томорқасида иссиқхона ташкил этиб ёки сабзавот экиб, йилига икки-уч марта ҳосил олиб, даромадини кўргач, бошқаларда ҳам меҳнатга иштиёқ уйғонди. 6-8 сотих ери бўла туриб, четга иш излаб кетиш ёки ишсизман, деб ўтириш хато эканини одамларнинг ўзи англай бошлади. Ҳозир маҳалладаги хонадонларда иссиқхоналар кўпайди, тўқсонбости усулида экин экиш оммалашди. Айни пайтда 30 гектардан ортиқ томорқа ерларида тўқсонбости экинлари парваришланяпти. Хина қишлоғида эса иссиқхонаси бўлмаган хонадон йўқ ҳисоби.
Меҳриддин Тошниёзов оиласи Хинадаги энг илғор томорқачилардан. Улар 9 сотихли томорқасида йилига уч мартагача ҳосил олади. Уч йилдан буён эса ҳовлида ташкил этилган иккита иссиқхонада қишин-ёзин маҳсулот етиштириб, даромад қилади.
– Иссиқхонада биринчи экинга бодринг экиб, қатор орасида редиска, кўкат етиштирамиз, – дейди Меҳриддин Тошниёзов. – Бодринг ҳосили камайганда қатор ораларига помидор ва бошқа экинлар экамиз. Ҳовлида ҳам ер бўш турмайди. Ҳар йили ерни алмашлаб турли сабзавот экинлари парваришлаймиз. Бу йил 1,5 сотих майдондаги исмалоқдан 3 миллион сўмга яқин даромад олдик, 2 сотих саримсоқпиёздан эса 1,5 тоннадан ортиқ ҳосил кутяпмиз. Бундан ташқари, томорқамизда 100 тупдан ортиқ мевали дарахт бор, 11 туп узумнинг ўзидан йилига 3 тоннага яқин ҳосил оламиз. Шунингдек, чорва, парранда боқамиз. Ўзим фермер хўжалигида ишлайман, турмуш ўртоғим уй бекаси. Томорқа даромадидан 2013 йилда “Дамас” олгандик, ўтган йили “Нексия” харид қилдик. Асосий даромадимиз томорқадан. Худога шукр, рўзғоримиз бут, дастурхонимиз тўкин.
Шу қишлоқда яшовчи Жалолиддин Тоғаев 3 сотихлик томорқасида рўзғорга керакли сабзавот ва полиз экинлари экади. Лекин рўзғордан орттириб бозорга маҳсулот чиқара олмайди.
8.JPG
– Қўшниларимизнинг иссиқхонада маҳсулот етиштираётганини кўриб ҳавас қилганмиз, лекин ўзимиз иссиқхона ташкил этиш учун имконият топа олмаганмиз, – дейди Ж.Тоғаев. – Мана, энди маҳалла тавсияси ва суғурта ташкилотлари кафиллиги билан банклар томонидан иссиқхона учун кредит ажратилишини эшитиб, маҳаллага мурожаат қилдим. Бир сотихлик иссиқхона қуриш, экин экиш учун 7 миллион 300 минг сўм маблағ ажратилар экан. Бу имкониятдан фойдаланиб томорқада кичик иссиқхона қурсак, сарфланган пулни, албатта, қайтара оламиз.

 

Бугун Хина қишлоғида ҳамма ана шундай ўй-фикр, юксак мақсадлар билан ўз томорқасида меҳнат қилмоқда. Табиатдаги уйғониш, яшариш ва янгиланиш одамлар қалбига ҳам кўчган. Демак, яқин орада бу ўзгаришлар аҳоли турмушида ўз аксини топади, умид билан ерга қадалган уруғ мўл ва баракали ҳосил беради.
Манба: Agro.uz